Самарқандлик она: 'Россияда хўрланганимга ўғлим ўзини осди'

"Дилноза" ҳикоясини Youtube да тингланг

Самарқандлик 44 ёшли Дилноза (исмлар ўзгартирилди) 2016 йилнинг сентябрь ойида ишлаш учун Москвага келган. Унга ўз ҳамқишлоғи Зайниддин ишга жойлаштиришда ёрдам беришни ваъда қилади. Аммо Дилноза келгач, уни Домодедово ҳудудидаги балиқ корхонасида ишлаш учун арман миллатига мансуб нотаниш кишиларга ишчи сифатида сотиб юборган. Дилнозанинг ҳикоя қилишича, ҳамқишлоғи унга иш топиб берганлиги учун қарздор ҳисоблаб, ишлаган пулларини тортиб олади.

-Бир қишлоқданмиз, оилаларимизни яхши билардик. Оиламиз қийналиб қолганини кўриб, ёрдам қиламан деганига унга ишониб келгандик, - дейди Дилноза.

Дилноза билан бирга келган қариндошлари қийин иш шароитига кўника олмай, Ўзбекистонга қайтиб кетишгач, Зайниддиннинг фикри ўзгариб, Дилнозани корхонадан Кузьминки туманидаги турар жойига олиб кетади ва 3 ой давомида шериги Неъмат билан муттасил равишда зўрлаб, турли қийноқларни қўллаган. Аввалига "Дикси" супермаркетида фаррошликка ишга жойлаштириб, иш ҳақини олиб қўйиб юрган, кейин эса ишдан бўшаттириб, кўчага ҳам чиқармай қўйган.

-Сенга ҳужжат нимага керак, деб ҳужжат хам қилдиришмаганди, полицияга боришга қўрқдим, - дейди Дилноза.

Дилнозани сотиб юборишгани ҳақидаги гап-сўзлар қишлоғига ҳам етиб бориб, унинг 22 ёшли ўғли ўзини осиб қўйган.

-Шу кишининг укаси қишлоғимизга бориб онанг шунақа бўлиб кетди деган, тортишиб қолишган. Ўғлим ориятдан шундай қилдими, билмайман. Менга хўжайиним юраги ёмон бўлиб қолиб оламдан ўтди деганди. Ўзини осганини яқинда эшитдим. Боролмадим, қўлимда на ҳужжат, на пул бор эди...

Шу йилнинг январь ойида Зайниддиннинг маъшуқаси Нигора Дилноза ҳақида билиб қолиб, уни турган жойидан олиб қочган. Нигоранинг ёрдами билан Дилноза ҳужжатларини расмийлаштириб, ишга жойлашишга муваффақ бўлган. Ҳозирда у хавфсиз жойда, аммо қишлоққа қайтиб кетмоқчи эмас.

-Нима деб бораман ҳозир?! Эрим касалванд, уни даволатмоқчи эдим. Энди ишлашим керак. Ишсизлик, қийинчиликдан келиб қолиб, қийин аҳволга тушиб қолдим. Мени деб ўғлим ўлди, яшагим келмаяпти...

Дилнозанинг айтишича, Зайниддин эса уни ҳалигача таъқиб қилаяпти.

"Бу гаплар қишлоғимизга етиб бормаслиги учун мени йўқ қилмоқчи", - дейди у.

Ҳар йили баҳор яқинлашиши баробарида Россияга ишлашга келувчи ўзбекистонликлар сони ортади.

Танишлари ёки қариндошлари орқали иш излаб келганлар орасида одам савдоси, қулликка тушиб қолувчи ва жинсий зўравонлик қурбонлари бўлаётганлар оз эмас.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber да: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber да: +44 78-58-86-00-02.