Қашқадарёлик оилаларга қуён ва курка тарқатилади

"Ажойиб хаёлпараст" - Бахтиёр Ихтиёров қуён бизнеси қилган Фото муаллифлик ҳуқуқи Youtube
Image caption "Ажойиб хаёлпараст" - Бахтиёр Ихтиёров қуён бизнеси қилган

Қашқадарёдаги оилаларга даромад манбаи яратиш мақсадида қуён ва курка жўжалари тарқатилади. Президент Шавкат Мирзиёев вилоятга қилган сафари давомида шу каби ўнлаб бизнес лойиҳалари билан танишган.

ЎзА ахборот агентлигининг хабар беришича, мамлакат раҳбари 24 феврал куни Қашқадарё вилоятига ташриф буюрган. Президент қишлоқ хўжалиги соҳасидаги "истиқболли" лойиҳалар билан танишган.

Хабарда айтилишича, Қамаши туманида қуён етиштириш, қуён гўшти ва терисини қайта ишлашга ихтисослашган хўжалик ташкил этилмоқда. "Қамаши момиқ қуёнлари" агрофирмаси томонидан амалга оширилаётган ушбу лойиҳа самарасида 30 минг бош қуён етиштирилиб, йилига 120 тонна гўшт ва 40 минг дона тери тайёрланади.

Хўжаликда 30 киши ишлайди. Бундан ташқари, қуёнлар 500 хонадонга тарқатилади. Аҳоли парҳез гўшт ва қўшимча даромад билан таъминланади.

Яна ушбу туманда 5 минг курка боқишга мўлжалланган мажмуа ташкил этилади. Унда йилига 20 минг бош курка жўжаси етиштирилиб, аҳолига етказиб берилади. Мажмуа жорий йилнинг декабрь ойида ишга тушириш, 30 иш ўрни яратиш мўлжалланмоқда.

Шавкат Мирзиёев президентлик лавозимига ўтиргач, қишлоқ шароитларида яшайдиган аҳолининг даромад манбаини ошириш учун товуқ боқиш каби паррандачилик бизнесини ривожлантиришни тавсия қилиб келади.

"Республика бўйича қишлоқда яшаган ҳамма хонадон юзтадан товуқ боқишга мажбур. 100 nа товуқ энг камида 50 та тухум беради. Ўнтасини ўзи еб, қирқтасини сотса ҳам кам таъминланган оила бўлмайди", - деб айтган Президент Қорақалпоғистонга қилган ташрифида.

Шундан сўнг Президент Бош вазир ўринбосари Рустам Азимовга Қорақалпоғистондаги ҳар бир хонадонда 100 тадан товуқ боқилишини назорат қилишни топширганди.

Мирзиёевнинг хонадонларга товуқ боқтириш сиёсати ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлган.

Товуқдан фойда келадими, зарар?

Айримлар ушбу ташаббус ўринли эканлигини айтса, иккинчи томон унинг нотўғрилигини, жўжа учун ажратилган пуллар ҳавога кетиши мумкинлигини айтиб огоҳлантиришган.

"Кеча кредитга 40 товуқ олгандим. Эрталаб уже катакдан 6 та тухум терволдим. Сизлар бўлса фойдаси йўқ дейсизлар".

Twitter даги баъзи фойдаланувчиларнинг айтишича, товуқ ажратиш иши шу даражада жадал суратларда олиб борилаётгани сабаб уни аҳолига етказиб беришга улгурилмаяпти. Юқоридан келадиган комиссия кўриши учун эса айрим жойларда жўжалар ижарага берилмоқда.

Айрим ҳолларда жўжа билан таъминлаш топшириғи суистеъмол қилинаётгани айтилди.

"Яна бир кишига 5 миллионлик кредит эвазига жўжа берибди, ўша пулни нақд берганида ўша жўжаларни 1 миллионга олардим деб айтди".

Яна бир киши товуқ боқиб юрмаган одамларга кредит ажратиб жўжа ёки товуқ бериш уларни йўқотиб қўйиш эҳтимолини оширишини айтади.

"1000 та одамга товуқ учун 7 миллиондан кредит бериб таваккал қилгунча, манга 1 млрд берсин ва мен 300 та одамни иш билан таьминлайман. Маоши йиллик 9 миллион булади. 1 млиардга товуқ боқаман, 300 киши ишлайди. Ишлаб чиқариш кўпаяди. Одамларни уйларига эпидемия тарқалиши осонроқ. Уйда товуқ боқиб дон сотволиб, товуқларни касал килиб банкрот бўлгунча тинч ишда катнаб йиллик 9 млн олган яхши эмасми", - дейди Фарҳод.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber да: +44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг