Голландия ва Ўзбекистон солиқ бўйича битим имзолади

Фото муаллифлик ҳуқуқи Googoosha.com
Image caption АҚШ ва Швейцарияда давом этаётган терговларда телекоммуникация соҳасидаги порахўрлик ишларида Гулнора Каримова номи кўрсатилган

Голландия Ўзбекистон билан имзолаган солиқдан бўйин товлашга қарши қаратилган битимига қўшимча равишда янги протоколга ҳам имзо чекди.

Бу ҳақида Брюсселда жойлашган tax-news сайти хабар тарқатди.

Хабарга кўра, янги протоколни имзолашдан мақсад икки-томонлама битимнинг солиқдан бўйин товлаш мақсадларида ишлатилишини бартараф қилишдир.

Голландия ва Ўзбекистон 7 февраль куни мазкур қўшимча шартни бирга имзолаганлар.

Голландия Молия вазирлигининг билдиришича, битимга янги ўзгартириш орқали ўзаро маълумот алмашиш ва пулларни қайтариш жараёнидаги ўзаро ҳамкорлик шартлари киритилди.

Ўзбекистон ва Голландия охирги икки йил давомида Гулнора Каримовага боғлиқ молиявий можаролар доирасида тилга олинди.

Ўтган йили Голландиянинг VimpelCom ширкати ва унинг ўзбек ҳамкори Unitel "ўзбек ҳукуматининг юқори лавозимли амалдори"га 2006-2012 йилларда катта миқдорда пора берганини тан олган.

АҚШ ва Швейцарияда давом этаётган терговларда телекоммуникация соҳасидаги порахўрлик ишларида Гулнора Каримова номи кўрсатилган.

Ўтган йил бошида VimpelCom коррупция айбловлари бўйича 795 млн доллар миқдорда жаримани тўлашга рози бўлганди.

VimpelCom 2006 йилдан 2012 йилгача ўзбекистонлик нуфузли шахсларга мамлакатда бизнес олиб бориш учун 114 миллион доллар пора берган, деб қайд этган Қўшма Штатлар прокурорлари.

Америка прокурорларига кўра, Ўзбекистон мобил алоқа бозорига кириш учун икки халқаро компания - "МТС" билан "Вимпелком" йирик поралар беришга мажбур бўлган.

Ўзбекистон ўзини коррупцион можарода жабрланган томон бўлганини таъкидлаган ва бунга жавобгар бўлган қатор Ўзбекистон фуқаросини жазолаганини айтмоқда.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber да: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.

Алоқадор мавзулар