Алишер Усмонов яна тақдирланди

Алишер Усмонов Фото муаллифлик ҳуқуқи РБК

Россия ахборот агентликларининг хабар беришларича, асли ўзбекистонлик миллиардер бу гал Италия ҳукуматининг олий унвонига сазовор кўрилган.

Биноларни таъмирлашга қаратилган лойиҳалари учун Алишер Усмонов "Италия Республикаси қошидаги хизматлари учун" ордени билан тақдирланган.

ТАСС ахборот агентлигининг кўзга кўринган миллиардер ва меценат матбуот хизматига таяниб хабар беришича, бунга шахсан Италия Президенти Сержо Маттарелла қарор қилган.

"Италия Республикаси қошидаги хизматлари учун" - Италиянинг энг олий ордени саналади.

Бу орден билан адабиёт, санъат, иқтисод, хайрия, жамоат ва инсонпарварлик ишларига мислсиз ҳисса қўшган инсонлар тақдирланади.

Унга фуқаролар қаторида ҳарбийлар ва давлат арбоблари ҳам лойиқ кўрилишлари мумкин.

Бу хусусдаги билдиришнома тафсилотларидан аён бўлишича, Алишер Усмонов "Россия-Италия алоқаларини яхшилашга қўшган ҳиссаси ва қарийб бир асрдан буён Италия элчилиги биноси вазифасини ўтаб келаётган Берг қўрғони, Капитолийлар музейларидаги Гораций ва Куриаций заллари, Квириналь майдонидаги Диоскурлар Фаввораси ва Римдаги Траян форумини таъмирлашга қаратилган лойиҳалари учун" итальян ҳукуматининг ушбу мукофотига лойиқ кўрилган.

Усмонов Россиянинг энг бой ўнта миллиардеридан биттаси бўлади ва энг йирик меценатларидан бири саналади.

У Россиянинг ўзи ва ташқарисида олиб бораётган кенг кўламли хайрия ишлари билан яхши танилган.

Шу йил бошида Россия Президенти Владимир Путин ҳам Алишер Усмоновни "хайрия ва жамоат ишларига қўшган улкан ҳиссаси учун" махсус кўкрак нишони билан тақдирлашга қарор қилган.

Миллиардер 2015 йилда Россияда расман "Йилнинг меценати", деб ҳам эълон қилинган.

Россиянинг худди шу номдаги ташкилий қўмитаси ўшанда Алишер Усмонов йилнинг маданият ва санъатга ҳомийлик қилувчи энг бадавлат одами, деган хулосага келган.

Саховатпеша

Агар, Россиянинг қатор интернет нашрлари келтириб ўтган маълумотларга таянилса, Алишер Усмонов ўтган 10 йил давомида хайрия мақсадлари ва ижтимоий соҳаларни кўзда тутган сармоялар учун қарийб икки миллиард доллар ажратган.

Жаноб Усмонов, йилларки, турли халқаро нуфузли нашрлар таснифида Россия, Британия ва дунёдаги энг бой одамлардан бири саналиб келинади.

Миллиардер мобил алоқа, медиа ва интернет соҳасидан ташқари Англиянинг етакчи футбол жамоаларидан бири - "Арсенал"нинг ҳам анчагина фоиз ҳиссаларига эгалик қилади.

Алишер Усмонов яқинда америкалик биолог олим Жеймс Уотсоннинг Christie's кимошди савдосига қўйилган Нобел мукофоти медалини 4,8 миллион долларга сотиб олиб, катта шов-шувга сабаб бўлганди.

Россиялик миллиардер медални ўз соҳибига қайтаришга қарор қилганди.

Британиянинг "Independent" газетаси ўшанда америкалик олимнинг медалини бунчалик йирик баҳода харид қилиб, жаноб Усмонов ўзига хос рекорд ўрнатганини алоҳида қайд этиб ўтганди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Gazeta.uz

"The Sunday Times" нинг 2016 йилги саховатпешалар рўйхатида Алишер Усмонов юқори ўнликка кириб, еттинчи ўриндан жой олган.

Агар, ушбу нашр келтириб ўтган ҳисоб-китобларга таянилса, асли ўзбекистонлик миллиардернинг хайрия мақсадларига сарфлаган жаъми харажатлари 106.7 миллион фунт стерлингга етган.

Алишер Усмонов яқинда Ўзбекистонга қайтишни "исташи" ва "режалаётгани"ни айтган.

Алишер Усмонов Ўзбекистон ва унинг раҳбариятига ёрдам беришга ҳар доим тайёрлигини изҳор қилган.

У Ўзбекистонга сармоя киритиш режаси борлиги ва бунинг учун мамлакат раҳбариятининг таклифини кутаётганини билдирган.

У бу ҳақда ўтган йил охирида "Россия-24" телеканалига берган интервьюсида маълум қилган.

Bloomberg ўтган йил якунида Алишер Усмоновнинг умумий бойлиги қийматини $12.1 миллиард долларга баҳолаган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber да: +44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook- BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - bbcuzbekradio
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг