Жамшид Каримов руҳий шифохонадан озод этилди

  • 1 Март 2017
Фото муаллифлик ҳуқуқи Фарғона
Image caption 48 ёшли Жамшид Каримов марҳум президент Ислом Каримовнинг жияни.

Жиззахлик мустақил журналист Жамшид Каримов Самарқанддаги руҳий шифохонадан озод этилган.

Марҳум президент Ислом Каримовнинг жияни бўлган Жамшид Каримов 2006 йилдан буён руҳий шифохонада мажбуран ва махфий равишда ушлаб турилганди.

Журналистнинг озод этилгани ҳақида биринчи бўлиб маълум қилган Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотининг матбуот эркинлиги бўйича вакили хабарни олқишлаган.

"Мен Каримовнинг озод этилишини чин дилдан олқишлайман. Ушбу қарорнинг айниқса, Муҳаммад Бекжонов озод этилганидан кўп ўтмай қабул қилингани алоҳида эътиборга молик ва мен расмийларни қамоқдаги барча журналистлар, жумладан, Юсуф Рўзимуродов, Солижон Абдураҳмонов ва Дилмурод Сайидларни ҳам озод этишга чақираман", - деб айтган ЕХҲТ нинг матбуот эркинлиги бўйича вакили Дуня Миятович.

Миятович ўтган йил декабрида Ўзбекистон Президентига мурожаат қилиб, журналистларни озод қилишда кўмаклашишни сўраганди.

ЕХҲТ вакили Ўзбекистон ҳукуматига матбуот эркинлиги соҳасида яқиндан ҳамкорлик таклиф қилган.

Жамшид Каримов биринчи марта 2006 йил 12 сентябрида шифохонада даволанаётган онасини кўриш учун борган пайт Жиззах вилоят марказий шифохонаси ҳовлисида ҳибсга олинганди.

У маҳаллий ҳокимият вакилларини танқид қилувчи мақолалари учун жазоланган, деб ишонилади.

Кейинроқ маҳкаманинг унга нисбатан чиқарган мажбурий руҳий даволаниш ҳақидаги ҳукми тафсилотлари ошкор этилмаган.

2009 йилда Жамшид Каримов ҳаётдан кўз юмган онасининг жанозасида иштирок этиш учун олиб келингани хабар қилинган.

Марҳум онаси Маргарита Каримова ўғлининг ҳибсга олинишидан бир неча кун аввал журналистларга махсус хизмат ходимлари уларнинг хонадонини яқиндан кузатаётганини айтган.

Жамшид Каримов 2011 йил ноябрида озодликка чиқарилган, аммо орадан кўп ўтмай, 2012 йил январида яна Самарқанддаги руҳий шифохонага жойлаштирилган.

Шундан буён унинг тақдири борасида ҳеч қандай расмий маълумот йўқ эди.

'Президентнинг жияни'

48 ёшли Жамшид Каримов марҳум президент Ислом Каримовнинг жиянидир.

Онаси Маргарита Каримованинг ўлимидан бир неча йил аввал Би-би-си мухбирига айтишича, Жамшид Каримов президентнинг жияни эканидан "уялган ва сўраганларга шунчаки, фамилиядошмиз, деб айтган".

Ҳибсга олинишидан аввал Жамшид Каримов интернетда маҳаллий ва марказий ҳокимият идораларини танқид қилувчи қатор мақолалар эълон қилган.

Таҳлилчиларга кўра, Жамшид Каримовнинг тақдири Ислом Каримов тузуми ўзгача фикрга қанчалик тоқатсиз бўлганининг ёрқин мисолидир.

Ўтган ой Ҳюман Райтс Уотч инсон ҳақлари ташкилоти Шавкат Мирзиёевни Каримовнинг репрессив меросидан тезроқ қутулишга чақирган.

22 феврал куни журналист ва мухолифат фаоли Муҳаммад Бекжон 18 йиллик қамоқдан озод этилган.

У дунёдаги энг узоқ муддат қамоқда ўтирган журналистлардан бири ҳисобланади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber да: +44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг