Шавкат Мирзиёев: Ислом ва Каримов ўртасида

Фото муаллифлик ҳуқуқи UzTV

29 январь куни Ўзбекистон телевидениеси марҳум президент Ислом Каримов ҳақидаги ҳужжатли фильмни намойиш этди. Фильмда биринчи марта 1991 йил декабрида Каримовнинг Наманганда ҳокимият биносини эгаллаб олган Тоҳир Йўлдош бошчилигидаги намойишчилар билан учрашуви акс этган кадрлар ҳам ўрин олган эди. "Оллоҳу Акбар" деб ҳайқираётган оломон қуршовида турган Каримов намойишчиларнинг Ўзбекистонни Ислом давлати деб эълон қилиш ҳақидаги талабларини парламент кун тартибига қўйишга ваъда беради.

Гарчи фильмда у мағрур оҳангда "ўзбек исломчиларининг раҳбари" деб кўрилган Тоҳир Йўлдош қўлидан "микрофонни тортиб олгани"ни айтса-да, аслида бунинг акси бўлгани ҳақида гувоҳлик берадиган шоҳидлар кўп. Интернетга жойлаштирилган видеони тўлалигича кўрган томошабин сиёсий Ислом билан биринчи марта юзма-юз келган Ислом Каримовнинг кўзларидаги саросимани ҳам сезиши қийин эмас.

Ушбу сатрлар муаллифи исломий ғалаёндан кўп ўтмай, Тоҳир Йўлдош билан учрашган ва 23 ёшли "Наманган амири" Каримовнинг "Ислом давлати барпо этиш" ҳақидаги ваъдасига чин дилдан ишонганига амин бўлган эди. Ўша пайт Наманган шаҳар ижроия қўмитаси биносига яшил рангдаги байроқни илиб қўйган Тоҳир Йўлдошнинг маслакдошлари бино ичкарисидан бутун жиҳозларни чиқариб ташлашган, ўрнига кўрпалар тўшаб олишган, айни пайтда бу бинони ҳам, ўзлари тортиб олган ҳокимиятни ҳам нима қилишни билмас эдилар. Лекин Каримов нима қилмоқчи эканлигини жуда яхши биларди. Орадан 2 ойдан кўпроқ вақт ўтиб, намойишчиларнинг деярли барчаси ҳибсга олинади, Тоҳир Йўлдош эса Тожикистонга қочади.

Каримов Намангандаги учрашувни бир умр эслаб қолгани унинг фильмдаги, англашилгани, умрининг охирги йилларида берган интервьюсидан ҳам маълум бўлади. Бу исломий намойиш кўп жиҳатдан Каримовнинг ички ва ташқи сиёсати йўналишини белгилаб берган, марҳум президентнинг кейинги йилларда Исломга нисбатан шаклланган муросасиз ва тоқатсиз, ҳатто мухолифлар назарида душманона муносабатида чуқур из қолдирган ҳодиса бўлган эди.

Бир вақтнинг ўзида давлат телевидениеси Президент Шавкат Мирзиёевнинг Қорақалпоғистонга ташрифи чоғида масжидни зиёрат қилгани ва масжид аҳли, оддий мусулмонлар билан дуо-фотиҳага қўл очиб тургани акс этган кадрларни ҳам намойиш этди. Бу кадрларда "Оллоҳу Акбар" деб қичқираётган оломон ҳам, Президентнинг ҳокимиятига таҳдид деб кўрилиши мумкин бўлган сиёсий Ислом ҳам йўқ. Зотан, Ислом аллақачон сиёсий саҳнадан четлатилган, мусулмонлар Ўзбекистондаги куч тизимларининг мунтазам босими остида.

Давлат талқинидаги расмий Исломни савол остига олган минглаб мусулмонлар жамиятдан ихоталанган-қамоқларга ташланган ва уларнинг яқин орада озодликка чиқарилишига бирон-бир ишора йўқ. Президент Мирзиёев ҳозирга қадар бошқа сиёсий эркинликлар қатори диний эркинликлар борасидаги сиёсатини ҳам очиқлагани йўқ, аммо у ҳокимиятга келганидан буён ўтган қисқа вақт ичида иккита масжиднинг тамали қўйилгани ва ҳаж квотасининг оширилгани мамлакат мусулмонларида бу борадаги репрессив сиёсатнинг юмшаши ва қамоқдаги диний эътиқод тутқунларининг озод этилишига умидларни уйғотган.

Бундай умид нафақат оддий мусулмонлар, ҳатто масжидларда марҳум президентнинг сиёсатини ўтказиб келган диний идорада ҳам мавжуд.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Courtesy
Image caption Тоҳир Йўлдош ва Ислом Каримов. 1991 йил, декабрь.

Аввалроқ Ўзбекистон мусулмонлари диний идораси раисининг ўринбосари, Шайх Абдулазиз Мансур Би-би-си билан суҳбатда ҳукуматга мусулмонларга кўпроқ диний эркинликлар бериш ҳақидаги таклифлар билан мурожаат қилишгани, жумладан, масжидларда азон овозини овоз кучайтиргичлар орқали эшиттиришга рухсат бериш ҳамда хотин-қизларнинг рўмол ўраб юришларига қўйилган чекловни олиб ташлашни сўрашганини айтганди.

Мамлакатдаги расмий Исломни намоён қилувчи идора уламосининг Би-би-сига айтишича, ҳукумат ҳали бу таклифларга жавоб берганича йўқ, аммо жавоб ижобий бўлишига умид қилинмоқда. Шайх Абдулазиз Мансурнинг сўзларига кўра, марҳум президент даврида ҳукумат бу каби таклифларни жавобсиз қолдирган.

Би-би-си суҳбатлашган таҳлилчи, уламо ва оддий мусулмонларнинг аксари бу борадаги ўзгаришларнинг кутилганидек тез юз бермаётганини "тизимнинг қаршилик кўрсатаётгани" билан изоҳлашади. Уларнинг назарида ўтган чорак аср мобайнида ўзгача фикр, жумладан, диний ўзгача фикрга қарши курашиб келган куч тизимлари мусулмонларга кўпроқ диний эркинлик берилишини истамайди.

Тошкентлик ҳуқуқ фаоли Сурат Икромовнинг айтишича, гарчи рўмол ўраган аёлларнинг кўчаларда милиция зуғумига учраганлари ҳақидаги шикоятлари камайган эса-да, диний айбловлар билан ҳибсга олишлар ва қама-қамалар ҳануз давом этмоқда."Диний эркинликлар масаласи кўтарилмаяпти. Агар кўтариладиган бўлса, қамоқдаги бегуноҳ мусулмонлар озод қилиниши керак бўлади. Чунки фақат диний эътиқоди учун ўтирган одамлар кўп. Улар ҳеч қандай жиноят содир қилмаган. Бу одамлар озод қилинадиган бўлса, милиция, СНБ ва прокуратуранинг штатлари ҳам қисқариши керак. Улар эса буни хоҳламайди", - дейди Сурат Икромов.

Собиқ диний-сиёсий маҳбуслардан бирининг айтишича, Каримов вафотидан сўнг вазиятнинг бироз юмшагани сезилади, аммо бу борадаги сиёсат ўзгаради, деб умид қилишга асос йўқ."10-15 фоиз юмшаш бор. Биз ўтирган жойларда ҳам маҳбусларга яхшироқ муомала қилинаётгани ҳақидаги хабарларни эшитяпмиз. Аммо олдинги топшириқларнинг кучи турибди", - дейди тошкентлик намозхон.

Англашилгани - диний эркинликлар масаласида давлатнинг собиқ тузум даврида ишга туширилган репрессив машинаси ҳали ҳам бутун қуввати билан ишлаб турибди. Жумладан, мафкура саҳасида. Бунинг яққол мисоли шу кунларда катта экранга чиқиши эълон қилинган "Муқаддас истак" фильми бўлиши мумкин. Давлат буюртмаси асосида режиссёр Ҳилол Насимов томонидан суратга олинган фильм трейлери ижтимоий тармоқларда мусулмонларнинг ғазабини уйғотган.

Бу ҳақда батафсилроқ ўқиш учун мана бу линкка босинг.

Аммо айни пайтда бу каби ғазабнок муносабат, хусусан, мамлакат ичкарисидан муносабат билдираётганлар сонининг кўпайгани ўзбекистонликларнинг диний эркинликлар борасида Каримов давридагидан кўра ҳассосроқ бўлиб бораётганларидан далолат беради.

Бу ҳассослик шу қадар бўртиб кўзга ташлана бошлаганидан айримлар Ўзбекистондаги янги диний уйғониш ҳақида ҳам гапиришмоқда.

"Давлат буюртмасини шакллантиришга мутасаддилар... Ўзбекистон аҳолисининг 90 фоиздан ортиқроғи ўзини мусулмон деб билишини инобатга олган ҳолда, медиада мусулмонлар имиджини яхшилашга қаратилган, Ислом ҳақида ижобий месседж берадиган фильмлар ҳақида ўйлашса, яхши бўлар эди. Кеч бўлмагунча", деб ёзди ўзининг Facebook даги саҳифасида зиёли Сардор Салим.

Унинг Би-би-сига очиқлашича, Ислом динидан илҳомланиб, динамик ривожланаётган мусулмон жамиятлари ҳам кам эмас. "Асосий муаммо жамиятимиз "Исломга қайтиш" шиори остида тобора қадимчилашаётгани, кенг аҳоли ва элита орасида консерватизмга мойиллик ошаётганидадир. Яъни танқидчилар/секюларистлар, диний модернистлар, традиционалист ёки қадимчилар ва фундаменталистлар баҳсида қадимчилар ютиб чиқаяпти", - дейди Сардор Салим.

Исмини очиқлашни истамаган намозхон зиёлилардан бирининг айтишича, Ўзбекистонда Ислом ва мусулмонларга нисбатан сиёсат юмшаган тақдирда ҳам, 1990-йиллар бошидаги каби исломий уйғониш бўлмайди."Яқин ўтмиш барибир сабоқ бериб туради. Кўпчиликнинг оғзи куйган", - дейди у.

Би-би-си суҳбатдошлари диний эркинликлар борасида эҳтиёткорлик билан умид билдирганлари ҳолда, мамлакат мусулмонлари орасидаги бўлинишлар ҳақида ҳам гапиришди.

Қуйида уларнинг жавоблари билан танишинг.

1. Ўзбекистонда мусулмонларга ва умуман Ислом динига муносабат ўзгаряпти деб ўйлайсизми? Ўзгараётган бўлса, нималарда кўринади?

2. Сизнинг назарингизда, янги президент эскисига нисбатан "мусулмонроқ"ми?

3. Ислом Каримов даврида Ислом дини сиёсатдан мутлақ четлатилган эди. Жамият ҳаётида динга кўпроқ ўрин берилишини кутиш мумкинми?

4. Ўзбек жамияти охирги йилларда анча исломийлашган, деган қараш бор. Нималарда кўринади?

Тошкентлик дин олими:

1. Диний идора таклифлар берганидан хабаримиз йўқ. Муносабат ўзгараётгани ҳам айтарли сезилмайди. Аммо энди рўмолга кўчаларда осилишаётгани йўқ. Ҳажга квота 2000 кишига ошгани ҳам бор. Аммо қолган масалаларда ҳануз ўзгариш бўлмади.

2. Шахсан менга янги Президент диёнатлироқ кўринмоқда. Кўпчиликнинг ҳам фикри шундай.

3. 2-Жамият ҳаётида динга кўпроқ йўл берилади, деб ўйлайман. Фақат диний идоранинг фаолиятсизлиги сабаб бу жараён анча кечикади.

4. Ҳа, албатта исломийлашган. Масжидларда жамоатнинг кўпайиши, одамларнинг кундалик ҳаёт ва муаммоларида исломга мурожаат қилишлари ва исломофобик муҳитни кучайтиришга қасддан уринилишига қарамай жамиятда мусулмон олимларнинг таъсири сақланиб қолганида кўринади.

Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон, ёзувчи, Ўзбекистон мусулмонлари "Ҳидоят" журналининг собиқ бош муҳаррири:

1. Шахсан мен давлатнинг динга ўгай кўз билан боқиш сиёсатидан тез воз кечиши ва диндорлар билан ярашиши тарафдориман. Қамоқларда йиллаб айбсиз ётганлар қанча тез чиқарилиб, оилаларига қанча тез қайтарилса, шунча яхши деб ҳисоблайман. Аммо умумий диний сиёсатни ўзгартиришда шошилмаётганини ҳам тўғри тушунаман. Чунки бу соҳада билмасдан қўйилган ҳар қандай қадам оқибати ёмон бўлиши мумкин. Чунки дин ўта ҳассос масала. Бундай пайтда Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва кўзга кўринган уламолар бу дунёдаги ва охиратдаги масъулиятни бўйинларига олиб ташаббус кўрсатишлари керак. Яъни, тепадан бирон ишора бўлишини кутиб ўтирмай давлатга ёрдамчи бўлишлари, ишнинг барча нозикликларини ҳисобга олган ҳолда давлатга аниқ-тиниқ ва зарур тавсияларни тақдим этишлари лозим.

Бошқача айтганда, давлатга насиҳат қилишлари ва бу насиҳатни ҳеч қачон тўхтатмасликлари керак. Чунки дин насиҳатдир, давлат эса насиҳатга жуда муҳтож. Айниқса, бу кунларда! Барака топишсин илм аҳли халқимизга доим насиҳат қилиб туришади, айни чоқда давлатга насиҳат қилишни ҳам унутмасинлар демоқчиман. Ҳарҳолда ҳеч ким давлат насиҳатга муҳтож эмас дея олмаса керак. Тўғрими-хатоми барча ишини бирдай маъқуллаб туриш насиҳатга кирмайди, албатта.

Хулоса қилиб бу саволингизга бир жумла билан жавоб берадиган бўлсам: Ўзбекистонда мусулмонларга ва умуман Ислом динига муносабат ижобий томонга ўзгаришидан умидвормиз ва бу нарса кундалик ҳаётимизда очиқ кўринишини истаймиз.

2. Янги президентимиз халққа, миллийликка анча яқин экани гап-сўзларидан, ниятларидан сезилиб турибди. Ота-онаси тайин, туғилган қишлоғи тайин, болалиги кечган муҳит тайин, оиласи ва фарзандлари ҳақида ижобий фикрлар эшитяпмиз ‒ бу томонлардан боқилса, олдингисига қараганда албатта анча ижобий ҳол эканини халқимиз ҳам кўриб турибди.

Бир нарса танлашда юрак жиз этиши керак, деймиз-ку? Шавкат Мирзиёевнинг илк қадамларидан кўпчиликнинг юраги жиз этди, менимча. Шунинг учун мен ҳам умид йўлини танладим.Фақат, қуруқ ва қалбаки мақтовлар билан бунисини ҳам бузмаслигимиз керак. Умуман, бошлиққа айтиладиган ҳамду сано жуда хавфлидир. Энг катта хавф ўша ҳамду сано айтилаётган киши бошида бўлади ‒ чалғийди, нафси шиша бошлайди, фиръавнлашади ва охир-оқибатда реал ҳаётдан узилиб, қуруқ мақтовчиларнинг ўйинчоғига айланиб қолади, қўл остидагиларга эскисига ўхшаб зулм қила бошлайди, орқасидан ёмон хотира билан эсланадиган шахсга айланади.

"Мақтовчи" шоввозларга нима? Улар мақтаб-мақтаб бир бошлиқни қамоққа ё гўрга тиқади-да, яна янгисини мақтаб кетаверади!

Давлатни ва жамиятни ичдан емирадиганлар мана шунақа маддоҳлардир! Ҳозир Ўзбекистонда шу хавф ҳам қайтадан бош кўтараётганга ўхшайди. Ҳали сайлов бўлмасидан, ҳали Шавкат Мирзиёев президент этиб сайланмасидан олдинданоқ ҳамду сано бошланиб кетди ва давом этяпти.

Афсус... Эссиз...

3. Битта Ўзбекистонда эмас, бутун дунёда Ислом дини сиёсатдан мутлақ четлатилган. Куфр билан имон мужодаласида Ислом Каримов бир мурватча, дунё миқёсидаги дин душманлигининг бир парракчаси, холос. Фақат, фарқи ‒ Исломга ва мусулмонларга қаршилик айрим давлатларда очиқ кўринади ва кучлидир, айрим давлатларда ўзаро нисбий аҳиллик ўрнатилган. Афсус, Ислом Каримов биринчи йўлни танлади ва шунга кўра сиёсат юритди. Мен бу масалани "Бу кунлар" китобимда мисоллар билан қўлимдан келганича баён этдим. Ислом Каримов мусулмонларни нафақат сиёсатдан четлатди, балки жамият ҳаётидаги таъсирини ҳам иложи борича камайтиришга ҳаракат қилди. Эришди ҳам.

Мусулмонлар Ислом дини номидан иқтидорга келишларига йўл қўйилмаслиги аниқ. Бугун ҳам, эртага ҳам сиёсатдан узоқроқ тутилади, менимча. Бунинг сабаблари кўп. Аммо мамлакатимизда диний соҳада ижобий ўзгаришлар қилинишидан, натижада мусулмонлар жамият ҳаётида бир оз фаоллашишидан умид этса бўлади.

4. Кўпроқ қутблашяпти десак, тўғрироқ бўлади. Ижтимоий тармоқлар такомиллашгани ва халқимизнинг каттароқ қисми бу тармоқлардан фойдалангани сари бу бўлиниш кучаяётгани кўриняпти. Айни чоқда, бу бўлиниш ҳар қайси гуруҳ ўз ичида уюша бошлашига ҳам олиб келди. Кўрамиз қаёққача борарканмиз.Исломийлашишга келсак. Катта ёшдагилар билади: ўтган асрнинг қайта қуриш ва ошкоралик даврида бирдан Ислом динига қизиқиш кучайган эди. Бу қизиқиш осмон баробар кўтарилган тўлқин сингари юмалоқланиб келиб бор куч ва ҳайбати билан қирғоққа урилди. Қуруқликнинг ҳов ичкариларигача кириб борди. Ҳозир у дабдабали ва ваҳимали тўлқин анча орқага қайтган, денгизнинг ич-ичларига қайтиб кетган палла.

Яъни, динга муносабатда жамият қайтадан куч тўплаб яна кўтарилиб келиш учун вақтинча орқага чекинган, менимча.

Бунинг устига, шу ўхшатишни яна давом эттирсак, одатда тўлқин орқага қайтганида бўладиганидек, турфа майда гуруҳларга таралиб, кенгликларга ёйилиб, кучсизлашиб кетди. Аммо, қизиғи шундаки, илк катта тўлқин орқага кетган бўлишига қарамай, илмли ёшларимиз тобора кўпайиб боряпти. Бу ҳол янада катта ва кучли иккинчи тўлқин юзага келаётганидан дарак беряпти.Биринчи тўлқинни ҳаракатга келтирган куч узоқ йиллар мустамлака шароитида Худосиз ва ҳуқуқсиз яшаш оқибатида табиий равишда уйғонадиган эски йиллар соғинчи, биқиқ ҳаётдан чиқиб янги ҳаётга талпиниш, умумий шавқ ва кўр қизиқиш бўлган бўлса, эндиги тўлқинни, менимча, илм ҳаракатга келтиради. Илк тўлқинда интизом, тартиб бўлмаган, жоҳил эди, янгиси илм билан қувватланиб, фақат юқорига сачрамай, чуқур-чуқурлардан кўтарилиб, оғир-босиқ, тартибли, интизомли бир шаклда келса керак.

Қуръони Карим илк таржима қилинган йилларни эсланг. Халқимиз буюк завқ-шавқ ва соғич билан кутиб олди. Журналда ва китоб шаклида милён нусхадан кўп чоп этилди. Бугун, марҳамат, китоб дўконига тушинг: беш минг-ўн минг ададда чиққан таржималар савдо токчаларида турибди.

Ўша таржима чиққанидан икки йил ўтиб "Шарқ юлдузи" журналига суҳбат уюштириб, таржимон шайх Алуоддин Мансурдан унинг сабабини сўраганимда: "Бу ҳол қизиқишнинг сўниши эмас, сараланаётганидир!" деб жуда чиройли ва қониқарли жавоб берган эдилар.Худди шунингдек, мен эндиги тўлқинни оммавий исломийлашиш демасам ҳам, илмий сараланиш маъносида "исломий юксалиш" деб баҳолаган бўлар эдим.

Анвар Ҳусайинов, собиқ вазир, Қуръоннинг рус ва ўзбек тилларидаги шеърий таржима лойиҳалари раҳбари:

1. Диний эркинликлар мавзуси бугун ўта долзарб масала ва ватанимиз келажаги учун хал килувчи стратегик аҳамиятга эга омилдир. Зеро, диний эркинликларга муносабат халк ва давлат ўртасида жонли мулоқот ўрнатилиши, ҳамкорлик бошланиши учун зарур шартдир. Мен 6 йилдан буён Ўзбекистон Халқ шоири Жамол Камол билан Қуръони Карим маъноларини ўзбек тилига адабий-назмий таржимаси жамоатчилик илмий-ижодий лойиҳасининг раҳбариман. Ушбу лойиҳани амалга ошириш йўлида биз ўтган йилларда давлат тизимлари ва уларнинг қаттиқ тайзиқи остидаги Ўзбекистон мусулмонлари диний идорасининг диний эркинликларга муносабатини яхши билиб олдик. Шу маънода, Президент Мирзиёев замонида мусулмонларга, динга давлатнинг муносабати ижодий томонга ўзгараётганини кўрмоқдамиз.Бу нарса кўплаб аломатларда намоён бўлмокда. Аввало Мирзиёевнинг сўзларида ва амалларида. Президент халқига"уйғонинглар,аҳволларингизни ўзгартириш учун ташаббус кўрсатинглар,тўғри сўзни гапиришдан қўрқманглар" деб қайта-қайта оловли мурожаатлар қилмоқда. Яна Президент Қорақалпоғистонда бўлганида масжидга бориб, мусулмонлар билан очиқ мулоқот қилгани Мирзиёевнинг диний эркинликлар борасида янги сиёсат олиб боришга истаги борлигини кўрсатмокда.

2. Албатта, Ўзбекистоннинг биринчи ва иккинчи президентларининг қай даражада мусулмонликлари ва диннинг жамиятдаги ўрнига муносабатларидаги фарқ халкка аён бўлди. Каримов чорак аср юртбошилиги давомида кичик ватани Самарқанд шаҳрида масжид қуришга киришмади ва бу улуғ шаҳарга муносиб, янги ҳашаматли масжид қуришга самарқандлик ватанпарварларга ҳам йўл бермади. Мирзиёев эса, Президентлигининг биринчи кунларидаёқ ўзининг кичик ватани Зомин туманида катта Жомеъ масжиди қуришни бошлади.

3. Каримов ўз сиёсатида Ислом динини ўзи тузган давлат тузумининг ашаддий душмани, деб тушунар эди ва шу сабабли диний маърифатчиликни экстремизм тарғиботига тенглаштириб қўйган эди. Мирзиёев эса, давлат амалдорларидан ақидапараст тоат-ибодатларда фаол мусулмонлар ва экстремистларни ажрата олишни талаб қилмоқда.

4. Фикримча, халқни аянчли иқтисодий аҳволига бефарқлик, лоқайдлик, ғафлат уйқусидан уйғотиш учун давлат сиёсати диний эркинликлар, диний маърифатга кенг йул очиб бериши лозим. Айни шу йул диний маърифат йўлига халқни экстремизм ва терроризм ғоялари даъватларидан қутқарадиган энг кучли воситадир.

Мусанниф Адҳам, блогер:

1. Ҳозирча аниқ белгилар кўзга ташланмайди. Лекин чекловлар деярли тўхтагандек. Масалан, ҳижоб масаласида олдингидек қаттиқ туриб, "жамоат жойларида ечиб юриш", "ўқув юртларига ечиб кириш" талаб қилинмаяпти.

2. Бу саволга жавоб бера олмайман. Ташқи кўринишдан катта фарқ кўрмаяпман.

3. Мен доим бир нарсани таъкидлайман: динга, менинг талқинимда Ислом динига, жамият ҳаётида қандайдир рол берилиши шарт эмас. Фақат доим таъкидлаб келинганидек "дунёвий демократик давлат" принципига ва конституциядаги "Дин давлатдан ажратилган" моддасига амал қилинса бўлди. Ҳозир эса буни кўрмаяпмиз. Давлат динга аралашади, ундан ўз манфаати, тарғиботи учун фойдаланади. Эркинликка келганда буни унга (динга) бермайди. Ислом шундай динки, ҳар қандай тузум ва давлат қонун-қоидаларидан устун. Унга тегилмаса, аралашилмаса бўлди - ўзи ривожланиб, ҳар қандай мафкура (идеология) устидан ғолиб чиқади, одамларни ортидан эргаштираверади. Айни пайтда, унга тазйиқ ўтказилган, сиқувга олинган пайтда ҳам йўқолиб кетмайди. Хуллас, бугун Исломга қандайдир ўрин бериш эмас, уни тинч қўйиш етарли бўлади, деб ўйлайман. Масалан, исломофобик филмларни олишни тўхтатиш керак.

4. Бу фикр бироз баҳсли. Умумият-ла, жамият диндан узоқлашган. Бу айниқса, марказдан узоқдаги қишлоқлар ва кичик шаҳарларда очиқ кўзга ташланади. Ислом дунёсининг фахри бўлиб келган Самарқанд ва Бухорода диндорлик даражаси жуда пастга тушиб кетган. Лекин бошқа жиҳатдан ёшлар орасида Исломга қизиқиш, унга интилиш кучли. Бу бир томондан мавжуд мафкуранинг улар талабига жавоб бермагани сабабли бўлса, Интернетнинг ривожланиши ҳам диний қизиқишларни орттирди. Менинг диққатимни тортган яна бир ҳолат: бугунги мусулмонлар олдинги, масалан, 1990 йиллардагидан кўра илмга чанқоқроқ. У пайтларда имом-домлалар нима дейишган бўлса, халқ олиб кетаверган. Аммо бугун ҳар бир айтилган гапга ҳужжат-далил (оят ёки ҳадис) сўраш урфга кирди. Шахсан менга бу ҳолат ёқади. Мусулмон ўз динида жоҳил, фақат тақлидчи бўлиши эмас, қилаётган амалларининг манбасини, асосини билиши афзал.

Шукуржон Исломов, блогер:

1. Катта ўзгаришни сезмадим. Ҳаж квотасининг оширилгани ва баъзи масжидлар олдида тартиб посбонлари камайганлиги кузатилганини айтиш мумкин.

2. Янги Президентнинг асосий карьераси диний қадриятларга қайтган мустақил Ўзбекистонда кечганлиги сабабли, шундай бўлса керак, деб ўйлайман ва умид қиламан.

3. Ҳаж квотасининг бир оз оширилиши юртимиз мусулмонлари учун қувончли ўзгариш бўлди. Аммо бу кўрсаткич ҳам оз, деб ўйлайман. Билишимча, квота мамлакат аҳолисининг ҳар мингтасига битта нисбатда ажратилади. Шундан келиб чиқсак, Ўзбекистондан 30 мингтагача чиқариш мумкин. Бундан ташқари, бир марта зиёратга борганларнинг қайта бормаслиги ҳам тўғри бўлди. Зиммасидаги асосий ҳажни адо этган мусулмон қолган маблағини илм-фанга, эл юртга фойда келтирадиган лойиҳалар, қурилишларга, қобилиятли талабаларга ёрдамлашишга ажратса яхши бўлади, деб ўйлайман. Дин руҳият озуқаси, ахлоқдир. Давлат жамият ҳаётида динга кўпроқ рол берса, дин сиёсийлашувидан чўчиётган бўлиши мумкин. Ўйлашимча, жамиятда динга кўпроқ рол бериш мумкин, одамлар бунга муштоқ ва бу айрим ёшларнинг ҳар хил йўлларга кириб кетишининг олдини олади. Масжидлар кам. Аҳолиси мусулмон бўлган аксар давлатларда (шариат асосида бошқариладиган давлатларни назарда тутмаяпман) ўртача 500-1000 одамга бир масжид тўғри келса, бизда ҳар 15 минг одамга битта масжид тўғри келади. Серҳашам ва безакдор қилмасдан оддийроқ шаклда бўлса-да масжидлар сонини кўпайтириш хайрли иш бўлади, деб ўйлайман.

4. Менимча, бу қайси давр оралиғи олинаётганлигига боғлиқ. Масалан, 90-йилларнинг бошида ўзбекистонликлар анчагина исломийлашган. Маҳаллаларда маcжидлар очилган, азон товуши уйғотарди. Маҳаллаларда кўплаб намозхонлар пайдо бўлганини эслайман. Аммо кейинчалик диндорларга нисбатан давлат сиёсати ўзгарди, таъқиблар юзага келди, кўпчилик одамлар намозни йиғиштириб ичишга ўтиб кетишди. Бундан ўн йилларча олдин Тошкентдаги Шимолий вокзалда, Собир Раҳимовдаги вилоятлар автобуслари тўхташ жойида кичик намозхона бўларди. Аммо 3-4 йил олдин вокзал ходимларидан сўраганимда, овозларини пасайтириб "бошқа одамдан сўраманг, ёпилган", дейишган. Менимча, ҳозир ҳам йўқ. Уларни хавотирланмасдан очиб қўйса бўлаверади. Ҳозир тахминан 10-12 йилдан бери азонни овоз кучайтиргич билан айтишмайди. Агар янги Президент шуни яна қайта жорий этса, яхши иш бўлар эди. Эҳтимол, миллий истиқлол ғояси аҳоли онгига кўп сингмаганлиги боис жамият исломийлашган деб айтишаётгандир. Одам бирор-бир эътиқодга эҳтиёж сезади-ку, ҳарқалай... Мен жамият исломийлашиши деганда, нафақат намоз ўқиб, рўза тутишни, балки ахлоқида ўзгариш сезилишини тушунаман. Агар намоз ўқиб рўза тутса, жума намозни канда қилмаса, таҳоратнинг расм-русумини келтириб адо этса-ю, порани совға деб олса ва берса, манфаати учун ёлғон сўзласа, амалдорга ялтоқланиб, оддий одамни менсимай турса, бошқа эътиқод вакилларига тоқатсизлигини ҳар ерда кескин намоён этса, бундай одамлардан иборат жамиятни исломийлашган, деб бўлмайди. Агар шу иллатлар бизда учраётган бўлса, жамиятимиз асло исломийлашган эмас. Ҳозир исломийлашув асосан, диннинг таҳорат одоби, аёлларнинг кийиниши, хориж маданияти ва киноларининг танқидий муҳокамаси каби иккинчи даражали муҳокамаларида кузатилмоқда.

Мирраҳмат Мўминов, АҚШда яшаётган мусулмон фаол:

1. Мусулмонларга нисбатан бўлган муомалани ўзгаряпти, деган фикрдан ҳозирча йироқмиз, сабаби янги раҳбар келиши ортидан жиддий бирон-бир ўзгариш юз бермади. Тўғри, жойларда баъзи ваъдалар ёки қарорлар берилмоқда, аммо аниқ сиёсат ҳали шаклланмаган.

2. Янги раҳбарни Каримовдан кўра диний мансублиги бордек кўринади. Мисол учун, Қорақалпоғистонга борган вақтида масжидда қариялар билан учрашди ва қўлларини дуога очиб, миллий ва диний атрибутларга амал қилишини кўрсатгандек бўлди. Айнан шу йиғилишда ЎзТВ да авваллари кузатилмаган бир нарсани кўрдим; ракурсда масжид билан бир қаторда арабча ёзилган калималар кўрсатилди ва бутун кўрсатув давомида Каримов даврида тақиқланган диний калималар янграб турди. Ўйлайманки, Мирзиёев ҳам Каримов даврида шаклланган сиёсий муҳитда катта бўлган сиёсатчи ва унинг диний қарашлари унчалик катта аҳамият касб этмайди. Шунингдек, халк орасида Мирзиёевга нисбатан турли хил ривоятлар хам урчиши купайган. Мисол учун, "қариндошларининг кўпчилиги Ҳажга боргани ёки "эшонлар насли"дан ва дуогуй бир раҳбар эканлиги, қарияларни ҳурмат қилиши ва уларнинг дуоларини олишга иштиёқманд экани" ва яна шу каби гапларнинг кўпайганини эшитамиз. Хулоса қилиб айтганда, Шавкат Мирзиёевнинг ўзбекчилиги Каримовникидан оз-моз юқори, деб айтсак бўлади. Буни диний қарашлар билан боғламаган бўлардим.

3. Ҳозирча динга эркинроқ амал қилиш мумкин, деган ўйдан йироқман. Бунга ҳозирги сиёсий вазият сабаб. Устига, Каримов даврида шаклланган элита мафкурада диндорларни ўша эски совет давридаги каби, мувозанатда ушлаш сиёсати кўпчилик учун маъқул. Тўғри, Каримов давридаги каби репрессиялар у даражада давом этади, деб ўйламайман, аммо шу билан бир қаторда, диндорларга оз бўлса ҳам эркинлик берилишига ишонмайман. Бу каби қарашнинг ўзгариши учун авваламбор, қамоқда қолаётган минглаб сиёсий маҳкумлар озод этилиши шарт деб ҳисоблайман!

4. Ўзбек жамиятининг исломийлашганини авваламбор, глобализм билан боғлаш тўғри бўлади. Ахборот алмашинуви ниҳоятда жадал суратларда давом этаётган 21-асрда, бу ўзбекистонликларга ҳам маҳаллий имомлар, минтақавий пешволар, диний идора каби авторитар ташкилотларга қарамликдан қутулиш имконини берди ва айниқса, ёшларнинг эркинрок диний билим олишига йўл очди. Каримов вафоти ортидан жамиятда озми, кўпми, қандайдир эркинлик шабадасини қўмсаш кўринишлари ҳам намоён бўлмоқда. Хусусан, ижтимоий тармоқларда авваллари фаол бўлмаган ўзбекистонликлар ўзларини анча эркин ҳис қилаётганликларини кўриш мумкин. Ўз фикрини ва норозилиги ифода этиш услублари кўпайган ва одамлар эски репрессия машинасини яна ишга тушишига ишонмай қўйдилар, деб айтсак тўғрироқ бўлса керак.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber да: +44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг