Соғлиқни сақлаш вазирлиги: Тизимми ё ташхис?

Фото муаллифлик ҳуқуқи Official
Image caption Мирзиёев соғлиқни сақлаш тизимини бутунлай ўзгартириш кераклигини айтган.

Президент Шавкат Мирзиёев мамлакат соғлиқни сақлаш тизимида бошлаган ислоҳотларнинг биринчи қурбони Соғлиқни сақлаш вазирининг ўзи бўлди.

Адҳам Икромов, гарчи Бош вазир ўринбосари лавозимида қолдирилган эса-да, афтидан, Соғлиқни сақлаш вазири лавозимига нолойиқ, деб топилган.

Бир ҳафта аввал у Мирзиёевнинг топшириғига биноан, бир неча етакчи мутахассисларни хориждан Ўзбекистонга қайтаришга рози қилгани ҳақида ҳисобот берганди.

Ўзининг сўзларига кўра, хориждаги ўзбек мутахассисларига Тошкентдаги етакчи клиникалардаги эски ўринларига қайтганлари тақдирда, уй-жой билан таъминланишлари ваъда қилинган.

Икромовнинг вазир лавозимидан олинишига нима сабаб бўлгани очиқланмаяпти, аммо Президент Мирзиёевнинг олдинги чиқишларига қаралса, мамлакатда энг оқсаётган соҳа ҳам, энг кўп коррупцияга ботган соҳа ҳам соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидир.

Президент энг катта порахўрлар деб туғруқхонада суюнчи пули олаётган шифокорларни атаган.

Гарчи ўзбекистонликларнинг энг кўп пора олаётган тизимлар ҳақидаги тасаввурлари Президентникидан фарқ қилади.

Ижтимоий тармоқлардаги кўпчилик Президентни шифохоналардаги порахўрликка барҳам бериш кераклиги ҳақидаги сўзлари учун олқишлаган эса-да, энг катта порахўрлик соғлик тизимида эканини савол остига олган.

Аксарият ўзбекистонликлар энг катта порахўрлар ҳуқуқ-тартибот идоралари ва таълим муассасаларида, деб ишонишади.

Аммо Мирзиёев ҳали бу тизимлардаги порахўрликка қарши кураш эълон қилганича йўқ.

Соғлиқни сақлаш тизими раҳбари охирги икки ой ичида икки марта ўзгартирилган бўлса, куч тизимларида, Ички ишлар вазирлигини ҳисобга олмаганда, эски раҳбарлар (МХХ, Бош прокуратура, Солиқ ва Божхона) ҳамон лавозимда қолмоқда.

Ўзгаришлар ҳозирга қадар порахўрлик авж олган деб айтиладиган банк тизими раҳбариятини ҳам четлаб ўтаётир.

Кадрлар ҳамма нарсага қодирларми?

Ўтган ҳафта Тошкентдаги 39 та шифохонанинг бош врачлари, жумладан, 9 та туғруқхона бош шифокорлари алмаштирилган.

Афтидан, Президент кадрлар ротацияси порахўрликка чек қўяди ва тизимдаги аҳволни яхшилайди, деб ишонади.

Аммо соғлиқни сақлаш тизимидаги мутахассисларнинг айтишларича, кадрларни алмаштириш муаммони ҳал қилмайди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи UzTV
Image caption Адҳам Икромов аввалроқ Президент томонидан огоҳлантирилганди.

"Кадрлар ҳамма нарсани ҳал қилади, деган тамойил бошқарувда иш беради. Аммо Ўзбекистондаги соғлик тизими муаммоси, биринчи навбатда мутахассисларнинг етишмаслиги ва маошларнинг камлигидир. Янги тайинланган бош шифокор ойликлар муаммосини ҳал қилолмайди, хатто вазир ҳам маошларни кўтаришга қодир эмас. Бу ерда гап умуман, Ўзбекистонда қарор топган маъмурий-буйруқбозлик тизимини ўзгартириш ҳақида кетяпти. Бусиз алоҳида олинган бир соҳада ўзгариш қилиб бўлмайди", - дейди ўзбекистонлик мутахассислардан бири.

Унинг сўзларига кўра, Президентнинг қўл остидагилардан натижа талаб қилиши қайтага, соҳадаги кўзбўямачиликни кучайтиради, холос.

Таҳлилчиларга кўра, Мирзиёев соғлиқни сақлаш соҳасида кўтараётган муаммолар барча соҳалар учун симптоматик, бу- молиялашнинг етишмаслиги, технология ва инфратузилманинг эскиргани, молиявий рағбатлантиришнинг йўқлиги ва маошларнинг камлиги.

Шу маънода Мирзиёев соғлик тизимини танқид қиларкан, аввало бир идора эмас, балки бутун тизимга ташхис қўймоқда.

Аммо бу тизимдаги иллатларни фақат янги буйруқлар чиқариш ёки дори-дармонлар нархини сунъий пасайтириш ва ё хорижга кетган мутахассисларни ватанга қайтганларида мажбуран олиб қолиш йўли билан даволаш мумкинми, деган савол анча риторик жаранглайди.

Дарвоқеъ, дори-дармонлар ҳақида...

Президент Мирзиёевнинг қарорига мувофиқ, мамлакат дорихоналарида сотилаётган дори-дармонлар ва тиббий буюмлар учун ягона нарх белгиланди.

Қарорга қўшимча сифатида Соғлиқни сақлаш вазирига юрт ташқарисида бўлган шифокорларни қайтариш вазифаси топширилганди.

Мақсад - Президент Мирзиёев юрт ташқарисидан муолажа излаётганини айтган 40 минг беморга юрт ичида хизмат кўрсатиш.

Бунинг учун хорижий клиникаларнинг Ўзбекистондаги филиалларини очиш кўзда тутилган.

Қарорга аввалига илиқ муносабат билдирган ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари қарор ижросидан жунбушга келганлар.

Фэйсбук даги Потребител.уз, Маслаҳат.уз гуруҳлари вакиллари кундалик истеъмолда бўлган дориларнинг 2 -3 баробарга қимматлаганидан шикоят қилишмоқда.

Гуруҳ аъзоларидан бири "Ойлигимиз ҳам бунчалик тезликда кўтарилмаяпти-ку" дея захарханда қилади.

Айни пайтда нархлардаги ўзгаришни импорт шартларига боғлаб, сотувчиларнинг ёнини олаётганлар ҳам бор.

Янги қонунга биноан, дорихоналар белгиланганидан қимматроқ нархда сотса ва буни исботловчи чек ёки нархлагичи бўлмаса, муассаса фаолияти 3 йилгача тўхтатиб қўйилади.

Муассасалар тақдим қилган реестр манзил ва ходимлар ҳақидаги маълумотлар уч йилгача амал қилиши айтилган.

Ўз-ўзини даволаш

Бундан аввал Президент Мирзиёев тиббиёт ходимларининг маошларининг оширилиши ҳақида фармон чиқарганди.

Фармонга мувофиқ, ойликлар ўртача 30-40% ошиши кутилади.

Мақсад хорижга чиқиб кетган шифокорларни ватанга қайтаришдир.

Бу ҳақда ижтимоий тармоқларда ўз фикрини билдирган шифокорлардан бири "Четдаги шифокорларнинг энг аввалги талаби шифокорлар учун фаолият эркинлигини бериш ва меъёридан ортиқ қоғозбозликдан озод қилишдан иборат. Қоғозбозлик Ўзбекистоннинг барча давлат органларида, жумладан, соғлиқни сақлаш тизимининг барча жабҳаларида кузатилади. Бу ҳар қандай беморни ҳам, шифокорни ҳам даволашдан аввал тўлдирилаётган қоғозлар тўғрилигига аҳамият беришга мажбур қилади. Шундай экан, тиббий хизматлар сифатини оширишдан олдин, бошқариш тизимида сезиларли ўзгариш қилиш керак", деб айтган.

Ўзбекистондаги дори-дармон бозори, Соғлиқни сақлаш вазирлиги дохил, кичик бир гуруҳ томонидан назорат қилинади, деган фикр кенг тарқалган.

Аввалроқ ўтган селекция йиғилишида Мирзиёев соғлиқ мулозимларини қаттиқ койиган ва тизимдаги мавжуд порахўрликдан хабардор эканини айтганди.

YouTube ижтимоий тармоғида тарқалган, юқорида иқтибос қилиб келтирилган, видеолавҳада изоҳ қолдирганларнинг бири "Порахўрликнинг барчаси аввало олий таълимда. "ТашMи"ниям, "Сампи"ниям битириётганларнинг кўпчилиги пора билан ўқиганлар бўлгани учун, халқ орасида шифокорларга, айниқса, ёш авлод шифокорларига ишонч деярли йўқ. Шунинг учун одамлар ё ўзларини ўзлари даволашади ё бўлмаса табибларга боришади", деб ёзади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber да: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг