Америка Урлаева ва Фармоновга муносабатдан норози

Ўзбекистон расмийлари томонидан бир инсон ҳақлари фаолининг ушлангани, яна бир фаолнинг қамоқ муддати узайтирилгани Америка Қўшма Штатлари танқидига сабаб бўлди.

АҚШ Ўзбекистон ҳибсхоналарида ушлаб турилган ўзгача фикрловчи фаолларнинг озод этилганини олқишлаш билан бирга расмий Тошкентни фуқаролик жамияти вакилларига нисбатан янада кўпроқ тоқатлилик намоён этишга чақириқ билан чиққан.

Март ойининг илк кунларида ўзбекистонлик таниқли инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Елена Урлаеванинг ўз ихтиёрига қарши яна Тошкентдаги руҳий шифохонага ётқизилгани маълум бўлди.

Шунингдек, "Жаслиқ" қамоқхонасида 11 йилдан буён сақланаётган сирдарёлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Аъзам Фармоновнинг қамоқ муддатини яна узайтириш ҳақида Қорақалпоғистон Олий суди қарор чиқарди.

АҚШ элчихонасининг шу кунларда эълон қилган баёноти Елена Урлаева ва Аъзам Фармоновларга бағишланган.

"АҚШ элчихонаси ўтган ҳафта журналист Жамшид Каримов озод этилганини олқишлайди. Бу янгилик Муҳаммад Бекжонов ва бошқа узоқ муддат ҳибсда ушланган маҳбусларнинг озодликка чиқарилиши ортидан юз берди. Бундай ижобий қадамлар келгусида ҳам озодликка чиқаришлар давом этишига ва, умуман олганда, фуқаролик жамиятига янада бағрикенглик билан муносабатда бўлишга ишора қилмоқда", дейилади АҚШ элчилиги эълон қилган баёнотда.

Бироқ икки фаолга нисбатан бўлган муносабат Америка томонининг умидларига соя солгани таъкидланган баёнотда.

"Шу боис, бошқа ҳуқуқ фаоллари, хусусан Елена Урлаеванинг ушланиши ва Аъзам Фармоновга берилган қамоқ муддати узайтирилишининг ўз кучида қолгани эътимодимизни пасайтирди. Келгуси ҳаракатлар мамлакат қонунлари ва халқаро андозаларга мувофиқ келишини таъминлаш мақсадида биз ҳукуматни инсоний ўлчамлар масаласида ўзининг ижобий қадамларини янада мустаҳкамлашга чақирамиз", деб ёзилган баёнотда.

Ўзбекистон пахта далаларида мажбурий меҳнат ҳолатларини мунтазам қайд этиб келган Елена Урлаеванинг ушбу масала бўйича халқаро учрашувда қатнашиши режаланган бўлган.

Интернетда эълон қилинган видеода Елена Урлаева милиция ходимлари томонидан қандай ушлангани, калтаклангани ва Тошкентдаги руҳий шифохонага олиб келингани ҳақида ҳикоя қилиб берган.

Елена Урлаева 2001 йили, 2005 йили, 2012 ва 2016 йиллари ҳам мажбуран психиатрия касалхонасига ётқизилган.

Интернетда Елена Урлаевани озод қилиш талаби билан онлайн-петицияга имзо тўплаш бошланган.

2006 йили қўлга олиниб маҳкама товламачиликда айбдор деб топган 39 ёшли Аъзам Фармонов 9 йил 6 ойга озодликдан маҳрум этилган эди.

2015 йилги маҳкама инсон ҳуқуқлари ҳимоячисининг жазо муддатини 5 йил 26 кунга узайтиришга қарор қилган.

Аъзам Фармоновни қамоқхона ички тартибини бузишда айблашган, ушбу айблов Ўзбекистон қамоқхоналарида сақланган фаолларни озодликка чиқармаслик важи бўлиб келган.

Расмий Тошкент Елена Урлаеванинг яна руҳий шифохонага жойлаштирилгани ва Аъзам Фармоновнинг қамоқ муддати узайтирилгани борасида ҳозирча баёнот бергани йўқ.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber да: +44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг