Мирзиёевдан Москвадаги элчи истеъфоси сўралди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Ватандош
Image caption Баратов ўз фейсбук саҳифасига жойлаштирган яна бир видеода ундан полиция элчихона қаршисидан кетишни сўраётгани акс этган

Москвадаги "Ватандош" ўзбек юртдошлар уюшмаси президенти Усмон Баратов Ўзбекистон элчисини ишдан четлатишни сўраб Президент Шавкат Мирзиёевга мурожаат қилди.

Элчихона қаршисида туриб ёзган ва фейсбукдаги саҳифасига жойлаштирган видео мурожаатида у "ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларга ёрдам қилмаётганлиги сабабли элчини қайтаришни, элчихонани беркитиб, тежаган пулларни халққа бериш"ни таклиф қилди.

"Бунақа элчихонани нима кераги бор? Жўнатсангиз, яхши, нормал элчини жўнатинг. Бўлмаса, бу элчихонани бекитайлик, буларнинг миллион-миллион иш ҳақини халққа, тиббиётга, ўқишга қайтариб берайлик. Нима кераги бор бунақа хўжакўрсин элчихонани?" - деди у ўз мурожаатида.

"Мана шу катта янги бинода нечта ходим ишлайди. Шулар Каримов айтганидек, отнинг калласидек катта ойлик олишади. Буларга охрана (берилган). Халқни пули кетаяпти-ю, лекин бу элчихона шу ерда юрган миллион-миллион ўзбекларга ёрдам қилганини эшитганим йўқ. Нечта ўзбеклар минглаб қамоқларда ётибди, минглаб документи йўқлари уйга кетолмай спецприёмникларда ётишибди, ўлиб кетаяпти ўзбеклар, биронта ўликни жўнатишга ёрдам бераётганини билмайман. Нечтаси тепа жойлардан йиқилиб больницаларда ётибди. Мана нечтаси чегарага чиқиб келаман деб, йўлларда автоҳалокатга учраб ўлиб ҳам кетаяпти", - дейди у.

Баратовнинг айтишича, Ўзбекистоннинг янги элчиси тайинланганига бир йил бўлиб қолган бўлса-да, у меҳнат муҳожирларига ёрдам бериш бўйича чора кўрмаган.

"Бирга ўтириб гаплашдик. Айтдим унга, келинг, ҳамкорлик қилайлик дедим. Бу қулоғига кириб, бу қулоғидан чиқиб кетди. Янги президент ҳам бўлди, шундаям бирон қимирлаш йўқ", - дейди уюшма президенти.

Баратовнинг видеолавҳасида вақтинчалик ҳибсхоналар - "спецприёмниклар"да ойлаб ўтирган ўзбекистонликларнинг видео мурожаатлари ҳам бор.

"Қачон пул берасан, кейин кетасан деб мендан пул талаб қилиб, 15та ОМОН кириб ҳаммани уриб чиқиб кетди," - дейди приёмникда ўтирган бир ўзбекистонлик.

Би-би-си Москвадаги Ўзбекистон элчихонасининг муносабатини билиш учун бир неча бор унга телефон қилди, аммо қўнғироқ ҳар сафар овозни ёзиб олувчи мосламага ўтказилди.

Баратов ўз фейсбук саҳифасига жойлаштирган яна бир видеода ундан полиция элчихона қаршисидан кетишни сўраётгани акс этган. Унинг айтишича, полицияни элчихона чақиртирган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber да: +44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг

Алоқадор мавзулар