Янги 10 минг сўм банкноти қиймати 2 доллар атрофида

Фото муаллифлик ҳуқуқи cisnews.net
Image caption Ҳозирча Марказий банк 10 минг сўмлик банкнот ҳақида ахборот бергани йўқ

Ўзбекистон Сенати 10 минг сўмлик банкнотларнинг муомалага чиқарилишини маъқуллади. Бу ўзбек миллий валютаси - сўм жорий этилган 1994 йилдан бери чиқарилган энг катта пул бирлиги бўлади.

Сенат раиси Ниғматилла Йўлдошев "Ўзбекистон Марказий банки томонидан 10000 (ўн минг) сўмлик банкнотларнинг чиқарилиши тўғрисида"ги қарорни 20-февраль куни имзолаган.

Ҳозирча Марказий банк 10 минг сўмлик банкнот ҳақида ахборот бергани йўқ. Янги купюраларнинг кўриниши қандай экани, унинг олд ва орқа томонларида нималар тасвирлангани ҳақида аниқ маълумот йўқ.

Янги купюра чиқарилиши ҳақидаги хабарлар 2016 йил баҳорида ҳам тарқалган, миш-мишларга янги банкнотнинг суратлари ҳам илова қилинган эди. Унинг олд томонига Ўзбекистон герби, орқа томонига эса Шаҳрисабздаги Оқсарой майдони сурати туширилган эди. Бироқ Марказий банк бу миш-мишларни рад этган эди.

Икки доллар ҳам эмас

Ўзбекистонда сўнгги бор 2013 йил июлида янги банкнот муомалага чиқарилган эди. 5 минг сўмлик купюра чиқарилган вақтда унинг қиймати ҳам расмий, ҳам "қора бозор" курси бўйича 1 доллардан қиммат эди.

Бироқ ҳозирги келиб "қора бозор"да доллар курси 6800 сўмдан ошиб кетган, расмий курс эса 21 февраль куни салкам 50 сўмга ўсиб, 3356,87 сўмга етди. Расмий курс сўнгги бор бундай юқори ўсиш суръатини 2001 йилда кўрсатган эди.

Image caption Бу ўзбек миллий валютаси - сўм жорий этилган 1994 йилдан бери чиқарилган энг катта пул бирлиги бўлади

Янги банкнот давлат курси бўйича салкам 3 долларга етади, "қора бозор" курси бўйича эса 1,5 долларга ҳам етмайди.

2016 йил ноябрида Ўзбекистондаги валюта сиёсатини либераллаштиришга қаратилган президент қарори лойиҳаси муҳокамага қўйилган эди. Унда сўмнинг хорижий валюталарга нисбатан курсини ҳозиргидек Марказий банк назорати билан эмас, балки фақат бозор механизмларига асосан (қарийб "қора бозор"даги каби) ўрнатишни назарда тутувчи тартибни жорий этиш ҳақида сўз борган эди.

Муҳокамаси президент сайлови арафасида анчагина катта шов-шувларга сабаб бўлган бу ҳужжат қачон қабул қилиниши ва қачон кучга кириши номаълум. Кўпчилик бу ҳужжатнинг қабул қилинишига шубҳа билан қарайди.

Қабул қилинган тақдирда ҳам, у мамлакат иқтисодиётини абгор қилувчи лойиҳа деб ҳисоблайдиганлар талайгина.

Нақд пул талвасаси

Нақд пул етишмовчилиги ва унга бўлган талабнинг ақлбовар қилмас даражада юқорилиги - замонавий Ўзбекистоннинг ўзига хос ва мамлакатни, шиорларда айтилганидек, "дунёда ягона" қилиб турадиган муаммолардан.

Шавкат Мирзиёевнинг февраль бошида имзолаган пенсияларни тўлиқ, стипендияларни камида ярмини нақд пул шаклида мажбурий тўлаш ҳақидаги қароридан сўнг бу мавзу атрофидаги баҳс-мунозаралар қизигандан қизиди.

Бундан аввалроқ эса Марказий банк мутассаддилари 2017 йил охирига қадар Ўзбекистон бўйлаб 1000та банкомат ўрнатилиши, шунда нақд пул атрофида ҳозиргидек васваса бўлмаслигини ваъда қилиб чиққан эди.

Банкирларнинг бу ташаббуси ижтимоий тармоқларда, турган гапки, нимтабассум билан қарши олинди. "Карточкаларимиздаги миллионлаб сўмларни чиқариш учун банкоматлар худди контейнердек бўлиши керак", қабилидаги мемлар мессенжерларда роса айланди.

Шу билан бирга маҳаллий интернет нашрларда пластик карточка ва нақд пул муаммосига бағишланган қатор мақолалар эълон қилинди. Уларнинг баъзиларида пластик карточка қораланган, бошқаларида бозор механизмлари ишламаётгани таъкидланган.

"Банкоматлар ўрнатилиши билан муаммо ҳал бўлмайди. Муаммо - нақд ва нақдсиз пул тўлов қобилиятлари ўртасидаги 15-30 фоизлик фарқда ҳамда импорт маҳсулотларини олиб келувчи тадбиркорларнинг тўғри йўл билан ўзи истаган миқдорда валюта сотиб олишига қонуний шароит йўқлигида", - деб ёзган "Дийдор азиз" нашрида эълон қилинган мақола муаллифи.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber да: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг

Алоқадор мавзулар