Ўзбекистонда газ тўловларини ундириш хусусийлаштирилади

"Ўзтрансгаз" аҳолидан газ ҳақи учун тўловлар йиғишни хусусий ширкатларга топшириши мумкин.

Компания шу тарзда қарздорликка барҳам бермоқчи. Бу ҳақда компанияда ўтказилган матбуот анжуманида маълум бўлган.

Спутник агентлигининг хабар беришича, компаниянинг ҳудудлардаги бўлимлари пул йиғиш борасида ёмон натижа кўрсатгандан сўнг шундай қарорга келинган.

"Ўзтрансгаз" ширкати масъулининг айтишича, компания тўловларни хусусий ташкилотларга топшириш учун таклиф ишлаб чиққан ва уни тасдиқлатиш учун Вазирлар маҳкамасига топширган.

Олдинроқ podrobno.uz сайти Иқтисодиёт вазирлигидаги манбасига таяниб шу каби хабарни берган эди.

Вазирлик ходими, мутахассислар томонидан истеъмолчиларга газ етказиб бериш соҳасидаги меъёрий ҳужжатларни кенг миқёсда унификациялаш жараёни кетаётганини билдирганди.

Қарздорликка барҳам бериладими?

Ўзбек мулозимлари аҳолига газ ва электр етиб бормаслиги муаммосини қарздорлик билан изоҳлаб келишади.

Биргина Самарқанд вилоятида 1 январгача аҳолининг газдан қарздорлиги 601 миллиард сўмга (Марказий Банк курси бўйича 176 ярим миллион доллар) етгани айтилади.

Мутасаддилар қарздорликка барҳам бериш учун йиллар давомида турли услубларни қўллаб курашиб келади.

Бунга жавобгар шахслар ишдан олиниб, турли муддатга қамоқ жазосига ҳукм қилинади.

Кўплаб пул йиғувчиларнинг жавобгарликка тортилиши ортидан бу соҳада кадрлар етишмаслиги муаммоси пайдо бўлганлиги айтилади.

Газ ва электр ўлчовини аниқлаш учун замонавий ҳисоблагичлар ўрнатилган ва улар маълум муддатда текширишдан ўтказилиб турилади.

Лекин ушбу чора-тадбирлар ва жавобгарликка тортишларга қарамасдан қарздорлик борасида муаммо ечимини топмасдан келмоқда.

Кузатувчилар газ ва электрдан аҳолининг катта миқдорда қарздорлигини камбағаллик, коррупция ва монополияга боғлашади.

Ижтимоий тармоқларда газ ва электр тақчиллиги муаммоси мунтазам равишда қайта-қайта муҳокама мавзусига айланган.

Ёзаётганларнинг айтишича, компанияларнинг аҳолидан пулни ололмаслиги касрига пулни ўз вақтида тўлайдиган қатлам ҳам қолаяпти. Пул йиғувчилар эса бойишда давом этмоқда.

"Свет ва газни пулини йиғишни хусусий қўлга бериш керак. Ана, тўғримдаги домда газчи: шишиб кетганидан 4-мошинаси - Ласеттига сиғмаяпти уже. Кимдир нуқта қўйиши керак".

Фикр билдирувчиларга кўра, давлат қарздорларнинг қарзидан тўлиқ кечиши ва бундан кейинги пул йиғишларни хусусий қўлларга топшириши вазиятни ўзгартириши мумкин.

Айримлар пул йиғиш хусусий қўлларга ўтган тақдирда, энергия нархи қимматлашиб кетиши ва натижада халққа оғирлик қилиши мумкинлигидан хавотир билдирган. Уларга кўра, ўғирлик қилган назоратчиларни жазо тортиш тартибини кучайтириш керак.

Бу фикрга қарши чиққанларнинг айтишича, газ ва чироқ 2-3 баробар қиммат бўлса ҳам доимий келиб туриши учун пул тўлайман, дейдиганлар ҳам бор. Назоратчиларни қамоққа тиқиш эса кейингиларга ўрнак бўлмаяпти.

"Хусусийлаштириш керак, газ, свет, сувни. Ана шунда улар ундиради, бурнидан қонини келтириб бўлса ҳам. Зато ўчмайди. Свет доимий бўлса икки-уч баробар нарх тўлайман, деганлар ҳозирам бор. Ҳозир улар движок-панел қилиб, 10 баробар кўп тўлаяпти", -дейди Twitter фойдаланувчиларидан бири.

Газ қувурдан оқмайди

"Ўзтрансгаз" зтказган матбуот анжуманидан маълум бўлишича, корхона аҳолига газни қувур орқали эмас балки газ баллонлар орқали етказиб беришга кўпроқ эътибор беради.

Спутник агентлигининг ёзишича, компания бугунга қадар 67 чақиримга яқин газ қувурини капитал таъмирдан чиқарган. Қанча масофага янги қувур ётқизилгани борасида маълумот берилмаган.

Газ қувуридан фарқли равишда сиқилган газни баллонларда етказиб бериш борасида ишлар фаол кетаётганини кўриш мумкин.

Бугунги кунга келиб 2,5 миллион хонадон шу каби сиқилган газ ускунаси ишлатаётгани айтилган.

Биргина 2016 йили қўшимча ярим миллон газ баллони истеъмолчиларга етказиб берилган.

Сиқилган газ табиий газдан қиммат ва у кўпчилик хонадонларга ҳозирча бозор нархидан арзонроқ баҳода етказилиб берилмоқда.

Кузатувчилар кўра, ҳукумат шу йўсинда хонадонларга етиб борган газ қувурларидан табиий газ беришни қисқартириб бораверади, унинг ўрнини эса газ баллонлари эгаллайди.

Сиқилган газ қиммат бўлганлиги сабаб ундан табиий газдан фойдалангандек, уйни иситишда ишлатишни ҳамманинг ҳам чўнтаги кўтаролмаслиги айтилади.

Сиқилган газдан фойдаланишда хафвсизлик техникасига амал қилмаслик ортидан унинг исидан бўғилиб ўлиш ҳоллари қайд этилган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber да: +44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг