'У советлардан қолган тизимни ҳам ўлдирди'

Абдулла Арипов Фото муаллифлик ҳуқуқи facebook

Ўзбекистоннинг энди собиққа айланган Соғлиқни сақлаш вазири Адҳам Икрамов 21 февраль куни мамлакат Бош вазири Абдулла Арипов иштирокида вазирликда ўтган йиғилишда кескин танқидга учраган.

Вазирликнинг юқори мансабли ходимларидан бирининг маълум қилишича, асосан Адҳам Икрамов танқидига бағишланган тадбирда собиқ вазирнинг ўзи қатнашмаган.

Адҳам Икрамов вазирликдан кетган бўлса-да, Бош вазир ўринбосари лавозимини сақлаб қолган, бироқ энди у раҳбарлик қиладиган комплекс тиббиёт учун масъул эмас.

"Соҳанинг боши чириган"

Абдулла Арипов ўз нутқида ҳудудлардаги қишлоқ врачлик пунктларининг ачинарли аҳволда экани, "уларнинг на дўхтири, на қоровулини жойида топиб бўлмаслиги"ни таъкидлаган. Бош вазирнинг айтишича, "соҳанинг боши чириган - ҳамма бало шу ерда".

Ариповга кўра, президент Мирзиёев Адҳам Икромовга нафақат вазирлик рутбаси, балки Бош вазир ўринбосари мақомини ҳам берган, лекин "Икрамов ҳеч бўлмаса Совет давридан бери давом этиб келаётган тизимни ҳам ўлдирди".

"Вазирлик раҳбарларига бирор нима десанг, топиб олган гапи шу: фалон рейтинг агентлигига кўра, бизнинг тизим дунёда 8-ўринда! Хўп, 8-ўринда экан, нега унда йилига 50 минг ўзбекистонлик уйини, машинасини сотиб, хорижга даволангани кетяпти, деган ҳақли савол туғилмайдими?", - деган Абдулла Арипов.

Абдулла Арипов Соғлиқни сақлаш вазирининг вазифаси "10-15 та каттаконнинг хотини ёки қизига қараб, уларнинг аҳволи ҳақида эгаларига ахборот беришдан иборат эмас"лигини эслатган. "Бу ёқдаги 32 миллион аҳолига ким қарайди?", - деб савол қўйган Бош вазир.

Шу ўринда Бош вазир соғлиқни сақлаш тизимининг аксарият раҳбарлари, мамлакатдаги марказий шифо масканларининг кўплаб бошлиқлари ўз саломатлигини тиклаш учун Германияга боришини ҳам киноя билан тилга олган.

"Демак, бундан шундай хулоса қилиш мумкинки, ҳатто ўзимизнинг энг катта шифокорларимиз, шу марказларнинг раҳбарлари ҳам республика ихтисослашган марказларига ишонмайди", - деган жаноб Арипов.

Янги вазир

Янги Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шадмановнинг ишига баҳо бериш учун бирор муддат белгиланмагани айтилмоқда.

Абдулла Арипов уни таништираркан, Алишер Шадманов вазирликнинг собиқ раҳбари Икрамовдан фарқли ўлароқ "ҳақиқий врач" эканини қайд этган.

"Бу киши тиббиёт соҳасини Икрамовга ўхшаб бир клиниканинг компьютер томограф хонасига ўтириб олиб ўрганмаган. Ҳақиқий даволовчи врач", - деган Абдулла Арипов.

Бош вазир "яна қатор ўзгаришлар бўлиши"ни билдирган. "Халқнинг қонини ичиб ётган зулукларни таги билан улоқтириб ташлаймиз", - Бош вазир шундай ваъда берган.

Андижондаги воқеа

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев вилоят тиббиёт муассасалари раҳбарларини тайинлаш ва лавозимидан озод этиш ҳуқуқини вазирликдан олиб, вилоят ҳокимларига берган.

Тиббиёт ходимлари билан 7 февраль куни бўлган президентнинг иккинчи видеоселектор учрашувида Шавкат Мирзиёв шахсан ўзи Андижон давлат тиббиёт институти ректорини вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасига раҳбар этиб тайинлаш кераклиги ҳақида кўрсатма берган.

"7 февралга қадар ҳеч вақт касал бўлмаган ректор 7 февралдан бошлаб бирдан касал бўлиб қолган. Лекин бизда ҳамма маълумот бор - ўша ректор ўзини бемор сифатида рўйхатдан ўтказиб, ректорлик ўрнини сақлаб қолиш учун эшикма-эшик юрган", - деди Бош вазир.

Вазиятни ҳал қилиш ва президент топшириғини бажариш учун Андижон вилояти ҳокими Адҳам Икрамовга мурожаат қилган, бироқ собиқ вазир энди бу масала фақат вилоят раҳбарларининг муаммоси эканини тушунтирган.

Бир кун ўтиб Самарқанд вилояти ҳокими ҳудуд Бош шифокорини ишдан бўшаш ҳақидаги аризасини олганида, Адҳам Икромов "нега уни ишдан олдингиз?", деб ҳокимга телефон қилган.

Абдулла Арипов бу ҳолатларнинг барини "президент топшириғини ҳам бажармаслик даражасига етган тартибсизлик", деб атаган.

Вазирликдаги манбаларнинг таъкидлашича, Икрамовнинг вазирликдан кетишига ҳам энг асосан шу ҳодиса сабаб бўлган. Андижонлик ректорга қандай чора кўрилгани номаълум.

Бошқа ўзгаришлар

Йиғилишда республика Дерматология тиббиёт маркази ва Қон қуйиш илмий-текшириш институтининг директорлари ишдан олингани, Терапия ва тиббий реабилитация илмий-текшириш институти директори ҳамда Врачлар малакасини ошириш институтининг ректори ўз аризаси билан нафақага чиқарилгани айтилган.

Айни вақтда, Абдулла Арипов Соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари Абдуҳаким Ҳожибоев Республика тез тиббий ёрдам илмий маркази Бош директорлигидан озод қилинганлигини билдираркан, бир вақтнинг ўзида бир неча жойда ишлаш "тиббиёт тизими раҳбарларига теккан касаллик" эканини қаттиқ танқид қилган.

Шу масалада фикр билдираётганида ҳам Абдулла Арипов ўз ўринбосари Икрамовни яна тилга олишдан тийила олмаган.

"Икрамов ким ўзи: соғлиқни сақлаш вазирими, Бош вазир ўринбосарими ёки кафедра мудири? Шунча жойда ишлайди, лекин ҳаммаси чала. Энди ҳеч бир Бош вазир ўринбосари, ҳеч бир вазир, ҳеч бир вазир ўринбосари бирор жойда дарс бериши мумкин эмас - ё дарс берсин, ё раҳбарлигини қилсин", - деди Арипов.

Мажлисда Ўзбекистон Бош вазири Соғлиқни сақлаш вазирининг бир қатор муовинлари, мамлакатдаги йирик марказий даволаш муассасаларининг раҳбарларига "олти ойда соҳани тартибга келтириш" бўйича топшириқ берган

Топшириқ бажарилмаса, улар ҳам ишдан олиниши билдирилган.

Тиббиёт - асосий танқид нишони

Шавкат Мирзиёев президент этиб сайланганидан сўнг тиббиёт Ўзбекистонда энг кўп танқид остига олинаётган соҳалардан бири бўлиб турибди.

Мирзиёев ҳали муваққат президентлик вақтидаёқ, 2016 йилнинг 13 декабрида Анвар Алимов ўрнига Адҳам Икрамовни Соғлиқни сақлаш вазири этиб тайинлаган эди. Икрамов икки ярим ой вазирлик қилди.

Шифохоналардаги порахўрлик, сифатсиз тиббий хизмат, қишлоқ жойларда кадрларнинг етишмаслиги, минглаб одамлар даволаниш учун хорижга чиқишга мажбур бўлаётгани президент даражасида қораланди.

Президент ҳозиргача икки марта - 5 январь ва 7 февраль кунлари тиббиёт ходимлари билан катта учрашувлар ўтказди. Март ойида яна бир шундай учрашув ўтказилиши кутилмоқда.

Ҳозирча бошқа ҳеч бир соҳа вакиллари билан президент бу қадар кўп учрашувлар ўтказгани йўқ.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber да: +44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook- BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - bbcuzbekradio
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг