Хориждаги шифокорлар Ўзбекистонга қайтармикан?

Фото муаллифлик ҳуқуқи John Rae/theglobalfund
Image caption Вазирнинг айтишича, хорижда ишлаётган шифокорларни рағбатлантириш учун турли имтиёзлар ишлаб чиқилади

Ўзбекистон президентининг кўрсатмасига биноан Соғлиқни сақлаш вазирлиги хорижда ишлаётган шифокорларни ватанга қайтариш масаласи устида ишлаяпти. Бу ҳақида Соғлиқни сақлаш вазири Адҳам Икромовнинг журналистлар билан учрашувида қатнашган газета.уз сайти хабар тарқатди.

Вазирнинг айтишича, хусусан Норвегия, Дания, Қувайт ва Россияда кардиохирургия, нейрохирургия, ортопедия, травматология ва жигар хирургияси йўналишлари бўйича ишлаётган ўзбекистонлик врачлар билан мулоқот ўрнатилган.

Уларнинг 10−15 нафари бир йил ичида Ўзбекистонга қайтишга рози бўлишган.

Мустақиллик йилларида ўзбекистонлик кўплаб тиббиёт ходимлари хорижий мамлакатларга чиқиб кетганлар. Хусусан Яманда юзлаб ўзбекистонлик врачлар ва ҳамширалар ишлайдилар.

Яманда давом этаётган жанглар туфайли у ерга ўзбек мутахассислари оқими камайган, аммо тўхтамаган.

Ўзбекистон соғлиқни сақлаш соҳасидаги ислоҳотлар оқсаши туфайли кўплаб беморлар Қозоғистон, Россия, Туркия, Ҳиндистон ва Германия каби давлатларга муолажа учун чиқадилар.

Вазирнинг айтишича, хорижда ишлаётган шифокорларни рағбатлантириш учун турли имтиёзлар, жумладан квартира ва яхши маош билан таъминлаш кўзда тутилади. Лекин бу имтиёзлар фақат олий малакали шифокорларга берилади.

Вазирлик айни дамда Таълим вазирлиги билан ҳамкорликда чет мамлакатларда таълим олган лекин Ўзбекистонда ишлашни истаган битирувчиларни қулайроқ иш шароитлари билан таъминлаш масаласини муҳокама қилаётгани айтилади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber да: +44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг

Алоқадор мавзулар