Қирғизистон Олий маҳкамаси БМТ дан норози

Азимжон Асқаров Фото муаллифлик ҳуқуқи KLOOP.KG

Олий маҳкама халқаро ташкилотга даъват билан чиққан:

Этник ўзбек инсон ҳақлари фаоли ва журналист Азимжон Асқаров ишини сиёсийлаштирмасликни сўраган.

Айни иш юзасидан қирғиз маҳкамаларига босим ўтказмасликка чақирган.

65 ёшли Азимжон Асқаровнинг ўзи жорий пайтда умрбод қамоқ жазосини ўтамоқда.

Қирғизистоннинг Чуй вилоят суди ўтган ҳафта Азимжон Асқаровга нисбатан ҳукмни ўз кучида қолдиришга қарор қилган.

Азимжон Асқаров 2010 йил июнидаги этник зўравонликлар ва ўша воқеалар чоғида бир милиция ходимининг ўлимига алоқадорликда айбланади.

Ўтган олти йил давомида Қирғизистоннинг барча маҳкама инстанциялари Асқаровни айбдор, деб топган.

Фаолнинг ўзи эса, сўнгги қадар бегуноҳ эканлигини айтиб келади.

2016 йил апрель ойида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ҳам Азимжон Асқаров озод этилиши керак, деган қарорга келган.

Қисқача тарихча ўрнида

Бунинг ортидан, Қирғизистон Олий маҳкамаси унинг ишини қайта кўриб чиқиш учун Чуй вилоят маҳкамасига юборишга мажбур бўлганди.

Суд жараёни тўрт ой давом этган ва 24 январь куни ҳакамлар ҳукмни ўз кучида қолдиришга қарор қилишганди.

Бунинг ортидан, Бирлашган Миллатлар Инсон Ҳуқуқлари бўйича қўмитаси мавжуд ҳолатдан ташвиш билдириб чиққан.

Бу ҳукм халқаро ташкилотнинг фаол ноқонуний равишда ҳибсга олиниб, қийноққа тутилганига оид тўхтамига зид келишини айтган.

Олий комиссар эса, Чуй вилоят маҳкамаси қарори "Қирғизистон суд тизимида жуда катта камчиликлар бор эканини намойиш этди", деб баёнот берган.

Қирғизистон ҳукуматини Азимжон Асқаровга нисбатан сўнгги суд ҳукмини ўзгартиришга чақирганди.

Қарши жавоб

Қирғизистон Олий маҳкамаси бунга жавобан шу ҳафта душанба куни махсус баёнот билан чиққан.

"Ҳукм чиқариш чоғида Азимжон Асқаровнинг касбий фаолияти ва миллатига қаралмагани, суд жараёни қонун талабларига мос ўтказилгани"ни даъво қилган.

Сўнгги маҳкама ҳам адолатсиз ўтди, деган фикрлари учун Бирлашган Миллатлар Инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитасини танқидлар тиғига ҳам тутган.

Шу нуқтаи назардан, биз бу ишга сиёсий тус берилишига қаршимиз, деб айтган.

Фаолнинг ўзи эса, маҳкама жараёни ортиданоқ, ҳукмдан норозилик сифатида муддатсиз очлик амалиётига қўл урган.

Орадан олти кун ўтиб, кеча 31 январь куни маҳаллий фаоллар илтимоси билан Азимжон Асқаров ўз амалиётини тўхтатганига оид хабарлар олинган.

Қирғизистонлик ҳуқуқ фаоллари бу орада "Азимжон Асқаров ҳаётини сақлаб қолинг", деб номланувчи акцияга қўл уришга ҳам боришганди.

Жорий пайтда маҳкумнинг ҳимоячилари Чуй вилоят маҳкамаси ҳукми юзасидан Қирғизистон Олий судига шикоят аризаси билан чиқишга ҳозирлик кўришмоқда.

2010 йил июнида Ўш ва Жалолободда юз берган зўравонликларда жабрланганларнинг ҳам, жазоланганларнинг ҳам кўпчилиги ўзбеклар экани айтилади.

Воқеаларда юзлаб инсон ҳалок бўлган, ўн минглаб одамлар уйларини ташлаб чиқишган.

Ҳодисаларни ўрганган халқаро мустақил комиссия Ўшнинг ўзбек маҳаллаларида содир этилган зўравонликлар "маҳкамада исботини топгани тақдирда, инсониятга қарши жиноятларга тенглаштирилиши мумкин"лигини айтган.

Қирғиз парламенти халқаро комиссия хулосаларини рад этган.

Қирғиз ҳукумати зўравонликлардан кейинги маҳкамаларда ўзбекларнинг нишонга олинганини инкор этиб келади.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг