Қашқадарё: 'Электр ва газ таъминоти яхшиланмоқда'

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди
Қашқадарё қишлоқларидан бири

Қашқадарё вилоятининг айрим туманларида электр таъминотида узилишлар кескин камайгани ҳақида хабар қилинмоқда.

"Ҳозир бир ҳафталардан буён свет узлуксиз дея олмайману, лекин деярли узлуксиз бериб турибди-да. 2 соат 3 соат ўчяпти, олдинлари 12-14 соатлаб ўчган", дейди Би-би-сига гапирган шаҳрисабзликлар бири.

Суҳбатдошимиз вазият қўшни Китоб туманида ҳам ижобий томонга ўзгаргани ҳақида айтади.

"Бирга ишлайдиган китоблик ҳамкасбларимиз ҳам: "Бизда ҳам свет зўр ёняпти", дейишяпти".

Айтилишича, ижобий ўзгаришлар нафақат электр, балки газ таъминотида ҳам кузатилмоқда. Шаҳрисабз шаҳрида фаолият қилувчи тадбиркорнинг айтишича, "шаҳарда оқар газ қарийб узлуксиз берилмоқда".

Қишлоқларда эса газ баллонлар етказилмоқда. Суҳбатдошимиз буни тасдиқлади.

"Истеъмолга етарли миқдорда олиб келиняпти, 20 кунларда алмаштириб кетиляпти... арзон... саккиз минг сўм", дейди у.

Президент фармонлари ижросими бу?

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг расман сайланганига икки ойдан ортиқроқ вақт ўтди. Аммо у мамлакатни сентяр ойидан бери бошқариб келади.

Ўшандан бери Мирзиёев қатор вилоятларга сафар қилди, кўплаб қарорлар олди ва фармонлар имзолади. Виртуал қабулхона жадал ишлаётгани ҳақида хабарлар берилди. Энди бу қарору фармонлар ижроси амалда сезиладими?

Суҳбатдошимиз ҳукумат вакилларидан иборат гуруҳ ҳамда халқ депутатлари оддий одамлар билан мулоқотлар олиб бораётгани ва улар аҳоли эҳтиёжларини ўрганишганидан кейин вазият ўзгарганини айтади.

"Ёмон эмас, ўзгаришлар сезиляпти... Банк вакиллари кредитлар таклиф қилишяпти... Шароитлари оғирларга уйлар айтилганди... қизиққан киши пул тўлаб уйга эга бўляпти, бунга таниш-билишчилик, порахўрлик ё ёқ бу ёқ аралашгани йўқ..." дейди у.

"Эшитма гапларимиз, ҳозир депутатлар учрашувлар қилишяпти экан, камчиликлар ҳақида сўралганда, электр энергия айтилган экан..."

"Бизда ўзгариш бўлгани йўқ"

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди
Баҳодир Элибоевнинг айтишича, у яшаётган минтақада электр ва газ таъминоти ҳамон муаммо бўлиб қолмоқда

"Тўғри, жуда кўп қарорлар олинди, ўзим шахсан гувоҳи бўлганим - қишлоқ врачлик пунктлари аввал соат 4 гача ишлашган бўлса, ҳозир соат 10 гача ишлашмоқда. Бу битта ўзгариш... Бошқа қарорлар, мана ҳозир халқ орасида шов-шув бўлгани - нафақахўрларнинг пулларини нақд пулда тўлаш, лекин ҳали Риштон туманида нақд пулда нафақа олганини эшитганим йўқ... Лой кўчалар, болалар мактабга лой кечиб ўтишяпти... ҳомиладор аёллар, ёши катталар бор, ёши 70-80га борганлар қандай юради? Бу томонларни ҳисобга олиш керак", дейди фарғоналик фаол Баҳодир Элибоев.

Баҳодир Элибоевнинг айтишича, у яшаётган минтақада электр ва газ таъминоти ҳамон муаммо бўлиб қолмоқда.

"Табиий газ етказиб берилмайди, суюлтирилган газ эса, 2-3 ойда бир баллон тўлдириб берилади... Балки, Қашқадарёда депутатлар юраётгандир, аммо ҳозирча бизда депутатлар айланиб юргани йўқ..." дейди фарғоналик фаол Баҳодир Элибоев.

Ўзбекистондаги ижтимоий вазиятдаги сўнгги ўзгаришларга сабаби аввал Шавкат Мирзиёев, кейинроқ эса деярли барча ҳукумат органларида очилган "виртуал қабулхоналар" экани айтилади.

Оммавий-ахборот воситаларида ҳам электр ва газ таъминоти билан боғлиқ муаммолар кўпроқ кўтарилаётганини сезиш мумкин.

Аммо вилоятларда бу каби муаммоларни кўтараётган ўзбекистонликлардан ҳамма мулозимлар ҳам мамнун эмас кўринади.

Мустақил журналист Тошпўлат Раҳматуллаев она шаҳри Самарқандда чироқ муаммосини ёзганидан сўнг шаҳар прокуратурасидан унга қўнғироқ бўлган.

Бу ҳақда журналист ўзининг шахсий блоги - rtoshpulat.blogspot.co.uk да ёзган.

Самарқанд шаҳар прокуратурасидан қўнғироқ қилган ёш ходим журналист муаммони кўтаргани учун идорага келиши ва суҳбатдан ўтиши кераклигини айтган.

Журналистнинг уйига чақирув қоғози юборилмаган.

"Суҳбатлашиш учун келасиз. Ахир сиз чироқ йўқ, дея шикоят қилган экансиз-ку. Масалани ўрганиш бўйича Тошкентдан топшириқ бўлди", - дея прокуратура ходимининг сўзларини келтиради Тошпўлат Раҳматуллаев.

Журналист ҳеч кимга шикоят қилмагани, аксинча, шаҳарда юз минглаб одамни ташвишга солаётган электр таъминоти билан боғлиқ муаммони кўтарганини айтган.

Журналистнинг айни масалада битган мақоласи ижтимоий тармоқларда қизғин муҳокама этилган.

Мутахассисларга кўра, Ўзбекистон минтақада электр ва газ таққиллиги муаммоси билан рўпара келаётган ягона мамлакатга айланган.

Шу ой қўшни Тожикистон ҳам мамлакат бўйлаб ҳам электр чекловлари бутунлай бекор қилган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook - BBC UZBEK

Google+BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - uzbekbbclondon

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга кирингБи-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

Алоқадор мавзулар