Москвада маоши берилмаган ўзбеклар намойиш қилди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Настоящее время
Image caption Ўз ҳуқуқини талаб қилган ишчиларга таҳдид қилинди

Москвада беш ойдирки маошини ола олмаётган Ўзбекистон ва Тожикистон фуқаролари иш ташлаб намойиш ўтказишди.

Кўп сонли меҳнат муҳожирлари Москва метросининг янги линиясини қуришга жалб этилганлар. Уларнинг барчасида қонуний иш рухсатномаси борлиги айтилади.

Ишчиларни ёллаган "Ингеоком" компанияси маошни тўлаш учун пули йўқлигини айтмоқда.

Компаниянинг хавфсизлик назоратчиси Александр Гатченкодан журналистлар маош қачон берилишини сўрашганида, у: "Пул йўқ. Қачон бўлганда берилади", - дея жавоб қайтарди.

Гатченко сўнгра компания идораси қаршисида йиғилган муҳожирлар қаршисига чиқиб, уларга қўпол равишда тарқалишни буюрди.

"Нимага бақирасан? Сен Тошкентда, Тожикистонда ҳуқуқингни талаб қила оласан!", - дея қичқирди у ишчиларга Настоящее Время хабар

агентлиги ёзиб олган видеода.

"Ингеоком" компанияси мазкур намойишни хорижликлар кўтараётгани учун уни ноқонуний деб билишини айтди.

"Россия фуқаролари намойиш қилишга ҳаққи бор. Хорижий мамлакатлар фуқароларига Россия ҳудудида намойиш қилиш ман этилган", - деди компания вакили намойишчиларга.

Россия қонунчилигида хорижий фуқароларнинг норозилик намойиши ўтказилишига қарши қонун ё қоида йўқ.

Сўнгра компания маъмурияти чақирган полиция ҳодиса жойига келиб, меҳнат муҳожирларига тарқашни буюрди.

"Келажакда иш бўйича, ёки Россияга кириш бўйича сизда муаммолар бўлишини истамасангиз, хавфсиз масофага чекининг", - дея таҳдид қилди полициячи.

"Мен бу ерда хотиним, болам билан яшайман. Уларни қандай боқай?", - дейди ўзбекистонлик муҳожир.

"Биз кунига 12 соатлаб ер остида энг қийин ишни қиламиз", - дейди яна бошқаси.

Айни дамда Россиядаги Ўзбекистон элчихонаси муҳожирларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича бирон чора кўрганича йўқ.

Москвадаги "Ватандош" ўзбек юртдошлар уюшмаси президенти Усмон Баратов Ўзбекистон элчисини ишдаш четлатишни сўраб Президент Шавкат Мирзиёевга мурожаат қилди.

Элчихона қаршисида туриб ёзган видео мурожаатида у "ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларга ёрдам қилмаётганлиги сабабли элчини қайтаришни, элчихонани беркитиб, тежаган пулларни халққа бериш"ни таклиф қилди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber да: +44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг

Алоқадор мавзулар