Елена Урлаева яна руҳий шифохонага жойлаштирилган

Пахта теримини кузатишга чиққан Елена Урлаева Фото муаллифлик ҳуқуқи URLAYEVA

Ўзбекистондан олинаётган хабарларга кўра, таниқли инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Елена Урлаева ўз ихтиёрига қарши равишда яна Тошкентдаги руҳий хасталиклар шифохонасига жойлаштирилган.

Мамлакатдаги инсон ҳуқуқлари поймол этилишига қарши курашиб келаётган 56 ёшли фаолни Ўзбекистон расмийлари бир неча марта мажбурий даволашга ётқизганлар.

1-март куни ҳам, 2-март куни Елена Урлаеванинг мобил телефони ўчирилган, яқинлари 2-март куни шифохонага ётқизилганидан хабардор бўлганлар.

Урлаева ҳуқуқларини ҳимоя қилаётган Камолиддин Зиётов норасмий Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари Алянси раҳбарининг мажбуран руҳий шифохонага олиб кетилганига гувоҳ бўлгани ҳақида "Озодлик" радиосига хабар берган.

Биринчи марта Елена Урлаева 2001 йили руҳий шифохонага ётқизилган эди.

2005 йили, 2012 йили ва 2016 йили ҳам Урлаевани руҳий шифохонага жойлаштирган эдилар.

Халқаро ташкилотлар Елена Урлаевани жазолаш мақсадида мажбурий шифохонага ётқизилишларини қоралаб чиққанлар.

Тошкентлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Урлаева ҳақидаги сўнгги хабар мустақил журналист Жамшид Каримов Самарқанд шаҳридаги руҳий шифохонадан озод этилгани ҳақидаги хабар тарқалган кунга тўғри келган.

Бир кун олдин марҳум президент Ислом Каримовнинг жияни 48 ёшли Жамшид Каримов шифохонадан чиқарилганини Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилотининг матбуот эркинлиги бўйича вакили Дуня Миятович олқишлаб чиққан эди.

Жамшид Каримов 2006 йилдан буён руҳий шифохонада мажбуран ва махфий равишда ушлаб турилганди.

У 2011 йил ноябрида озодликка чиқарилган, аммо орадан кўп ўтмай, 2012 йил январида яна Самарқанддаги руҳий шифохонага жойлаштирилган.

Шундан буён унинг тақдири борасида ҳеч қандай расмий маълумот йўқ эди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber да: +44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг