AI: 'Ўзбекистонда ҳукумат ўзгарди, вазият ўша-ўша'

Халқаро инсон ҳақларини сақлаш ташкилоти Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC WORLD SERVICE

'Amnesty International' инсон ҳуқуқлари ташкилотига кўра, Ўзбекистонда ҳукумат алмашган бўлса-да, қийноқлар ва шафқатсиз муносабатлар борасидаги мурожаатларни кескин рад этишда давом этган.

Ташкилот томонидан чоп этилган йиллик ҳисоботда айтилишича, бошқа инсон ҳуқуқлари соҳасида ҳам вазият деярли ўзгармаган.

"Ўзбекистон ҳукумати ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари томонидан амалга оширилган қийноқлар ва шафқатсиз муносабатлар ҳақидаги хабарларни кескин рад этишда давом этди. 2016 йилнинг октябр ойида Инсон ҳуқуқлари миллий маркази директори қийноқлар борасидаги таъкидлар қалбакилаштирилган далилларга асосланганлигини ва "Ўзбекистонга босим ўтказиш мақсадида оммани чалғитишга хизмат" қилишини билдирди", - дейилади ҳисоботда.

Ташкилот ҳисоботида қийноқлар қўлланишда ҳамон давом этаётганига Пахтакор туманидан тадбиркор Арамаис Авакяннинг ишини мисол сифатида келтиради.

2016 йилнинг февраль ойида Жиззах вилоят маҳкамаси балиқ хўжалиги эгаси Арамаис Авакян ва унинг 4 ҳамрохини Ўзбекистони Республикаси Конститутицион тузумига тажовуз қилишда қилишда ва уларни "экстремистик ташкилотда" иштирок этишда айблаб беш йилдан 12 йилгача озодликдан маҳрум қилган эди.

Авакян ўзига қўйилган айбларни рад этган ва СНБ ходимлари уни ўғирлаб бир ой ташқи дунёдан узган ҳолда сақлагани ҳамда қийноқ қўллаш орқали айбига иқрор қилишганини айтган.

"Мажбуран қайтарилганлар"

Ўзбекистон ҳукуматининг маълум қилишича, 2015 йилнинг январ ойидан 2016 йилнинг июл ойигача жиноятда гумон қилинган 542 фуқаро четдан Ўзбекистонга қайтариб олиб келинган.

'Amnesty Internationalэ нинг ёзишича, Ўзбекистон ҳукумати фуқароларини юбораётган давлатларга мустақил кузатувчилар ва дипломатлар улар билан эркин ва ҳоли равишда учрашишига кафолат берган. Бироқ маҳбуслар билан учрашув ташкил қилиш жуда қийин бўлган. Бериб юборилганлар билан учрашиши учун дипломатлар гоҳида бир йилгача вақт сарфлаган ва ушбу учрашувлар расмий вакил иштирокида ўтган. Бу эса ваъда берилган ҳоли равишдаги учрашув шартларига терс келади.

Ҳисоботда айтилишича, МХХ ходимлари хориждаги ўзбек фуқароларини сирли равишда ўғирлаб Ўзбекистонга қайтаришда давом этишган. Россияда ҳукумати Ўзбекистон сўраган шахсларнинг экстрадициясини камдан-кам ҳолларда рад этган ҳолларда, СНБга уларни ўғирлаб Ўзбекистонга юборишда маҳаллий махсус хизматлар ёрдам берган.

Ўғирлаб ёки мажбуран ортга қайтарилган одамлар ташқи дунёдан узилган ҳолда сақланган. Уларни иқрор қилдириш ёки бошқа шахсларга нисбатан кўрсатма олиш мақсадида қийноқларга тутишган.

Кўп ҳолларда халқаро ташкилотлардан ёрдам сўрамаслиги ва инсон ҳуқуқлари бузилишидан шикоят қилмаслиги учун бу одамларнинг яқинларига босимлар ўтказилган.

Маҳалла фуқаролар йиғинлари эса, олдингидек махсус хизматлар билан ҳамкорлик қилишда ва маҳалладаги ҳукумат ёқтирмайдиган шахсларни кузатишда давом этган.

Айрим ҳолларда айбланганларнинг яқинлари шикоят қилишда давом этган вақтда уларни маҳалладан қувиб чиқариш таҳдидлари бўлган.

Ҳисоботда Ўзбекистон далаларида мажбурий меҳнат ҳамон тугамаганлиги айтилган. 2016 йил эълон қилинган қуллик бўйича Глобал индексга кўра, Ўзбекистон қулдорликнинг замонавий кўришиниши қўллашда дунёда иккинчи давлат, дея топилган.

Мажбурий меҳнат ҳақида хабар тўплашга ва беришга ҳаракат қилган одамларни махсус хизматлар таъқибга олган ва қийноқларга тутган.

Қароргоҳи Лондонда жойлашган 'Amnesty Internationalэ инсон ҳуқуқлари ташкилоти ҳар йили дунёдаги инсон ҳуқуқларига оид вазиятни ўрганиб ҳисобот чиқаради.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber да: +44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook- BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - bbcuzbekradio
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг