Ўзбекистон: уч полковник ишдан олинган

Шавкат Мирзиёев Фото муаллифлик ҳуқуқи UPL.UZ

Тошкентдан олинган хабарларга кўра, президент Шавкат Мирзиёев ИИВ Транспортдаги, Андижон ва Тошкент вилояти Ички ишлар бошқармалари бошлиқларини бирваракайига ўз вазифасидан четлатган.

Уларни ишдан олишга оид қарор Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида кеча - 9 февраль куни бўлиб ўтган хос йиғин чоғида янграган.

Аён бўлишича, ҳар учовлон ҳам "ўз иш фаолиятлари давомида жиддий хато ва нуқсонларга йўл қўйган", деб топилишган.

Бу ҳақда "Кун.уз" ўз манбасига таяниб хабар бермоқда.

Аммо ҳозирча имконли бўлган хабарларда сўз айнан қандай "хато ва нуқсонлар" ҳақида бораётгани тафсилотлари очиқланмаган.

Рамзиддин Ғаффоров, Дилшод Бобожонов ва Азиз Бобохўжаевларнинг кейинги тақдирлари ва ўринларига ким тайинланганига оид маълумотлар ҳам шу соатларда имконли эмас.

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида пойтахт Тошкентда бўлиб ўтган йиғиннинг ўзи эса, ички ишлар органлари фаолияти, тизимда мавжуд муаммо ва камчиликлар, истиқболдаги вазифалар таҳлилига бағишланган бўлган.

Танқидий чиқиш

Фото муаллифлик ҳуқуқи COURTESY

Агар, хабарларга таянилса, президент Шавкат Мирзиёевнинг чиқиши аниқ рақамларга таянган ва анчайин танқидий оҳангда бўлган.

Ўзбекистон раҳбари келтириб ўтган маълумотларга таянилса, биргина ўтган йилнинг ўзида "966 нафар ходим салбий сабабларга кўра, Ички ишлар идораларидан бўшатилган".

"Уларнинг аксарияти эса, порахўрлик, мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш, мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш каби жиноятларни содир этишган".

"Бундай ҳолатларда аҳоли орасида ички ишлар ходимининг обрўсини қандай қилиб ошириш мумкин? Қонун ҳимоячиларининг ўзи жиноят содир этса, оддий одам дардини кимга айтиши керак?", - дея хитоб қилган Ўзбекистон президенти.

Ўзбекистон раҳбари, ўз ўрнида, ички ишлар идоралари томонидан содир этилган жиноятларни очиш борасида ҳам қатор камчиликлар мавжудлигини таъкидлаган.

Хусусан, ўғирлик ва фирибгарлик билан боғлиқ жиноятларнинг ҳар бештадан биттаси фош этилмаганини айтган.

Жиноят-қидирув фаолиятида ҳам жиддий нуқсонлар учраётганини урғулаган.

Бундан ташқари, чет элга иш қидириб кетган фуқароларни аниқлаш ва ортга қайтариш ишлари ҳам талаб даражасида эмаслигига ҳам эътибор қаратган.

Президент Шавкат Мирзиёев худди шу каби танқидий сўзлари манзарасида ҳафтанинг ҳар пайшанба кунини "Жиноятчиликнинг олдини олиш ва профилактика куни", деб эълон қилишни таклиф этган.

Аён бўлишича, бу кунда ҳудудлар прокурорлари ва ички ишлар бошқармалари бошлиқлари маҳаллий телеканаллар орқали чиқишлар қилишлари, содир этилган жиноятлар, уларнинг келиб чиқиш сабаблари, олдини олиш бўйича тадбирлар ва профилактикаси ҳақида ахборот беришлари лозим бўлади.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ўзи эса, Тошкентдаги йиғин ортидан, бугун - 10 февраль куни жанубий Сурхондарё вилоятига жўнаб кетган.

Ўзбекистон ва милиция

Фото муаллифлик ҳуқуқи COURTESY

Ўзбекистон собиқ Шўро Республикалари орасида "Милиция тўғрисида"ги қонунни қабул қилган энг сўнгги давлат бўлган.

Ҳали муваққат президент экан, Шавкат Мирзиёев ўтган йил 16 сентябрь куни "Ички ишлар органлари тўғрисида"ги қонунни имзолаган.

Қонун лойиҳаси 12 августда Олий Мажлис қонунчилик палатасида, 24 августда Сенат томонидан маъқулланган эди.

Аммо, таъкидлаш жоиз, "Ички ишлар органлари тўғрисида"ги қонун Президент томонидан тасдиқланганидан 6 ой ўтиб, кучга кириши айтилган.

Қонун лойиҳаси 2016 бошида президент Каримов ҳуқуқ-тартибот идоралари фаолиятини қаттиқ танқид қилиши ортидан Вазирлар Маҳкамаси томонидан тайёрланган ва парламентнинг қуйи палатаси-Олий Мажлисга тақдим этилганди.

Қонун ички ишлар органларининг тизим ва тузилмаси, уларнинг ваколат ҳамда мажбуриятлари, ходимларга талаблар, шунингдек, ички ишлар ходимларининг ҳуқуқий ва ижтимоий ҳимоясини аниқ белгилаб бериши билдирилган.

Бунга қадар Ўзбекистон милицияси 1990 йилда қабул қилинган Низом асосида ишлаб келаётганди.

Ҳуқуқ ҳимоячилари мамлакатда инсон ҳақлари энг кўп милиция томонидан поймол этилишини айтиб, йиллар давомида уларнинг ваколат ва мажбуриятларини аниқ белгилаб берувчи махсус қонунни қабул қилишга чақириб келганлар.

Фаолларга кўра, ички ишлар органлари ҳақидаги қонуннинг йўқлиги хизмат ваколатларини суистеъмол қилган ва қийноқ қўллаган ходимларни маҳкамага тортишни қийинлаштириб келган.

2013 йилнинг 25 декабрида Ўзбекистонда қийноқларни тақиқловчи "Тезкор қидирув фаолияти тўғрисида"ги қонун кучга кирган, аммо кузатувчиларга кўра, ўтган вақт мобайнида қийноқлар камайгани кузатилмайди.

Маҳаллий инсон ҳақлари фаолларининг айтишларича, ички ишлар органлари тўғрисидаги қонуннинг кучга кириши ҳам амалиётда қонун устиворлигини қанчалик таъминлаши савол остида.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber да: +44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook- BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - bbcuzbekradio
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг