"Гуллар - гулзорга, ҳуқуқлар - аёлларга"

Тошкентда йўл ҳаракати хавфсизлик ходимлари гул тарқатган Фото муаллифлик ҳуқуқи Toshkent shahar IIB
Image caption Тошкентда йўл ҳаракати хавфсизлик ходимлари гул тарқатган

Олма ота шаҳрида 8 март куни KazFem феминистлар ташкилоти 10 дақиқалик марш ўтказган. Гуруҳ бу кун байрам эмас, аёлларнинг муаммосига эътибор қаратиладиган кун сифатида ўтиши кераклигини айтмоқда.

Шаҳардаги йўловчилар ўтадиган кўприкка "Гуллар - гулзорга, феминизм - аёлларга" деган плакат илиб кетилган.

KazFem фаоли Вероника Фонованинг Tengrinews.kz сайтига айтишича, 8 март кунини нишонлаш аввал бошида кўзланган мақсаддан чиқиб кетган. Бугунги кунда эркаклар ва масъул идоралар аёлларни бир гул билан алдаб қўймоқда.

"Бу анъанани тикламоқчимиз. 8 март- бу аёлларнинг ишда ва кўчада камситишларга қарши ва тенг ҳуқуқлилик учун кураш кунидир", - деган у.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Олма отада йўловчилар ўтадиган кўприкка "Гуллар - гулзорга, феминизм - аёлларга" деган плакат илиб кетилган

Халқаро хотин-қизлар куни Ўзбекистонда ҳам кенг нишонланди. Мукофотлар берилди. Қўшиқлар куйланди. Мажлислар уюштирилди, совғалар улашилди. Аммо, Қозоғистондаги феминитслар томонидан кўтариб чиқилган талқин Ўзбекистон учун ҳам мос келишини кўриш мумкин.

Аксарият ҳолатлар ҳали аёллар ҳуқуқини тиклаш борасида қилинадиган ишлар кўплигини, байрам қилиб оёқни чўзишга эрталигини кўрсатаётгандек.

Инсон ҳуқуқлари фаоли Баҳодир Элибоевнинг айтишича, ўтган бир йилнинг ичида биргина Риштон туманидан 20 дан ортиқ ажрашган аёл алимент пулларини ундириш учун ёрдам сўраб мурожаат қилган.

"Эр ажрашиб Россияга кетиб қолган, боласи учун бир сўм ҳам бермайди. Ҳуқуқ тартибот идоралари ҳам бу борада ҳеч нарса қилолмайди. Ёки бошқа бир ҳолатларда фарзандига нафақа бермаслик учун бирор идорага номига қоровул бўлиб паст маош билан ишга кирган. 200 минг сўмлик ойликнинг 40 минг сўмини алимент сифатида тўлайди. 40 минг нимага етади", - дейди у.

Ҳуқуқбоннинг айтишича, ёрдам сўраб мурожаат қилган 20 аёлнинг бирортасига ҳам амалий ёрдам бера олмаган.

"Ҳаммаси яна ўз муаммоси билан қолди. Яшаш учун, боласини катта қилиш учун бошқа чораларни кўришга мажбур. Яхшиям Риштон туманида кулол ҳунармандлар бор. Айримлар кулолларга ёрдам бериб тирикчилик қилади. Ичида иложсизликдан ножўя йўлларга кириб кетганлари ҳам бор", - дейди Элибоев.

Ҳуқуқ фаоли ножўя йўлларга кириб кетган деганда, фоҳишаликни назарда тутаяпти.

Бу Ўзбекистондаги битта тумандаги ҳолат. Бутун мамлакат миқёсида олсангиз яхшигина рақам вужудга келади.

Ажралишлар муаммоси бутун республика бўйлаб катта муаммога айланганлигини мулозимлар ҳам эътироф этишади. Ҳатто Тошкент шаҳар ҳокими ажрашганларнинг номини телевидениега олиб чиқиб шарманда қилиш таклифигача берганди.

Бироқ мулозимлар ажрашган аёлларнинг ҳақ-ҳуқуқлари топталаётгани, улар фарзандлари билан муаммолар гирдобига ўз ҳолича ташлаб қўйилганига эътибор қаратишмайди.

Ишхоналарда аёлларга нисбатан паст назар билан қараш ва ҳаттоки эркак ва аёл маошлар ўртасида фарққа назар солиш мумкин.

Ёки армияда садоқатини намойиш қилгани учунгина қўшимча баллар билан ўқишга кираётган, фақат аёл бўлгани учунгина бундай имтиёзлар соясида олий ўқув юртига киролмаётган қизларнинг ҳуқуқлари топталаётгани айтилади.

Ўзбекистонда аёллар ростдан ҳам азизми?

Айрим табриклар "азиз аёллар" деб бошланади. Аммо бу жумлани шубҳа остига олиш мумкин.

"Азиз бўлса, фарзандлари, эрини ташлаб Қозоғистон ва Россияда маҳаллий аёллар қилишга ор қиладиган ишларни қилиб юришга мажбур бўлармиди", дейди суҳбатдошларимиздан бири.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Social media
Image caption Ижтимоий тармоқларда тарқаган бу суратда Марказий Осиёда аёлларга муносабат акс этган

"Ҳамқишлоғим жуда қийналиб кетди. Кейин суриштириб Қозоғистондан чўпонлар қўлида иш топди. Эри болалар билан уйда қолади, у ойлаб чўпонларнинг овқатини пишириш ва кирини ювиш учун Қозоғистонга кетади. Қозоқлар қўй сўйишса, ички ёғларни ишлатмасдан ташлаб юбораркан экан. Бир икки андиша қилиб сўролмабди, кейин мен куйдириб олсам бўладими деб сўрабди. Энди ҳар келишида 5 литрлик баклашкада куйдирилган ич ёғ ҳам олиб келаяпти", - дейди жиззахлик суҳбатдош.

Ўзбекистонда бошқа собиқ шўро давлатларида бўлгани каби, аёлларнинг муаммосини кўтариб, уларнинг ерга урилаётган қадрини тиклашга ҳаракат қилинадиган кунда уни давлат сиёсати даражасида байрамга чиқарилганини кўриш мумкин.

Ўзбекистоннинг олдинги Президенти Ислом Каримовнинг агар 8 март бўлмаганда бу байрамни албатта таъсис этардик, маъносидаги гапини ҳозир давлат раҳбари Шавкат Мирзиёев ҳам такрорлади.

Айримлар, бу кетишда агар Ўзбекистонда аёлларнинг ҳуқуқига эътибор қаратиш учун яна бир кун белгиланса, муаммоларни кўтариш қолиб уни ҳам байрам қилинган бўларди, дейишади.

Чунки ажрашган аёлларнинг ҳуқуқини тиклаш, ўзга юртларга ишлашга кетишга мажбур бўлаётганларга яхши шароит яратиш мушкул. Ёки Ўзбекистонда арзимаган пулга асосий ишига қўшимча равишда, деҳқоннинг пахтасини етиштириб териб бераётган ўқитувчи ва шифокор аёлларнинг ҳуқуқини тиклашдан кўра байрам ташкил қилиш анча қулайдир.

Баъзиларга кўра, кўчаларда Йўл ҳаракати хавфсизлик ходимлари ўз ишлари қолиб аёл ҳайдовчиларга гул тутқазиб юриши ҳам жозибали, ҳам камчиқим. Давлат бюджетидан пул олаётган, вазифаси бошқа бўлган ходимлардан аёлларни табриклашда фойдаланилади. Гул олган аёллар хурсанд, Ички ишлар вазирлиги идора обрўсини орттирган, ижтимоий тармоқларда "мана бизда ҳам бўларкан-ку", деган фикрларга сабаб бўлган.

350 минг сўм маош олиб топганини бу ойдан кейинги ойга етказа олмаётган аёл бир воқеани айтади.

"Биринчи синфда ўқийдиган ўғлим, дадасидан ўзимга керак деб пул сўради. Дадаси берган пулга мактабдан қайтишда бир дона гул кўтариб келибди. Эътиборидан кўзимга ёш келди".

- Ўқувчиларни ота-онага меҳрли бўлиб ўсаётгани яхши, аммо мактабларда 8 март кўпроқ байрам эмас, балки аёлларнинг муаммоларига эътибор қаратиладиган кун эканлигини ўргатиш керакка ўхшайди. Ўргатиш керакки, эртага мактабни битириб ўзи пул топа бошласа бизларга ўхшаб аёлларни бир дона гул билан алдаб қўймасин, - дейди яна бир ўзбекистонлик.