Ўзбек-Америка алоқалари: Аввал иқтисод

Фото муаллифлик ҳуқуқи ТВЦ

Президент Шавкат Мирзиёев АҚШ билан ўзаро муносабатларни "аввало, иқтисодиёт соҳасида мустаҳкамлашга қаратилган ҳамкорликнинг янги механизмларини ишлаб чиқиш" кераклигини айтган.

Бу ҳақда Ўзбекистон раҳбари чоршанба куни Америка - Ўзбекистон савдо палатаси раиси Кэролин Лэмм билан учрашув чоғида гапирган.

Мирзиёевга кўра, Ўзбекистон Қўшма Штатлар билан савдо-иқтисодий, инвестиция, технология, инновация ва таълим соҳаларида узоқ муддатли ҳамда кенг кўламли ҳамкорликни йўлга қўйишдан манфаатдор.

Расмий хабарда айтилишича, учрашув чоғида АҚШнинг "тўғридан-тўғри инвестициялари ва замонавий технологик ютуқлари асосида амалга ошириладиган истиқболли лойиҳалар" муҳокама этилган.

Аввалроқ Лэмм хоним Тошкентдаги Америка - Ўзбекистон савдо палатасининг йиғилишида иштирок этган.

Йиғилишда ўзбек томони АҚШ молия институтлари билан алоқаларни қайта тиклаш зарурати ҳақида гапирган.

Ташқи иқтисодий алоқалар вазири Элёр Ғаниев Ўзбекистон ҳануз Иқтисодий Ҳамкорлик ва Тараққиёт Ташкилотининг сармояларга хавф катта бўлган давлатлар рўйхатида қолаётгани бу борада муаммо яратаётганидан шикоят қилган.

"Бизни ҳозиргача 6-тоифага киритишади. Бу албатта тўсиқ", - деган Ғаниев.

Аммо унинг таъкидлашича, бу "биринчи навбатда Америка сармоялари йўлидаги тўсиқдир".

Ўзбек мулозими охирги 13 йилда Ўзбекистонда ялпи ички маҳсулот ўсиш ҳажми 8 фоизни ташкил этгани ва мустақиллик йилларида Ўзбекистон иқтисоди 5 баробарга ўсгани ҳақидаги одатий рақамларни келтирган.

Элёр Ғаниев АҚШлик сармоядорларни мамлакат бўйлаб ташкил этилаётган 4 та эркин иқтисодий ҳудудга сармоя киритишга чақирган.

"Уларда хорижлик сармоядорлар учун мислсиз шароитлар яратилмоқда. Қисқача айтганда, солиқ ҳам, бож тўлови ҳам нольга тенг", - деган ўзбек мулозими.

Ўзбек томонининг рақамларига кўра, Қўшма Штатлар Ўзбекистонга киритган умумий сармоялар миқдори 1 миллиард доллардан ошган.

Бу рақам 2015 йил сентябр ҳолатига Америка Қозоғистонга киритган тўғридан-тўғри сармоялар ҳажмидан 30 баробар (30 миллиард доллар-таҳр.) камдир.

АҚШ Ўзбекистонни эркин бозор иқтисоди амал қилаётган давлат сифатида тан олмаган.

Ислоҳотларга пул керак

Президент Мирзиёев ўз чиқишларида иқтисодиётда давлат улушини камайтириш ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ҳақида гапирган.

Таҳлилчиларга кўра, Мирзиёев ўзи эълон қилган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириши учун йирик хорижий сармояларни жалб этиши керак бўлади.

Ўтган ой ҳукуматнинг йил якунларига бағишланган йиғилишида Элёр Ғаниев дохил, хорижий сармоя учун маъсул вазирлар ва идоралар раҳбарларини танқид қилган.

"Сизлар Кореяга командировкага сарфлаган маблағларингизга иккита корхона қуриш мумкин эди", - деб айтган Мирзиёев мулозимлардан бирига.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Uzdaily.uz
Image caption Аввалроқ Мирзиёев АҚШ Давлат Котибининг сиёсий масалалар бўйича ўринбосари Томас Шэннон билан музокаралар ўтказган

Президент хорижий сармояларни жалб этиш учун Сенат раисининг янги ўринбосари лавозимини таъсис этган.

