Хусусий мулк бузилаверади, бозор қайта қурилаверади...

"СУИЛ" хусусий ширкати биноси Фото муаллифлик ҳуқуқи Courtesy photo

Ушбу мавзудаги лавҳани Youtube да томоша қилинг

Тошкентдаги "Ипподром" номи остида танилган Чилонзор буюм савдо комплексига кираверишда жойлашган "СУИЛ" хусусий корхонаси вакилларининг айтишларича, шу кунларда уларга тегишли бинони бозор маъмурияти бузишга киришган.

"СУИЛ" вакили Би-би-си билан суҳбатда ушбу бино қурилган ер ширкатга 90-йиллар охирларида расмийлаштириб берилганини айтди.

Лекин кейинчалик ушбу ҳужжатлар, ширкатнинг солиқ тўлаш йўриғи юзасидан бозор маъмурияти, шаҳар ва туман ҳокимияти билан кўп йиллардан бери давом этаётган келишмовчиликлар юзага келган.

"СУИЛ" вакилининг айтишича, бино қурилган ер ва унинг хусусий мулк эканлиги тасдиқловчи ҳужжатларнинг ҳаммаси уларнинг қўлида бор. Лекин шунга қарамай расмийлар бу ҳужжатларни баъзида қалбакилаштириб, баъзида эса умуман назардан қочириб хусусий мулкка дахл қилмоқдалар.

Куни-кеча Тошкентнинг "Чорсу" бозорига кираверишдаги 50 га яқин хусусий дўкон ва ошхоналар ҳам бузилаётгани ҳақида хабар берилганди.

Расмийларнинг Би-би-сига айтишларича, бу ерда бузилаётган ҳудуддаги хусусий дўкон ва ошхоналар эгалари реконструкция режасидан ўтган йили огоҳлантирилган ва уларга товон таклиф этилган.

Яқинда Би-би-си билан боғланган яна бир хусусий сармоядор Челак шаҳридаги бозорнинг қайта қуриш ишларига сармоя ётқизиб, эндиликда жорий ҳоким томонидан сармоядорга тегишли комплексининг бузиб ташлангани ҳақида шикоят қилганди.

Нима учун Ўзбекистонда айнан бозорлар йиллар давомида қайта-қайта бузиб, тикланаверади?

Бу бозорлар ҳудудларида сармоя ётқизиб, иш ўринлари яратиб фаоляит юритиб келаётган хусусий мулк эгаларининг манфаатлари нима учун ҳимояланмаган?

Би-би-си билан суҳбатда иқтисодчи Сапабой Жубаевнинг айтишича, Марказий Осиё давлатлари, шу жумладан бутун собиқ Иттифоқ давлатларида бозорлар ҳануз мўмайгина даромад келтирадиган ерлар бўлгани учун уларни қайта қуриш баҳонаси билан таъбир жоиз "мулкни қайта бўлиш" жараёни кўп кузатилади.

Хусусий мулк дахлсизлиги ҳақидаги қонунлар эса аксар ҳолларда фақатгина қоғозда қолади. Амалда ижро этилмайди.

"Бизда хусусий мулк дахлсизлиги ҳақидаги қонунлар бошлиқ ва ҳокимлар учун ёзилган. Бирон шахс бу қонун асосида ўз мулкини ҳимоя қилмоқчи бўлса, эвазига бу ер давлатга тегишлилиги, реконструкция лойиҳаси ҳудудида эканлиги ҳақида 10 та қонун олиб келиниб, мулкдор кўчага ҳайдалади", деди иқтисодчи.

Бу каби вазиятда чиқиш йўли сифатида эса Сапарбой Жубаев Малайзия, Сингапур ва Жанубий Корея сингари тез орада ўзини ўнглаб, қонун устуворлигини ўрната олган давлатлар тажрибаси ўрганилиб, ҳаётга тадбиқ этилиши лозим эканини таъкидлайди.

Ушбу мавзудаги лавҳани Youtube да томоша қилинг

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber да: +44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook- BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - bbcuzbekradio
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.