‘Тоҳир Йўлдошнинг ўғли Дарзобга келган’

Тоҳир Йўлдош
Image caption Тоҳир Йўлдош

Бундай баёнот билан қўшни Афғонистон биринчи вице-президенти генерал Абдулрашид Дўстум чиққан.

Генерал Дўстум сешанба кунги телевизион чиқишида Ўзбекистон Исломий ҳаракати марҳум раҳбарининг ўғли Афғонистоннинг Туркманистонга бевосита чегарадош шимолий Жаузжон вилоятининг бу туманига ўтганини айтган.

Афғонистон биринчи вице-президентининг сўзларидан маълум бўлишича, марҳум Тоҳир Йўлдошнинг ўғлига оиласи билан бирга бўлган қатор жангарилар ҳам ҳамкорлик қилишган.

Аммо генерал Дўстум на-да уларнинг қачон, қандай мақсад билан Дарзобга келишгани ва на-да Ўзбекистон Исломий ҳаракати марҳум ҳамасосчиси ўғлининг мақоми, ёши, исм-шарифига тўхталган.

Афғонистон биринчи вице-президенти бу каби ҳолат ИШИД жангариларига қарши кураш масаласига жиддий эътибор қаратиш лозимлигини англатишини айтиш билан кифояланган, холос.

Аммо

Марҳум Тоҳир Йўлдош ўғлининг Афғонистон шимолида эканига оид хабарлар матбуотда бундан бир неча ҳафта бурун пайдо бўлган.

Хабарларда унинг ИШИД гуруҳи номи остида Жаузжонга бевосита чегарадош Афғонистоннинг бошқа бир шимолий вилояти - Сарипулнинг Сайёд туманига келиб жойлашиб олгани ва афғон ҳукуматига қарши жанг бошлаётгани ҳақида айтилган.

Сарипуллик масъуллар, ўз таъбирларида, Ўзбекистон Исломий ҳаракати марҳум раҳбарининг ўғли Сарипул ва Жаузжон вилояти ўртасидаги минтақаларда катта молиявий имконият билан фаолият бошлаганидан жиддий ташвишларини изҳор этишган.

Сарипул вилоят ҳокими матбуот воизи Забиуллоҳ Омонийнинг Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатида айтишича, Тоҳир Йўлдошнинг ўғли ўзбекистонлик бир қанча оила билан бирга бундан уч ойча бурун Сайёд туманининг Шотут минтақасига келиб жойлашиб олган.

Унга кўра, бунга ўзларига имконли бўлган жосуслик маълумотлари далолат қилган.

"Бу жангарилар ИШИД гуруҳи фаолиятини кенгайтиришга уриниб, маҳаллий аҳоли орасидан ўзларига янги аъзолар ёллашга ҳаракат қилишмоқда ва биз бундан ташвишдамиз", - деб айтган матбуот воизи.

Суҳбатдошимизга кўра, бундан аввал Афғонистон Толибон ҳаракати сафларида жанг қилган жангарилар ҳозир ИШИД гуруҳи байроғи остида жанг қилишмоқда.

Хавотирлар

Худди шу манзарада Сарипулга қўшни Жаузжон вилояти масъуллари ҳам чекка минтақаларда ИШИД гуруҳи фаолияти кучайиб бораётганидан ўз хавотирларини изҳор этишган.

Жаузжон вилояти ҳокими матбуот воизи Муҳаммад Ризо Ғафурий Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатида айтишича, ИШИД гуруҳи аъзолари вилоятнинг чегара туманларида, ҳатто, маҳаллий аҳоли устидан маҳкама ўтказишгача боришмоқда. Масжидлардан бирини ўз зиндонларига ҳам айлантиришга улгуришган.

Худди шу манзарада ҳар икки вилоят масъуллари марказий ҳукуматдан мавжуд вазиятга жадаллик билан эътибор қаратиш, ИШИД гуруҳи фаолиятининг олдини олиш ва уларни йўқ қилишни ҳам сўрашган.

Улар, акс-ҳолда, Афғонистоннинг шимолий минтақалари Толибон ўрнига ИШИД гуруҳининг фаолияти кенгайиши мумкинлиги билан огоҳлантиришганди.

Бу каби хабарлар маҳаллий аҳолининг жиддий ташвишларига ҳам сабаб бўлмай қолмаган.

Улардан айримлари Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатида ИШИД га алоқадор айрим гуруҳларнинг туманга келиб жойлашиб олишгани, одамлардан ушур ва закот олишаётганини айтишганди.

Аммо бу икки вилоят масъуллари ҳам марҳум Тоҳир Йўлдош ўғлининг ИШИД сафларида қандай мақомда экани, жангариларининг сони ва уларнинг айнан қай бир давлат фуқароларидан иборат эканликлари дохил унга оид бирор бир шахсий маълумотни очиқлашмаганди.

Тоҳир Йўлдош ва ўғли

Фото муаллифлик ҳуқуқи COURTESY

Ўғлининг ИШИД гуруҳи номи остида Афғонистоннинг аксарият Марказий Осиё давлатларига бевосита чегарадош шимолий вилоятларида фаоллашиш ҳаракатида эканига оид хабарлар отаси - Тоҳир Йўлдош ўлимидан қарийб ўн йилча ўтиб ўртага чиқмоқда.

Ўзбекистон Исломий ҳаракатининг ҳамасосчиси ва дастлабки етакчиси 2009 йилнинг август ойида Афғонистонга бевосита қўшни Покистон шимоли-ғарбида америкаликларнинг дрон ҳужумларида ўлдирилган.

Тоҳир Йўлдошнинг ўрнига ҳаракат раҳбари этиб куёви Усмон Одил тайинлангани хабар берилган, аммо орадан уч йил ўтиб, унинг ҳам худди шу тариқа ўлим топгани маълум бўлганди.

Ўшандан буён Ўзбекистон Исломий ҳаракатига Усмон Ғозий исмли шахснинг етакчилик қилиб келаётгани айтилган эса-да, унинг марҳум Тоҳир Йўлдошга бирор бир алоқаси бор-йўқлиги маълум эмас.

Худди шунингдек, Ўзбекистон Исломий ҳаракати марҳум раҳбарининг оиласи ва Тоҳир Йўлдош ўлими ортидан, уларнинг кейинги тақдири нима бўлганига оид ишончли маълумотлар ҳам шу кунгача имконли эмас.

Ўзбекистон Исломий ҳаракатининг, айрим таҳлилчиларга кўра, асосий ўзаги 2015 йилнинг август ойида анъанавий иттифоқчиларидан бири бўлган Афғонистон Толибон ҳаракатидан юз ўгириб, расман тўлиғича Яқин Шарқдаги ИШИД гуруҳи ва уларнинг исломий халифати халифига байъат келтирганди.

Аммо...

Фото муаллифлик ҳуқуқи COURTESY

Ўтган йил июнь ойида Ўзбекистон Исломий ҳаракати сафларидан ИШИД дан мустақил янги гуруҳ алоҳида ажралиб чиққани маълум бўлган.

Бу ҳақда "The Long War Journal" интернет нашри хабар тарқатган.

Нашрнинг ёзишича, янги пайдо бўлган гуруҳ аллақачон ўзининг "ал-Қоида" тармоғи, Толибон ҳаракати ва йилларки, минтақада фаолият юритиб келган бошқа жиҳодий гуруҳларга мойил эканига ишора қилган.

Ҳаракат 2000-йиллар бошларида Афғонистонда фаол бўлган "ал-Қоида" тармоғининг ҳам яқин иттифоқчиси сифатида кўрилган.

АҚШ бошчилигидаги иттифоқ қўшинларининг 2001 йилги ҳарбий амалиётлари ортидан Афғонистондан қочиб, Покистондан паноҳ топган.

Яқин Шарқдаги ИШИД гуруҳи ва унинг халифи Абу Бакр ал-Бағдодийга байъат келтиришидан қисқа вақт ўтмай эса, Ўзбекистон Исломий ҳаракати яна тўлиғича Афғонистонга қайтганликларини расман баён қилганди.

Гуруҳнинг инглиз ва араб тилларида битилган баёноти тафсилотларига таянилса, ҳаракат сафларидаги парчаланиш лидери Усмон Ғозийнинг айнан ИШИДга байъат келтириш қарори ортидан, 2015 йилда юз берган.

ИШИДга байъат келтириб, унинг Афғонистондаги Хуросон қанотига қўшилишидан сўнг Ўзбекистон Исломий ҳаракати Афғонистоннинг, айниқса, жанубий Зобул ва шарқий Ғазний вилоятларида анчайин фаол бўлган.

Ҳаракат шов-шувли одам ўғирлаш ҳолларига қўл урган, улардан бирининг бошини танасидан жуда этгани акс этган видеолавҳасини ошкор қилиши ортидан, шундоққина Марказий Осиёнинг биқинидаги Афғонистонга Яқин Шарқдаги ИШИД гуруҳининг шафқатсиз жанг олиб бориш усуллари кириб келаётганига оид жиддий хавотирларга ҳам асос берганди.

Усмон Ғозий?..

Фото муаллифлик ҳуқуқи COURTESY

Бунинг ортидан, афғон ҳукумати уларга қарши кенг кўламли қатор ҳарбий амалиётларга қўл урган, орада Ўзбекистон Исломий ҳаракати ва Толибон ўртасида қақшатқич жанглар кечганига оид хабарлар ҳам олинган.

"The Long War Journal"нинг ёзишича, лидерининг минтақадаги анъанавий иттифоқчиларидан воз кечиш қарори унинг тарафдорлари учун ҳалокатли бўлган.

Ўшандан буён ҳаракат раҳбари Усмон Ғозийнинг тақдири ҳам ноаёнлигича қолмоқда.

Аммо, "The Long War Journal"нинг ёзишича, бу гуруҳ ўзининг янги лидери номини ошкор қилмаган.

Нашр наздида бунга хавфсизлик билан боғлиқ омиллар сабаб бўлган бўлиши мумкин.

Янги Ўзбекистон Исломий ҳаракатининг ўзи эса, баёнотининг якунида бундан аввалги икки амирлари: Тоҳир Йўлдошев ва Усмон Одил "салбчи рақибларининг учувчисиз учоғи томонидан хиёнаткорона ҳужумга тутилиб", ўлдирилганини айтган.

Сўнгги ойларда олинаётган хабарлардан эса, Ўзбекистон Исломий Ҳаракати аъзоларининг Афғонистон шимолидан тортиб, жанубига қадар фаоллашишга муваффақ бўлишаётгани айтилади.

Афғонистонлик масъуллар ўтган йил ўрталарида биргина Зобул ва Ғазнийдаги Ўзбекистон Исломий Ҳаракати аъзолари бўлган аксарияти марказий осиёлик жангарилар оилалар сонининг ўзи олти юзлар атрофида эканини тахмин этишганди.

Масъулларга кўра, бу жангариларнинг аёллари ҳам жанг олиб бориш санъатини пухта эгаллашган, бундан ташқари, улар турли портловчи моддалар ясаш, жосуслик маълумотлари йиғиш ва маҳаллий аҳолини урушга тарғиб этиш билан ҳам шуғулланишади.

Покистон Қуролли кучларининг Афғонистон билан бевосита чегарадош Шимолий Вазиристон минтақасида ўтган йил ёзидан буён олиб бораётган кенг кўламли ҳарбий амалиётлари ортидан, ҳаракат аъзоларининг бугунги сони маълум эмас.

Аммо афғонистонлик масъулларнинг сўнгги ойлардаги чиқишларидан улар жангариларининг сони юзлаб экани англашилади.

Ўзбекистон Исломий ҳаракати ва ИШИД

Фото муаллифлик ҳуқуқи COURTESY

Ўзбекистон Исломий Ҳаракати дастлаб Ўзбекистондаги мавжуд тузумни ағдариб, ўрнига исломий халифат барпо этиш нияти билан дунёга келган.

Икки йилча бурун марказий осиёлик катта сондаги хорижий жангарилар Толибон сафларида Афғонистоннинг Тожикистонга бевосита қўшни шимолий-шарқий Қундуз вилоятида илк бор кенг кўламли ҳужумларга қўл уришган, бундан ташқари, уларнинг толибларни янада йирик ва замонавий урушларга тайёрлашаётгани ҳам маълум бўлганди.

Афғонистонлик масъуллар эса, аксарияти марказий осиёлик бўлган бу хорижий жангариларни ўшанда ИШИД гуруҳи аъзоларига нисбат беришганди.

Халқаро ҳарбий таҳлилчиларга кўра, биргина Қундузнинг мисоли Ўзбекистон Исломий Ҳаракати ва Афғонистондаги унга алоқадор гуруҳларнинг қанчалик жиддий таҳдидга айланишлари мумкинлигини амалда кўрсатиб қўйган.

Афғонистоннинг қатор шимолий вилоятларида ИШИД гуруҳининг фаоллашиш ҳаракатида эканига оид хабарлар мамлакат биринчи вице-президенти генерал Абдулрашид Дўстумнинг шу хусусдаги жиддий огоҳлантиришидан бор-йўғи саноқли ойлар ўтиб ўртага чиққан.

Жангариларга қарши кенг кўламли ҳарбий амалиётларга шахсан бошчилик қилиш учун Афғонистон шимолида экан, генерал Дўстум Яқин Шарқдаги ИШИД гуруҳи Марказий Осиё давлатларини кўзлаб, минтақага ўн мингга яқин жангарисини сиздириш ниятида эканини айтганди.

Афғонистон биринчи вице-президентининг айни шу огоҳлиги манзарасида айнан шимолий Жаузжон вилоятида ИШИД гуруҳи аъзолари бир неча куннинг ўзида ўнга яқин одамни ўлдиришган.

Катта сондаги Ғарб бошчилигидаги иттифоқ қўшинларининг оммавий сафарбарликлари ортидан кечган икки йил вақт давомида бу минтақаларда вазият жиддий издан чиққани, бу ерларга ИШИД жангарилари ҳам сизиб кириш ҳаракатида эканликлари айтилса-да, уларнинг бунча сондаги тинч фуқаронинг умрига зомин бўлганликлари шу пайтгача кузатилмаган.

Аммо, бошқа томондан, Жаузжон масъулларининг айни мазмундаги баёнотларига ИШИД жангарилари орада кечган вақт давомида бирор бир муносабат билдиришмаган. Дарзобдаги қотилликларга расман масъулиятни ўз зиммаларига ҳам олиб чиқишмаганди.

Дарзоб ва ИШИД

Фото муаллифлик ҳуқуқи COURTESY

Агар, вилоят масъулларининг ҳисоб-китобларига таянилса, Жаузжондаги ИШИД жангариларининг сони 70 га етади.

Бу жангарилар Ўзбекистон Исломий ҳаракати аъзоларидан ташқари, собиқ толиблардан ҳам иборат.

Таъкидлаш жоиз, айнан Дарзоб Жаузжоннинг, йилларки, Толибон фаол ва энг беқарор иккита туманидан биттаси бўлиб келган.

Туман сўнгги йилларда шахсан Афғонистон биринчи вице-президенти генерал Абдулрашид Дўстум бошчилиги остидаги устма-уст ҳарбий амалиётларга ҳам саҳна бўлган.

Маҳаллий кузатувчиларга кўра, вилоят маркази Шибирғонга яқин ва Афғонистоннинг бошқа яна икки шимолий вилояти - Фарёб ва Сарипулга йўл очгани боис ҳам, жангарилар, йилларки, Дарзобга кўз тикиб келишган.

Аммо, расмий хабарлардан аён бўлишича, Дарзобдаги ИШИД жангариларига асли дарзоблик, ёши 30 лардан ошган, ўз вақтида Толибон сафларида жанг қилган Қори Ҳикмат исмли шахс бошчилик қилади.

Дарзоб Жаузжон вилоятининг асосан ўзбеклар истиқомат қилувчи туманларидан бири бўлади. Туман аҳолисининг сони эса, 20 мингдан ортади.

Бу туман, ўз навбатида, вилоятнинг Туркманистонга бевосита чегарадош ва энг беқарор иккита туманидан биттаси Қўш Тепанинг шундоққина биқинида жойлашган.

Афғонистоннинг шимолий Жаузжон вилояти эса, айнан генерал Абдулрашид Дўстумнинг она вилояти бўлади.

Агар, Афғонистон Мудофаа вазирлиги эълон қилган энг сўнгги расмий маълумотларга таянилса, ўтган йилги ҳарбий амалиётлар чоғида ИШИД гуруҳининг 2000 га яқин жангариси ўлдирилган.

Вазирликнинг расман билдиришича, уларнинг орасида Ўзбекистон, Тожикистон, Чеченистон ва Хитой фуқаролари ҳам бўлишган.

Энг сўнггида алоҳида таъкидлаш жоиз, Афғонистон марказий ҳукумати сўнгги йилларда ИШИД гуруҳи оғир зарба кўрганини айтса-да, пойтахт Кобул ва мамлакатнинг қатор вилоятларида яқинда уюштирилган қонли ҳужумларга масъулиятни айни шу гуруҳ ўз зиммасига олиб чиққан.

Афғонистон шимолида маҳаллий ёшларни ўз сафларига ёллаш ишларини кучайтирган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber да: +44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook- BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - bbcuzbekradio
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг