Мирзиёев ўзининг ҳам айби борлигини тан олди

Фото муаллифлик ҳуқуқи UzA

Мамлакат соғлиқни сақлаш тизимини кескин танқид қилган Президент Шавкат Мирзиёев юзага келган вазиятда ўзининг ҳам айби борлигини тан олган.

7 феврал куни ўтган йиғилишда Президент Соғлиқни сақлаш вазири Адҳам Икромов ва бошқа раҳбарлардан туғруқхоналардаги порахўрликка чек қўйишни талаб қилган.

"Энг катта порахўрлик туғуруқхоналарда. Буни йиғиштириш керак. Мен огоҳлантирмоқдаман: бир ойдан кейин жуда катта тизим ишлайди, айнан туғуруқхоналар ва барча тиббий муассасалар бўйича. Мен бугун сизларни огоҳлантирмоқдаман. Ҳеч ким ҳеч кимни ҳимоя қилмайди Адҳам Илҳомович. Бу порахўрликни тугатиш шарт. Туғуруқхоналарда бу муҳитни йўқ қилмасак, улар порахўрликни ҳаёт нормаси деб қабул қила бошлашди. Албатта, туғдирганга пул бериш керак... Қаерда бу ёзилган? Ҳеч қаерда ёзилмаган... Ҳамма норози", - дея Президент Мирзиёевнинг сўзларидан иқтибос келтирган kun.uz нашри.

Мирзиёев, гарчи номини тилга олмаган бўлса-да, шўро даврида айни тизимни яхшилаш йўлида қилган хизматлари учун марҳум Шароф Рашидовдан қолган меросни мақтаган ва Ислом Каримов давлатни бошқарган "охирги 20 йилда" соғлиқни сақлаш тизимида ҳеч қандай иш қилинмаганини айтиб, бунда ўзининг ҳам "айби бор"лигини тан олган.

"Собиқ раҳбарлар йўқ жойда янги ТошМИ қуришди. Олдинги раҳбарлардан янги ТошМИлар қолган. Ҳозиргилардан нима қолди 20 йилда? Кечирасизлар-ку, фақат ғўддайиш. Нима учун мен бу сўзларни айтмоқдаман. Бир-бирини ҳимоя қилишни бас қилиш керак. Алимов Соғлиқни сақлаш вазири бўлганда, биз вазирликни бутунлай ўлдирдик. Бу менинг ҳам айбим", - деган Президент.

Бу Мирзиёевнинг Президент этиб сайланганидан кейин соҳа мутасаддилари билан ўтказган иккинчи йиғилишидир.

Бундан аввалги йиғилишларда ҳам Президент ўзи охирги 13 йил давомида бошқарган ҳукумат мулозимларини ўзлари раҳбар бўлган соҳалардаги камчиликлар ва коррупция учун кескин танқид қилган эди.

Аммо у юзага келган вазиятда ўзининг ҳам масъулияти борлигини биринчи марта эътироф этиши.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber да: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.