'Америка - Ўзбекистон муносабатларида кескин ўзгаришларни кутмайман'
Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

'Ўзбекистон ва Ғарб муносабатларида катта ўзгариш кутилмайди'

Ўзбекистон ва Америка Қўшма Штатлари ўртасида дипломатик алоқалар ўрнатилганига 25 йил тўлгани муносабати билан ўзаро табрик мактублари йўлланган.

Ўзбекистон Президенти матбуот хизматига кўра, АҚШ раҳбари мактубида "икки томонлама муносабатларда эришилган кўплаб натижалар" дан фахрланиш мумкинлиги эътироф этилган ҳамда келажакда ҳам "минтақавий хавфсизлик ва барқарорлик соҳасидаги умумий мақсадлар" йўлида ҳамкорликда ишлашга умид билдирилган.

Президент Шавкат Мирзиёев эса ўз табригида ўзаро манфаатдорликка асосланган стратегик шериклик ҳар икки томон учун ҳам фойдали эканини таъкидлаган.

Пасту баланд муносабатлар

Ўтмишдан маълумки, Ўзбекистон-АҚШ ўртасиджаги чорак асрлик муносабатлар силлиқ кечгани йўқ.

2001 йил сентябр ҳужумлари ортидан Вашингтон Тошкентдан "террорга қарши" урушни дастаклашни сўраркан, алоқадар янги бир босқичга кўтарилганди.

Вашингтон бунинг учун ўн миллион долларлаб ҳақ тўлган ва Ўзбекистонни ҳамкор сифатида 'бағрига босганди'.

Мазкур муносабатлар 2005 йили ҳукумат кучлари Андижондаги намойишчиларни ўққа тутиб юзлаб инсонни ўлдирар экан, ногаҳоний ниҳоя топган. АҚШ халқаро текширувни талаб қилган, Ўзбекистон рад этганди.

Музлаган муносабатлар кейинчалик узоқ муддатли, секин-аста эриш даврини бошдан кечирди. Янги саҳифалар очилди.

Бугун Ўзбекистонда ҳам, Америкада ҳам янги раҳбарнинг иқтидорга келгани муносабатларда қандайдир ўзгаришлар ясаши мумкинми?

Ўзбекистонлик сиёсатшунос ва университет ўқитувчиси Фарҳод Толиповга кўра, алоқаларда жуда кескин ўзгаришлар юз беришини кутиш мумкин эмас.

"Икки давлат орасидаги муносабатлар ҳеч қачон ягона шахсга боғлиқ бўлиб қолмайди. Унинг объектив қонуниятлари бор ва бу ушбу қонуниятлар асосида қурилади... ўзига хос механизмлар бор. Ана шу механизмлар асосида янгича лойиҳалар билан ривожлантирилиши мумкин", дейди Фарҳод Толипов.

Ўтган йил октябрида президент вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев Самарқандда АҚШ Давлат Котибининг сиёсий масалалар бўйича ўринбосари Томас Шэннон билан музокаралар олиб борганди.

Музокаралар чоғида икки томон, жумладан, сиёсий алоқаларда "кўзга кўринарли натижалар"ни қўлга киритиш ниятида эканликларини тасдиқлашганди.

Америкалик дипломатлар инсон ҳақларининг бузилишини Ўзбекистон билан алоқаларнинг ривожланишига тўсқинлик қилаётган асосий омил сифатида кўрадилар.

АҚШ янги маъмуриятининг Ўзбекистон билан муносабатларда инсон ҳақларига қанчалик эътибор қаратиши номаълум.

Ўзбекистон-Британия

Айни пайтда Ўзбекистон Республикаси ва Буюк Британия ўртасида дипломатик алоқалар ўрнатилганига ҳам 25 йил тўлган.

Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов британиялик ҳамкасби Борис Жонсонга табрик мактуби йўллар экан, "Ўзбекистон Буюк Британияни муҳим халқаро шерик ҳамда дунёнинг улкан сиёсий, иқтисодий, технологик ва интеллектуал салоҳиятга эга бўлган етакчи ва нуфузли мамлакатларидан бири сифатида" қабул қилиши айтган.

Шунингдек, табрикда Ўзбекистон Буюк Британия билан ҳамкорлик қилиш истиқболларига ишонч билан қараши қайд қилинган.

Маълумки, Буюк Британия Ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Алан Дункан ўтган декабр ойи Ўзбекистонга борган ва Ўзбекистон янги раҳбарияти эълон қилган ислоҳотларни дастаклаган ва бу мамлакатдаги сармоя муҳитини сезиларли даражада ўзгартиришини айтганди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber да: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber да: +44 78-58-86-00-02.Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber да: +44 78-58-86-00-02.