Каримов хотирасига: грантдан тортиб, мукофотгача

Ўзбекистон раҳбарияти Фото муаллифлик ҳуқуқи Internet

Агар, Ўзбекистонда ўтказилган янги экспресс-сўров натижасига таянилса, мамлакат аҳолисининг 90 фоиздан ортиқроғи марҳум президент Ислом Каримов хотираси абадийлаштирилиши керак, деган фикрда.

Яъни, шунча фоиз ўзбекистонлик бу борада Ўзбекистон янги президенти Шавкат Мирзиёевнинг бу борадаги ташаббусини тўлиқ қўллаб-қувватлашлари ва унга қўшилишларини айтишган.

Ўзларидан ҳам бу хусусдаги таклифлари сўралганида, билдирилган фикрлардан айримлари ўзига хослиги билан ҳам ажралиб турган.

Айрим сўров иштирокчиларининг наздларида, Ўзбекистоннинг ҳар бир шаҳридаги битта кўчага марҳум Ислом Каримовнинг номи берилиши керак.

Учдан бир қисм ўзбекистонликка кўра, хотирасини абадийлаштириш учун энг яхши тадбиркор ва фермерлар учун Ўзбекистон Биринчи президенти номида махсус грант таъсис этилиши лозим.

Ўзбекистон марҳум президентининг спортни ривожлантиришдаги хизматларини алоҳида эътироф этган яна бошқа бирларининг айтишларича, спортда эришган ютуқлари учун ёш авлодга уч босқичли Ислом Каримов номидаги махсус мукофот берилишини йўлга қўйиш керак.

Уларнинг наздларида, бу иш ёшларни янада кўпроқ спортга жалб этишга кўмак беради.

Бу масалада Ўзбекистон марҳум президентининг шахсан ўзи ташаббускори бўлган "Шарқ тароналари" халқаро йиллик мусиқа фестивали ҳам экспресс-сўров қатнашчиларининг эътиборидан четда қолмаган.

Уларнинг орасида мазкур фестивал иштирокчиларини ҳам назарда тутиб, Ислом Каримов номидаги махсус мукофот таъсис этилиши лозим, деганлари ҳам топилган.

Айрим ўзбекистонликлар наздларида эса, марҳум президент ҳаёти ва фаолиятини ўрганиш учун мамлакат ўқув даргоҳларида махсус фан ўқитилиши керак.

Фото муаллифлик ҳуқуқи UZA

Расмий қарор

Ўлими ортидан, Ислом Каримовни отаси каби улуғлашини айтган Ўзбекистоннинг янги президенти Шавкат Мирзиёев унинг номини абадийлаштириш борасида қарор берган.

Марҳум президент таваллуд куни арафасида Ўзбекистон пойтахтидаги Тошкент халқаро аэропорти дохил мамлакат бўйлаб бир неча иншоотлар, кўчалар, жумладан, Асакадаги автомобил заводи ҳам энди Ислом Каримов номи билан аталиши маълум бўлган.

Орада Ислом Каримов хотирасига пойтахт Тошкент, Самарқанд ва Қаршида ҳайкал ўрнатилиши ҳақида айтилди.

Мустақил Ўзбекистон биринчи президенти таваллуд куни - 30 январни кенг нишонлаш ва вафоти санаси - 2 сентябрни Хотира куни сифатида ёд этишга қарор қилинди.

Ислом Каримов ўлимидан 10 кунча ўтиб, Тошкентнинг Фарғона йўли ёқасида бир йил аввал ёниб кетиб, сўнг қайта қурилган қадимий "Жўрабек" масжиди "Ислом ота", дея ўзгартирилди.

Унинг кенжа қизи Лола "масжидни қайта тиклашдек савобли ишни бажариш бахтини ўзи ва турмуш ўртоғига насиб айлагани учун меҳрибон Парвардигорга беадад шукроналар ва ҳамду-санолар" айтиши ортидан, намозгоҳга кенг жамоатчилик таклифига биноан "Ислом ота" жомеъ масжиди номи берилганини эълон қилиб чиқди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи LOLA KARIMOVA-TILLAEVA

Орадан бир неча ҳафта ўтиб эса, Лола Каримова-Тиллаева марҳум отаси номига онаси билан бирга жамоатчилик хайрия жамғармасига асос солишганини ҳам маълум қилди.

Биринчи Президентнинг ўлими эълон қилингани ҳамоноқ ижтимоий тармоқлар Ислом Каримов номини абадийлаштириш таклифлари билан тўлиб тошган.

Аммо чорак асрлик бошқаруви "авторитар" эканликда танқид қилиб келинган марҳум президент Ислом Каримов хотирасини абадийлаштиришга қаратилган бу каби саъй-ҳаракатлар, айниқса, турли ижтимоий мулоқот тармоқларида ўзбекистонликлар томонидан бир хилда қарши олинмаган. Қарама-қарши муносабатларга сабаб бўлган.

"Ижтимоий фикр" омма фикрини ўрганиш марказининг экспресс-сўрови уч кун давом этган.

Сўров жараёнида турфа жинс, ёш, миллат ва ижтимоий келиб чиқишда бўлган пойтахт аҳолисининг фикри ўрганилган.

Аммо хабарларда сўров иштирокчиларининг аниқ сонлари ҳақидаги маълумот берилмаган.

Президент Ислом Каримов 78 ёшда экан, ўтган йил сентябрь ойида "миясига қон қуйилиши" оқибатида ҳаётдан кўз юмганди.

Алоҳида таъкидлаш жоиз, бунгача Ўзбекистонда марҳум президент Ислом Каримов номида бирор бир нарса бўлмаган.

Қолган аксарият минтақа давлатлари лидерлари билан солиштирганда, бу масалада президент Каримов ўзининг камтарлиги билан алоҳида ажралиб турган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber да: +44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook- BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - bbcuzbekradio
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг