Буюк Британия: 'Мирзиёев халқ билан муносабатларни ўзгартирди'

Фото муаллифлик ҳуқуқи Natlib.uz
Image caption Элчи Аллан Мирзиёевнинг ислоҳотлар режасини "иддаоли" деб атаган.

Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги элчиси Кристофер Аллан Ўзбекистон ҳукумати ўзининг "оддий халқ билан муносабатларида жиддий ўзгаришлар қилгани"ни айтган.

У Шавкат Мирзиёев ҳукуматининг ислоҳотлар режасини "иддаоли" деб атаган.

17 феврал куни Тошкентда журналистларга гапирган Британиянинг юқори мартабали дипломатига кўра, ўзбек ҳукуматининг виртуал қабулхона ва бошқа мулоқот механизмларини ишга тушириши "кўплаб ижобий натижалар"га сабаб бўлмоқда.

Буюк Британия ва Ўзбекистон ўртасида дипломатик алоқалар ўрнатилганининг 25 йиллиги муосабати билан ўтган анжуманда элчи Аллан Британия Ўзбекистонга ислоҳотларни амалга оширишда "қўлидан келганича ёрдам бериш"га тайёрлигини изҳор қилган.

Унга кўра, бу ёрдам британ тажрибасини ўртоқлашиш ёки Ўзбекистоннинг ўзида муҳим институтларни яратиш лойиҳасини молиялаш шаклида ҳам бўлиши мумкин.

Британ элчисининг билдиришича, жорий йилнинг ўзида Лондон Ўзбекистондаги иқтисодий ва ҳуқуқий ислоҳотларни дастаклаш режасига ярим миллион доллардан кўп маблағ ажратган.

"Бунга қўшимча, - деган элчи, - Жаҳон Банки, Осиё Тараққиёт Банки ва Европа Иттифоқининг асосий донорларидан бири бўлган Буюк Британия ҳар йили Ўзбекистоннинг ривожланиши учун кўплаб миллион долларлик грантлар ва имтиёзли кредитлар ажратиб келмоқда".

У ўзбек ҳукуматининг бизнес муҳитини яхшилаш ва коррупцияга қарши кураш ҳаракатларини "муҳим ва ижобий" қадамлар, деб баҳолаган.

Британия Ўзбекистоннинг янги раҳбарияти эълон қилган ислоҳотлар кун тартибини дастаклаган илк ғарб давлати бўлган.

Президент Шавкат Мирзиёев қасамёдга келтирилганидан бир кун ўтиб, Тошкентга ташриф буюрган Буюк Британия Ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Алан Дункан Мирзиёевнинг ислоҳотлар дастури мамлакатдаги сармоя муҳитини сезиларли даражада ўзгартиради, деб ишонишларини айтган.

У қўшнилар билан алоқаларни яхшилаш ҳамда валюта сиёсатини ўзгартириш сари қўйилган қадамларни "жуда ҳам ижобий" дея баҳолаган.

Ўтган ҳафта АҚШ Президенти Дональд Трамп ҳам Ўзбекистон билан дипломатик алоқалар ўрнатилганига 25 йил тўлиши муносабати билан Президент Мирзиёевга мактуб йўллаган.

Трамп Мирзиёевнинг минтақавий ҳамкорликка қаратилган сиёсатини дастаклаган.

Ўз навбдатида Мирзиёев ҳам АҚШ билан стратегик шериклик ҳар икки томон учун фойдали эканини таъкидлаган.

Таҳлилчиларга кўра, Мирзиёев бошқаруви остида Ўзбекистон ташқи сиёсатида сезиларли ўзгаришлар кутилмайди.

Мирзиёев ўз чиқишларида ташқи сиёсатдаги асосий тамойиллар ўзгармаслиги, жумладан, Ўзбекистон ҳарбий-сиёсий блокларга қўшилмаслиги ва ўз ҳудудида хорижий давлатларнинг ҳарбий базаларини жойлаштиришга рухсат бермаслигини таъкидлаган.

Келаси ой бошида у ўзининг биринчи хорижий сафари билан Россияга боради.

Россия томони Ўзбекистон раҳбарининг давлат ташрифи чоғида икки томонлама алоқаларга доир "муҳим ҳужжатлар" имзоланишини айтган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber да: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber да: +44 78-58-86-00-02.