БМТ инсон ҳуқуқлари борасида Ўзбекистонни мақтади

БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Зейд Раъад ал-Ҳусайн Фото муаллифлик ҳуқуқи UN

БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Зейд Раъад ал-Ҳусайн инсон ҳуқуқлари борасида аҳволни ўнглашга қаратилган чораларни эътироф этган. Унга кўра, Ўзбекистонда судлар тўғрисида қабул қилинган қонунлар амал қилса ижобий ўзгаришларни кутиш мумкин.

БМТ радиосининг хабар беришича, Зейд Раъад ал-Ҳусайн дунёда инсон ҳуқуқлари аҳволи бўйича йиллик ҳисоботда Ўзбекистонни илиқ сўзлар билан эътироф этган.

БМТ Олий комиссарига кўра, Ўзбекистоннинг янги Президенти Шавкат Мирзиёев адлия тизими самарадорлигини ошириш, адолатли ва мустақил маҳкама жараёнларини таъминлаш йўналишида қонунлар қабул қилмоқда.

"Жуда ҳам яқинда, октябрда қабул қилинган ҳуқуқ соҳасида ислоҳотлар тўғрисида қонунда адолатли маҳкама жараёни шартлари ҳам келтириб ўтилган. Ушбу қонуннинг бажарилиши - Ўзбекистон халқи манфаати учун ижобий ўзгаришларга хизмат қилиши мумкин", - деган Зейд Раъад ал-Ҳусайн.

БМТ масъулининг таъкидлашича, қабул қилинган қонунларнинг натижаси айрим маҳбусларнинг, жумладан журналист Муҳаммад Бекжоннинг ҳибсдан озод қилинишига сабаб бўлган.

БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссарлиги ҳар йили март ойининг биринчи ўнлигида дунёдаги инсон ҳуқуқлари борасидаги ҳисобот билан чиқади.

Шу вақтгача қилинган ҳисоботларда Ўзбекистондаги аҳвол салбий баҳоланиб келинган.

2016 йилги ҳисоботда айтилишича, Ўзбекистон ҳуқуқларини яхшилаш борасида яхшигина режага эга бўлса-да, бу соҳада аҳвол ночорлигича қолмоқда.

"Идорам қийноқлар, ноинсоний муносабат, асоссиз ҳибсга олишлар, сўз эркинлигининг йўқлиги, жамоат фаоллари, журналистлар ва мухолифатга нисбатан таъқиблар борасида хабарлар олишда давом этмоқда", - деганди БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Зейд Раъад ал-Ҳусайн 2016 йил 11 мартда чиқарилган ҳисоботда.

Ўзбекистоннинг ичидаги инсон ҳуқуқлари фаоллари президент алмашгандан бери бу соҳада аҳвол бироз ўзгараётганини, аммо айтарли натижа йўқлигини айтишади.

Риштондан инсон ҳуқуқлари фаоли Баҳодир Элибоевнинг Би-би-сига айтишича, Каримов даврида у ишлаган ташкилот фаолияти амалда тўхтатиб қўйилган ва улар одамларнинг ҳуқуқларини маҳкама ва ҳуқуқ-тартибот идораларида ҳимоя қилиб чиқа олмаган.

"Ҳозир янги Президент биз каби исон ҳуқуқлари ташкилотларининг жамият ҳаётига аралашинии кўриб чиқаяпти, деб эшитдик. Агар фаолиятимиз қонунийлаштирилса, маҳкама ва бошқа идораларда одамларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қила оламиз", - дейди Баҳодир Элибоев.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber да: +44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг

Алоқадор мавзулар

Бу мавзуда батафсилроқ