Мирзиёевнинг сайловолди ваъдаси бажарилмади

  • 6 Март 2017
Пенсионерларга метрода текин юриш ваъда қилинганди Фото муаллифлик ҳуқуқи votpusk.ru
Image caption Пенсионерларга метрода текин юриш ваъда қилинганди

Тошкент метросида пенсионерлар бепул юрмайди. Ўзбекистон мулозимлари томонидан тасдиқланган низомга кўра, нафақа олувчилар шаҳар транспортидан текин фойдалана олмайди. Шу билан Шавкат Мирзиёевнинг Тошкент шаҳар сайловчилар олдида берган ваъдаси ҳозирча бажарилмади.

Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлиги томонидан тасдиқланган шаҳар транспортида бепул юрувчи тоифа низомига кўра, пенсионерларга бундай имтиёз берилмаган.

Kun.uz нинг ёзишича, "Шаҳар йўловчилар транспортида (таксидан ташқари) айрим тоифадаги фуқароларга бепул юриш ҳуқуқини берувчи ягона гувоҳномаларни бериш тартиби тўғрисидаги Низом"га ўзгартириш ва қўшимчалар киритилган ва Адлия вазирлигида рўйхатдан ўтказилган.

Шаҳар йўловчи транспортида бепул юриш ҳуқуқига эга булган фуқаролар рўйхатини ҳар йил якуни бўйича инвентаризация қилиниши ва йил бошида илова орқали янгиланиши айтилади.

"Ушбу илова билан нафақа олувчиларга шаҳар йўловчилар транспортида бепул юриш ҳуқуқи берилмаган. Шаҳар йўловчи транспортидан (таксидан ташқари) бепул фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлган фуқароларни тоифалари ўзгармаган", - дейилади kun.uz хабарида.

Ўзбек матбуотининг ёзишича, метрода маълум вақт бепул юриш ваъдаси президентликка номзод Шавкат Мирзиёев 2016 йилнинг 24 ноябр куни Тошкент шаҳар сайловчилари билан учрашганда берилган.

Мирзиёев қарияларни ижтимоий ҳимоя қилишга алоҳида эътибор қаратишини ва "пенсионерларга соат 10:00 дан 16:00 га қадар метрополитендан бепул фойдаланиш ҳуқуқи берилиши"ни айтган.

"Мирзиёев ваъдаси сўзсиз бажарилади"

Мирзиёе президент этиб сайланганидан кейин ҳам бу масала кун тартибида турганлигини кўриш мумкин.

"Новости Узбекистана" нашри 27 январ куни Молия вазири ўринбосари Мубин Мирзаевга таяниб пенсионерларнинг жамоат транспортидан текин фойдаланишига имкон берувчи қарор бир ойнинг ичида қабул қилинишини хабар берганди.

"Президент Шавкат Мирзиёев ўзининг сайловолди дастурида пенсионерлар учун қатновни бепул қилишга ваъда берган. Бу ваъда сўзсиз бажарилади. Ҳозирда тегишли ҳужжат устида ишлаяпмиз ва у 20 кун мобайнида қабул қилинади", дея Мубин Мирзаевдан иқтибос келтирилган "Новости Узбекистана" сайти.

Би-би-си ушбу масалага ойдинлик киритиш учун Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан боғланди. Вазир ўринбосари Мубин Мирзаев хизмат сафари билан Бухорога кетганлиги сабаб изоҳ олишнинг имкони бўлмади.

Вазирлик ходими бу масалалар билан вазирлик ҳузуридаги Пенсия жамғармаси шуғулланишини билдирди.

Пенсия жамғармаси ҳуқуқшуноси Шуҳрат Думанов пенсионерларнинг жамоат транспортидан бепул юриши тўғрисидаги қарор ташаббусидан хабари йўқлигини айтди.

"Бу лойиҳадан менинг хабарим йўқ. Пенсия жамғармасида қонунчилик ташаббуси йўқ. Ташаббусни ким берган бўлса ҳам бизга кўриб чиқиш учун юборади. Менга бу борада ҳеч қандай лойиҳа келмаган. Келса кўриб чиқиб фикрларимни айтишим мумкин", - дейди Шуҳрат Думанов.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга кирингБи-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber да: +44 78-58-86-00-02