Мирзиёев соғлиқни сақлаш вазирини иккинчи марта алмаштирди

Фото муаллифлик ҳуқуқи old.kirovgma.ru
Image caption Алишер Шадманов кўп йиллар Андижон давлат тиббиёт институтига ректорлик қилган

Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазири сўнгги икки ой ичида иккинчи марта ўзгарди. Декабрда вазирлик раҳбарига айланган Адҳам Икромов ўрнини февралда Андижон давлат тиббиёт институтининг собиқ ректори Алишер Шадманов тайинланди.

Хабар беришларича, Шадмановни вазир этиб тайинлаш ҳақидаги президент фармонини вазирликдаги йиғилишда шахсан бош вазир Абдулла Арипов ўқиб эшиттирган. Адҳам Икромов бош вазир ўринбосари лавозимини сақлаб қолгани айтилмоқда.

Вазирлик раҳбариятидаги жорий ўзгариш сабаблари ҳақида расмий шарҳ берилганича йўқ. Тиббиёт Шавкат Мирзиёев президентлик курсисига ўтирганидан бери у томонидан энг кўп танқид қилинаётган соҳалардан бири бўлиб қолмоқда.

Адҳам Икромов, мамлакат бош вазири ўринбосари лавозимини сақлаб қолгани ҳолда, 13 декабрда собиқ вазир Анвар Алимов ўрнига Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазири этиб тайинланган эди. У 2009-2012 йилларда ҳам бу вазирликка раҳбар бўлган.

Алишер Шадманов 1962 йил Тошкент шаҳрида туғилган, 1985 йили Андижон давлат тиббиёт институтини тамомлаган. 1996-2000 йилларда халқ депутатлари Андижон вилояти кенгаши депутати бўлган.

Кўп йиллар Андижон давлат тиббиёт институтига ректорлик қилган, 2014 йилги парламент сайловларида Олий Мажлис Қонунчилик палатасига депутат этиб сайланганидан сўнг, 2015 йил февралида ректорликдан кетган.

Шавкат Мирзиёев президент бўлганидан бери ҳали ҳеч бир соҳада икки марта раҳбар ўзгаришини амалга оширмаган эди.

Доимий танқид нишони

Соғлиқни сақлаш тизими - президент Шавкат Мирзиёев томонидан энг кўп танқид қилинган соҳа. Давлат раҳбари ҳали ҳеч бир соҳа вакиллари билан икки ой ичида икки марта катта учрашув ўтказгани йўқ.

5 январь куни бўлиб ўтган биринчи учрашувда Шавкат Мирзиёев "тизимни мутлақо ўзгартириш - давр талаби" эканини таъкидлади. Айнан шу учрашувда қишлоқ врачлик пунктларини туну-кун ишлайдиган муассасага айлантириш, фақат аёллар учун мўлжалланган алоҳида поликлиникалар ташкил этиш каби ташаббуслар янграган эди.

Айни вақтда президент Адҳам Икромов олдига бир қатор вазифалар қўйган, хусусан, хорижга кетиб қолган ўзбекистонлик шифокорларни ватанга қайтариш бўйича топшириқ бериб, топшириқнинг бажарилиши учун бир ой муддат белгилаган эди.

7 февраль куни тиббиёт ходимлари билан иккинчи учрашув бўлиб ўтди. ЎзА ёзганидек, бу йиғилиш "5 январдаги мажлисда белгиланган вазифалар ижроси"га бағишланди. ҚВПлар, оилавий поликлиникалар, патронаж хизмати, тез тиббий ёрдам фаолияти ҳали ҳам қониқарсизлиги, шифохоналар ва аҳолини дори билан таъминлаш бўйича топшириқлар ижроси талаб даражасида эмаслиги қаттиқ танқид қилинди.

"Тиббиёт ходимлари уйма-уй юриб, касалликларни профилактика қилиши, соҳадаги ўзгаришларни одамлар сезиши керак", -деди сўнгги мажлисда Шавкат Мирзиёев.

Ўзгаришлар бор, лекин...

Эътиборли томони, президент йиллар давомида, хусусан, ўзи бош вазир сифатида фаолият олиб борган даврларда шаклланиб, тўпланиб қолган қатор муаммоларни соғлиқни сақлаш вазирлигининг Адҳам Икромов бошчилигидаги раҳбариятидан бир ойда ҳал қилишни талаб қилган.

Икки мажлисдан сўнг баъзи ўзгаришлар юз берган: дорихоналарда маҳаллий ва хорижий бир гуруҳ дори воситаларининг чекланган нархлари ўрнатилди, бироқ бу чора айнан нархи чекланган препаратларнинг тақчиллиги ва уларнинг бошқа муқобиллари нархлари ўсишига сабаб бўлади, деган хавотирлар бор.

Хоразмда Россиянинг икки етакчи тиббиёт муассасаси иштирокида воҳа аҳлига хизмат кўрсатадиган иккита йирик клиника ташкил этиш бўйича келишувга эришилгани айтилди. Шунингдек, Адҳам Икромов шу вақтгача хорижда ишлаб келаётган "10-15 нафар ўзбекистонлик" етакчи шифокорларни ватанга қайтариш бўйича келишувга эришганини ҳам айтган.

Бундан ташқари, ҳудудий тиббиёт муассасалари раҳбарлари раҳбарларини энди соғлиқни сақлаш вазирлиги эмас, балки ҳудудий раҳбар - ҳокимлар тайинлайдиган тартиб жорий этилмоқда. Лекин кузатувчилар бу тадбир айнан соғлиқни сақлаш вазирлигининг назорат кўламини кескин қисқартириб, амалда уни рамзий ташкилотга айлантириб қўйиши мумкинлиги билдирмоқда.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber да: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг

Алоқадор мавзулар