Мирзиёев яна юзга яқин шахсга фуқаролик берди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Social
Image caption Паспорт

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 22 феврал куни 94 кишига фуқаролик бериш тўғрисида навбатдаги фармонни имзолаган. Кузатувчилар бу каби фармонлар яна чиқишини, кўплаб одамлар фуқаролик олиш учун керакли ҳужжатларни тўплаётганини айтишади.

Мирзиёев 2016 йилнинг декабр ойида имзолаган фармон билан 179 шахсга фуқаролик берган эди.

Президентнинг матбуот хизмати ёзишича, "Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилиш тўғрисида"ги фармонга кўра Ўзбекистоннинг турли ҳудудларида истиқомат қилувчи 94 кишига фуқаролик берилган. Фармонда уларнинг қаерда туғилганлиги ва ҳозир қаерда яшаши дохил, ёшларигача оид маълумот бор.

Ҳужжатда айтилишича, Ўзбекистон фуқароликка қабул қилиш борасида ҳам қонунийлик, инсонпарварлик ва ижтимоий бағрикенглик тамойилларига асосланган ҳолда инсон манфаатларига риоя қилинишини таъминлаш чора-тадбирларини тизимли равишда амалга ошириб боради.

Кузатувчилар ушбу сўзлар фуқароликка қабул қилиш бундан сўнг ҳам давом этиши мумкинлигидан дарак беришини айтади

Би-би-си билан суҳбатлашган ўзбекистонликнинг айтишича, у яшайдиган тумандаги фуқаролиги йўқ шахсларни туман ҳокими ва вилоят паспорт идорасининг раҳбари қабул қилган.

"Ҳаммаларингизнинг муаммоингизни шу ерда ўзимиз ҳал қиламиз, асосийси порталга шикоят қилиб ёзманглар. Фуқаролик учун керакли ҳужжатларни тўпланг ва биз юқорига узатамиз. Фуқаролик оласизлар деб айтган" - дейди суҳбатдошимиз.

Декабр ойида имзоланган фуқароликка қабул қилиш тўғрисидаги фармонда фуқароликка турли шароитлар туфайли Ўзбекистондан ташқарида бўлган ва бошқа мамлакатда туғилиб ўсган Ўзбекистонда яшаётган шахслар қабул қилиниши айтилган.

«Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида"ги Қонун кучга кирган вақтда турли объектив ва бошқа ҳаётий шароитларга кўра мамлакат ташқарисида бўлган маҳаллий аҳоли, шунингдек, бошқа мамлакатларда туғилиб-ўсиб, Ўзбекистонни ўз Ватани сифатида дилдан тан олган, унинг тараққий этиши ва гуллаб-яшнаши учун муносиб ҳисса қўшганлар қабул қилиниши мумкин».

1992 йили қабул қилинган "Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида"ги қонунда айтилишича, чет эл фуқаролигидан воз кечган ва сўнгги 5 йил давомида Ўзбекистон ҳудудида яшаган шахслар фуқаролик олишлари мумкин.

Фуқаролик олиш тўғрисида президентнинг фармони чиқиши керак бўлади.

Бироқ марҳум президент Ислом Каримов Ўзбекистон ҳудудида кўплаб йиллардан бери яшаётган шахсларга фуқаролик беришга иштиёқи бўлмагани айтилади.

20-25 йилдан бери Ўзбекистон ҳудудида яшаган кўплаб одамларнинг ҳукуматга қилган саноқсиз мурожаатлари эътиборсиз қолдирилган.

Бироқ ҳукумат тепасига Шавкат Мирзиёев келганидан буён бу борада ижобий ўзгаришлар бўлаётгани айтилади. 300 га яқин шахсга фуқаролик берилиши ва бу жараённинг давом этиши шундан дарак беради.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber да: +44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook- BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - bbcuzbekradio
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг

Алоқадор мавзулар