Германия элчиси Ўзбекистонни тезроқ конвертацияни очишга чақирди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Gazeta.uz
Image caption Найтхарт Хёфер-Виссингга кўра, Ўзбекистон эртами,кечми, конвертацияни очиши керак бўлади.

Германиянинг Тошкентдаги элчиси Найтхарт Хёфер-Виссингнинг сўзларига кўра, иқтисодий қонунлар ҳам табиат қонунларига ўхшайди.

"Уларга узоқ вақт амал қилмаслик мумкин эмас", - деган элчи.

Германиянинг Ўзбекистондаги юқори мартабали дипломати бу ҳақда Газете.uz нашрига берган интервюсида гапирган.

Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистонда хорижий сармоядорлар юз тутаётган асосий муаммо конвертация муаммосидир.

"Мен вазиятни бир кунда ўзгартириб бўлмаслигини жуда яхши тушунаман. Жараён мураккаб бўлади, эҳтимол ҳатто оғриқли бўлар. Аммо иқтисодий қонунлар худди табиат қонунлари каби, уларга узоқ вақт амал қилмаслик мумкин эмас. Бу худди Ернинг тортишиш кучи сингари-олма барибир тушади", - деб айтган Германия элчиси.

Найтхарт Хёфер-Виссингнинг айтишича, конвертация муаммосининг ҳал этилиши "ҳамма учун муҳим".

Айни пайтда Ўзбекистон Ишлаб чиқарувчилар ва Тадбиркорлар Палатаси раҳбари Алишер Шайхов мамлакатда валюта ислоҳотига тайёргарликлар кетаётганини айтган.

Унинг Sputnik агентлиги мухбирига айтишича, ҳозирда бозор курсига "қандай ўтиш масаласи" муҳокама қилинмоқда.

"Албатта, бу маълум вақтни талаб қилади, барча рискларни ҳисобга олиш керак", - деган мулозим.

Аммо у ягона валюта курсига қачон ўтилишини айтмаган.

Ўзбекистон собиқ совет ҳудудида хорижий валютанинг қора бозори ҳануз амал қиладиган ягона давлат ҳисобланади.

Шу кунларда АҚШ долларининг ҳам расмий ва ҳам норасмий курси сезиларли даражада кўтарилган.

Бу кўтарилиш, алал-оқибат валюта курсларини тенглаштиришга олиб борадими, йўқми, номаълум.

Марказий Банк шу ой янги, 10000 сўмлик пул муомала киритилишини эълон қилган.

Таҳлилчиларга кўра, бу ўзбек сўми ҳали-бери деноминация қилинмаслигидан дарак беради.

Ғарблик дипломатларга кўра, Президент Мирзиёев ўзи эълон қилган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш учун йирик хорижий сармояларни жалб этиши керак бўлади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber да: +44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг

Алоқадор мавзулар