"Сомон Эйр" Ўзбекистондан кечирим сўради

Фото муаллифлик ҳуқуқи News.tj
Image caption Чорак аср кутилган ва икки давлат раҳбарияти ўртасидаги узоқ музокаралар натижаси бўлган парвознинг нима учун бекор қилингани борасида на тожик ё на ўзбек ҳукумати расмий муносабат билдирди

Тожикистоннинг "Сомон Эйр" авиакомпанияси матбуот хизматига кўра, компаниянинг ички тергови ортидан Душанбе-Тошкент рейсига масъул барча шахслар, хусусан, компаниянинг тижорий директори Алишер Рустамов ишдан четлатилганлар.

Авиакомпания Ўзбекистондаги шерикларидан кечирим сўради.

Тожикистондан келаётган хабарларга кўра, бироз аввал Ўзбекистон томони "Сомон Эйр" авиакомпаниясининг Душанбе-Тошкент парвози бўйича "нотўғри маълумот" тарқатганидан хавотир изҳор қилган.

Азия плюс хабар қилишича, "Ўзбекистон ҳаво йўллари" Тожикистон ҳукуматига йўллаган мактубида "Сомон Эйр" хабарни ёйиб юборишидан аввал масаланинг барча томонларини аниқлаштириши керак бўлганлиги айтилади.

Нашрнинг мактубни кўрган манбасига таяниб ёзишича, мактубда масаланинг тубдан ўрганилмай тарқатилиши "турли хил қийинчиликлар"га етаклаши айтилган.

Мактубга биноан, ўзбек авиацияси расмийлари "Сомон Эйр"дан мунтазам равишдаги рейслар эмас, балки чартер парвозлари бўйича сўров олишган.

Сўров парвоздан бир кун олдин - 19 февралда юборилгани ва унга боғлиқ қарорни қабул қилиш учун вақт жуда кам бўлгани айтилади.

Айни дамда Тошкентда ҳали ҳам "Сомон Эйр" ваколатхонаси йўқлиги ва Ўзбекистонда бу парвоз учун чипталар сотилмаётгани таъкидланган.

20 февраль куни Тожикистон ва Ўзбекистон пойтахтлари ўртасида амалга ошиши кутилган илк йўловчи учоғи парвози бекор қилинган.

"Сомон Эйр" матбуот хизмати раҳбари Тимур Бандишоевнинг Би-би-сига маълум қилишича, душанба куни Тошкент халқаро аэропорти тожик томонига парвознинг "тақиқланган"и ҳақида билдириш йўллаган.

Чорак аср кутилган ва икки давлат раҳбарияти ўртасидаги узоқ музокаралар натижаси бўлган парвознинг нима учун бекор қилингани борасида на тожик ё на ўзбек ҳукумати расмий муносабат билдирди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber да: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг

Алоқадор мавзулар