Ушбу лавозимга тайинланган сенатор Содиқ Сафоев ўтган йил декабрида Ўзбекистонда сармоя муҳити ёмонлигини тан олган.

Тошкентда хорижий сармояларга бағишланган анжуманда гапирган Сафоев хорижлик ишбилармонлар билан очиқ мулоқотга тайёр эканликларини айтган.

"Агар электр таъминоти яхши бўлмаса, биронта ҳам сармоядор Ўзбекистонга келиб, завод очмайди", -деб айтган анжуманда қатнашган европалик дипломатлардан бири.

Таҳлилчиларнинг айтишларича, пул валюта сиёсати эркинлаштирилмас ва коррупцияга қарши жиддий кураш бошланмас экан, хорижий сармоядорларни жалб қилиш қийин бўлади.

Ўзбекистон ҳукумати апрел ойида пул-валюта ислоҳотини ўтказишни режалаётганини айтган, аммо ҳозирга қадар бу борада аниқ ҳаракат режаси эълон қилинмаган.

Содиқ Сафоев Ўзбекистонда "сиёсий модернизация"га эҳтиёж борлигини ҳам тан олган.

Сиёсий алоқалар

Ўтган йил октябрида президент вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев Самарқандда АҚШ Давлат Котибининг сиёсий масалалар бўйича ўринбосари Томас Шэннон билан музокаралар олиб борганди.

Музокаралар чоғида икки томон жумладан, сиёсий алоқаларда ҳам "кўзга кўринарли натижалар"ни қўлга киритиш ниятида эканликларини тасдиқлашган.

Томас Шэнноннинг сафаридан кўп ўтмай, собиқ депутат ва сиёсий маҳкум Самандар Қўқонов қамоқдан озод этилганди.

АҚШ Давлат Департаменти 23 йилдан кўпроқ умрини қамоқда ўтказган фаолнинг озод қилиниши Ўзбекистон ҳукумати билан олиб борилган музокаралар натижаси эканини тасдиқлаган.

Аммо айни пайтда яна ўнлаб сиёсий фаоллар ва мустақил журналистлар қамоқхонада қолаётир.

Ўтган ой АҚШда жойлашган Журналистларни Ҳимоя Қилиш Қўмитаси Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевни қамоқдаги журналистларни озод этиш, матбуотга эркинлик бериш ва интернетга қўйилган чекловларни олиб ташлашга чақирган.

Президент Мирзиёев ҳозирга қадар мамлакатда туб сиёсий ислоҳотлар ўтказиш ҳақида гапирмаган.

Мамлакатда марҳум президент Ислом Каримов хотирасини абадийлаштириш ва унинг зиддиятли сиёсий меросини улуғлаш ҳаракатлари бошланган.

АҚШ Давлат Департаменти Ўзбекистонда Каримов даврида қарор топган сиёсий тузумни "инсон ҳақларини қўпол равишда поймол қилувчи репрессив ва шафқатсиз тузум" деб таърифлаб келган.

Америкалик дипломатлар инсон ҳақларининг бузилишини Ўзбекистон билан алоқаларнинг ривожланишига тўсқинлик қилаётган асосий омил сифатида кўрадилар.

АҚШ янги маъмуриятининг Ўзбекистон билан муносабатларда инсон ҳақларига қанчалик эътибор қаратиши номаълум.

Тошкентдаги дипломатик манбаълардан бирининг айтишича, Доналд Трампнинг президентликка сайланиши ўзбек дипломатлари учун "яхши янгилик" бўлган.

Ўтмишда Жорж Бушнинг республикачи маъмурияти Ўзбекистонни террорга қарши урушда муҳим иттифоқчи сифатида танлагани учун танқид қилинган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook - BBC UZBEK

Google+BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - uzbekbbclondon

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг