Мўйноқни сайёҳлик марказига айлантиришга қарор қилинди

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC UZBEK
Image caption Оролдаги кемалар қабристони

Президент Шавкат Мирзиёев Оролбўйидаги Мўйноқ туманига сармоя ва сайёҳларни жалб қилиш билан минтақа иқтисодини кўтариш мақсади кўзланган қарорни имзолаган.

Президент Мирзиёев қарорининг матни Ўзбекистон матбуотида эълон қилинган.

Маълумки, Мўйноқ Шўролар замонида гуллаб-яшнаган, Термиздан йўлга чиққан кемалар Орол денгизи соҳилидаги балиқчилик комбинатигача сузиб бора оладиган шаҳар бўлган.

Мўйноқ балиқ консерва комбинати маҳсулотлари бутун СССР ҳудудига тарқатилган.

Бироқ 1980-йилларда Орол денгизининг қуриши Мўйноқни "кемалар қабристони"га айлантирди, туманнинг иқтисодий вазияти йилдан-йилга ёмонлашди, одамларнинг турмуш шароити ҳозиргача ҳам пасайишда давом этаяпти.

Айни пайтда Орол денгизининг қуриши бутун дунёда экологик фожеа миқёси билан таниш бўлган инсонларни ташвишга солди, у ердаги вазиятни ўз кўзи билан кўришни истайдиган хорижликларнинг сони кўплиги ҳам аён.

БМТнинг собиқ Бош котиби Пан Ги Мун шахсан Мўйноққа борди ва ўзининг қатор чиқишларида Оролбўйидаги фожеавий вазиятга дунё ҳамжамияти эътиборини жалб қилди.

Президент Мирзиёевнинг қарорига мувофиқ Мўйноқда "Moynaq City Center" савдо-сайёҳлик мажмуаси барпо этилади.

Ишлаб чиқариш билан боғлиқ, сайёҳлик, қишлоқ хўжалик маҳсулотларини қайта ишлаш сингари 72 лойиҳага жами 7,5 миллион АҚШ долларидан зиёд маблағ ажратилиб янги иш ўринларини ташкил қилиш режалаштирилган.

Мўйноқда бизнес ташкил қилган тадбиркорлар 10 йилга барча солиқлардан озод қилиниши, қуриган Орол сатҳи бўйича сайёҳларга квадроциклларда саёҳат уюштириш сингарилар мўлжалланмоқда.

Бўшаб ётган ишлаб чиқариш биноларидан фойдаланишга қарор қилганлар бу биноларни бепул сотиб олишига изн берилади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber да: +44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг