"Маҳаллий амалдорлар Портални менсимаяпти"
Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

"Маҳаллий амалдорлар Портални менсимаяпти"

Президент Шавкат Мирзиёев тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлашни ўзи эълон қилган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар марказига қўйган.

Мирзиёев ҳокимиятга келганидан буён айни соҳага тааллуқли ўнга яқин фармон, қарор ва қонунлар чиқарилган.

Аммо жойларда тадбиркорларнинг ҳаёти енгиллашиб қолгани кузатилмайди.

Тошкент вилояти Қуйичирчиқ туманидаги "Антей савдо барака файз" хусусий корхонаси раҳбари Шоира Абдухолиқова Би-би-си билан суҳбатда туман солиқ идораси ходимларининг ноқонуний хатти-ҳаракатларидан шикоят қилди.

Ўзининг айтишича, 2016 йил апрелида у ўзига қарашли дўконда махсус рухсатсиз алкоголли ичимликлар сотгани учун 26 миллион сўм жаримага тортилган.

У лицензиясиз спиртли ичимлик сотганини рад этмайди, аммо солиқ идорасининг тавсияси билан бу ишга қўл урганини айтади.

"Лицензия учун ҳамма ҳужжатларни тайёрлаб борганимда, солиқ бошлиғи "лицензия нима керак, лицензия -биз, ишлайверинг, лицензия билан қиммат бўп кетади, тўлолмайсиз", деб маслаҳат берди. Бир ойдан кейин дўконимни босишди, қўшни дўконлар ҳам лицензиясиз савдо қилади, ҳалиям қилаяпти, аммо нимагадир фақат мени жазолашди, холос", - дейди у.

Тадбиркор аёлнинг жаримани 6 ойга бўлиб бериш ҳақида мурожаати энг охирги марта Олий хўжалик судида кўриб чиқилган, аммо рад этилган.

Ҳозирда махсус лицензия асосида савдо қилаётганини айтган Шоира Абдуҳолиқованинг сўзларига кўра, солиқ идораси бошқалар томонидан айни тартибнинг бузилишига кўз юммоқда ва Виртуал қабулхонага қилган мурожаатлари учун уни "жазолашга" уринмоқда.

"Порталга 4 марта ноқонуний дўконлар қонунийлаштирилсин,деб ёздим. Аммо ҳеч қанақа ўзгариш йўқ. Хат айланиб, ўзимизнинг прокуратура, солиққа келиб тушяпти. Ҳисобимда 3 миллион пул қолган, уни ҳам олса, банкрот бўламан", - дейди тўрт фарзанднинг онаси.

Шоира Абдуҳолиқова маҳаллий амалдорларни Виртуал қабулхона қилинган мурожааатлари юзасидан текширув натижаларини қалбакилаштиришда айбламоқда.

Унинг сўзларига кўра, солиқ ходимларининг тадбиркорларга ноқонуний солиқлар солиш ҳоллари кенг тарқалган.

"Биз солиқ учун "кормушка"миз. Ҳаммаси келиб, дўкондант хоҳлаган нарсасини олиб кетади. Пахта пайти ёнимиздан пул тўлаб, ҳашарчи ёллаб беришга мажбурмиз. Шунда ҳам ўзимиздан чиққан товарларни "контрабанда" деб мусодара қилаверади", - дейди тадбиркор.

Би-би-си Шоира Абдуҳолиқованинг шикояти юзасидан Қуйичирчиқ туман солиқ идораси раҳбари Тўлеген Аҳмедов билан боғланди.

Аҳмедов суҳбат бошида Абдуҳолиқованинг муаммосидан хабари борлигини айтган бўлса-да, кейинроқ алоқа сифати ёмонлигини рўкач қилиб, суҳбатдан ўзини олиб қочди.

Шоира Абдуҳолиқованинг айтишича, тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш ҳақида кўп гапириляпти, аммо амалда "ҳеч нарса ўзгаргани йўқ".

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber да: +44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг