Ўзбекистонликлар АҚШдаги хорижий террорчилар ичида етакчилардан

Доналд Трапм Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Ўзбекистон фуқаролари АҚШга кириши тақиқланган беш мамлакат фуқароларидан кўпроқ террор амалиёти содир этган. Америка Ички хавфсизлик вазирлиги томонидан тайёрланган ҳисобот эканлиги айтилаётган ҳужжатга кўра, ўзбекистонликлар "террорчилар"нинг олд етти мамлакатидан бири бўлган. АҚШдаги ярмидан кўп террор амалиётлари эса америкаликларнинг ўзи томонидан содир этилган.

Америка махсус хизмати Трампнинг миграцион фармонини танқид қилган.

АҚШ Ички хавфсизлик вазирлиги президент Дональд Трамп томонидан етти мамлакат фуқароларига нисбатан қўйилган Америкага кириш тақиқини самарасиз деди.

Wall Street Journal ва Associated Press нашрларининг хабар беришича, Оқ уй АҚШ махсус хизматига мамлакат раҳбари томонидан қабул қилинган чораларни баҳолаб беришни топширган.

Вазирлик томонидан тайёрланган ҳисоботда айтилишича, террористик фаоллик салоҳиятини белгилашда фуқаролик ишончли кўрсатгич эмас.

Унда айтилишича, Америкада террор амалиётлари содир этишга уринган, бу йўлда ўлган ва ушланган шахсларнинг ярмидан кўпини шу ерда туғилиб ўсган АҚШ фуқаролари ташкил қилади.

Трапм томонидан кириш тақиқланган етти мамлакат ичида фақатгина иккитаси Ироқ ва Сомали фуқаролари Америкада терроризмда энг кўп айбланган чет элликлар рўйхатига кирган.

Америкада терор амалиётларида айбланган чет эл фуқаролари рўйхатини Покистон, Сомали, Бангладеш, Куба, Эфиопия Ироқ ва Ўзбекистон бошқариб турибди.

Ушбу ҳужжат нусхаси номлари келтирилган нашрларда борлиги айтилмоқда.

Вазирлик матбуот котиби Жиллиан Кристенсен ҳисобот тайёрланганлигини тасдиқлади. Унинг таъкидлашича, ушбу нашрлардаги гап "идоралараро тадқиқот натижасида тайёрланган ҳисоботга эмас, балки очиқ манбаларда билдирилаётган изоҳларга асосланган".

Кристенсен вазирликнинг хулосасида сиёсий мақсадлар акс этган деган даъволарни "мутлоқо асоссиз ва хато" эканлигини айтди. Баҳслар ҳужжатнинг сиёсийлаштирилгани ҳақида эмас, балки унинг сифати ва келтирилган маълумотлар атрофида бўлганлигини таъкидлади.

Трампнинг ҳужжатга бўлган муносабатини изоҳлаган Оқ уй вакили Майкл Шортнинг айтишича, хисобот президент сўраган тўлиқ жосуслик таҳлили эмас.

"Разведка хизматлари сиёсатга эмас, балки барча очиқ манбааларга ва жосуслик маълумотларига асосланган ягона тўла қамровли ҳисобот тайёрлайди", - деган у.

Трапм лавозимига ўтириши билан АҚШга етти мамлакат, Ироқ, Сурия, Эрон, Ливия, Сомали, Судан ва Яман, фуқароларининг киришини вақтинчалик тақиқлади. Ушбу қарор 100 минг визани бекор қилишга олиб келди.

Трамп қарори АҚШда минглаб одам иштирок этган намойишларга сабаб бўлди. Ушбу чораларга қарши чиққан АҚШ Бош прокурори вазифасини бажарувчи Салли Сейтс истеъфога чиқарилди.

Натижада Сиэтл федерал маҳкамаси ҳужжат бўйича тушган шикоятларни ўрганиб чиқиш учун фармонни тўхтатиб туриш ҳақида ҳукм чиқарди. Президент маъмуриятининг ушбу ҳукмни бекор қилиш ҳаракатлари бесамар кетди. Шундан сўнг Трамп миграцияга оид янги фармон чиқаришга ваъда берди. Бироқ ҳозирча уни амалга оширмади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber да: +44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга кирингБи-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber да: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