‘Бойваччалар’ ва Ўзбекистон

АҚШ доллари Фото муаллифлик ҳуқуқи courtesy

Агар, яқинда эълон қилинган янги халқаро тадқиқот натижаларига таянилса, Ўзбекистон Қозоғистон ва Туркманистондан кейин Марказий Осиё минтақасининг учинчи бой давлати бўлади.

Бу учовлондан кейинги ўринларни эгаллаган Қирғизистон ва Тожикистон эса, дунёнинг энг қашшоқ элликта мамлакатидан биттаси ҳам деб топилишган.

Янги тадқиқот нуфузли молиявий нашр - 'Global Finance Magazine' томонидан олиб борилган ва дунёнинг 198 давлатини қамраб олган.

Ҳисобот муаллифларига кўра, ҳақиқий иқтисодий аҳволни акс этдириш ва имкон қадар холис баҳо бериш учун биргина бу мамлакатлар йиллик Ялпи Ички Маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмига оид рақамлар билан кифояланишмаган.

Дунёнинг энг бой ва энг қашшоқ давлатларини аниқлаш учун аҳоли жон бошига тўғри келадиган Ялпи Ички Маҳсулотнинг харид қобилияти тенглиги бўйича қайта ҳисобланган натижасига таянишган.

Ўз тадқиқотлари жараёнида Жаҳон Банки ва Халқаро Валюта жамғармасининг имконли бўлган маълумотларидан фойдаланишган.

Минтақа ва МДҲ

Марказий Осиёда энг бойваччаси, деб топилган Қозоғистон янги рўйхатда 198 давлат орасидан 54-ўринни эгаллаган.

Ҳар бир фуқароси бошига 25669 доллар тўғри келиши билан Қозоғистон собиқ Шўро давлатлари орасидан Литва, Эстония, Россия ва Латвиядан кейин энг бой бешинчи республика бўлиб чиққан.

Собиқ Шўролар ҳудудидаги энг бойваччаси, деб топилган Литвада ҳар бир фуқаро бошига 29881 доллар тўғри келган.

Россияликлар мисолида бу кўрсаткич Литваникидан тўрт минг долларча кам экани маълум бўлган.

Марказий Осиёнинг иккинчи бой давлати сифатида тан олинган Туркманистон эса, бу халқаро журнал рейтингида Озарбайжон ва Беларусдан кейин 73-ўринни эгаллаган.

Собиқ Шўро давлатлари орасидан яна Грузия, Арманистон ва Украинани ўтказиб, Ўзбекистон бу рўйхатда 127-ўриндан жой олган.

Қирғизистондан 9 поғона қуйида келган Тожикистон эса, Global Finance Magazine таснифида 157-ўрин билан минтақа ва жаҳондаги энг камбағал давлатлардан бири бўлиб чиққан.

Агар, Ялпи Ички Маҳсулотнинг харид қобилияти тенглиги бўйича қайта ҳисобланган натижасига таянилса, ўтган йил ҳар бир тожикистонлик бошига 2982 доллар тўғри келган.

Қирғизистон томони эса, аллақачон бу халқаро молиявий нашр рейтингига ўз муносабатини билдириб чиққан.

Тадқиқот фақат "Жаҳон Банки ва Халқаро Валюта жамғармаси маълумотларига таянгани, бошқа жиҳатларни инобатга олмагани боис, ўзлари жаҳоннинг энг ночор 50 давлати қаторидан жой олганликлари"ни айтган.

Бу ҳақда куни-кеча Россиянинг "Sputnik" нашри қирғизистонлик масъулларнинг сўзларига таяниб хабар берган.

Марказий Осиёда аҳолиси сони энг катта бўлган (қарийб 32 миллионга яқинлашиб қолгани айтилувчи) Ўзбекистонда эса, ҳар бир киши бошига 6452 доллар тўғри келган.

Бойвачча ва қашшоқлар

Қатар, Люксембург ва Макао журнал таснифида дунёнинг учта энг бойвачча давлати бўлиб чиқишган.

Дейлик, ўтган йил дунёда "бойларнинг бойи" бўлган Қатарда фуқароси бошига тўғри келувчи маблағ 129 726 долларни ташкил қилган.

Уч Африка қитъаси вакили: Бурунди, Конго Демократик Республикаси ва Марказий Африка Республикаси жаҳоннинг энг қашшоқ мамлакатлари, деб топилишган.

Қиёсан олинганда, ўтган йил дунёда қашшоқларнинг қашшоғи бўлган Марказий Африка Республикасида киши бошига 656 доллар тўғри келган.

Агар, 2014 йилги халқаро маълумотларга таянилса, Ўзбекистон аҳолисининг 76 фоиздан кўпроғи қашшоқликда кун кечиради.

Ўшанда "Озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича глобал индекс" (The Economist Intelligence Unit) муаллифлари ана шундай хулосага келганлар.

Ушбу индекс ҳар йили Британиянинг нуфузли "Экономист" (The Economist) нашри таҳлилчилари томонидан тайёрланади.

Аммо озиқ-овқат ишлаб чиқариш ва заҳира қилиш бўйича Ўзбекистон яхши кўрсаткичларни қайд этган.

"Глобал индекс" хулосаларига таяниладиган бўлса, Ўзбекистон ҳозирда етарли озиқ-овқат ишлаб чиқаради, аммо фуқароларнинг аксарида етарли миқдорда озиқ-овқат сотиб олишга моддий имкон йўқ.

Бироқ Ўзбекистон расмий статистик рақамларига қараладиган бўлса, мамлакат "Буюк келажак" шахдам қадам ташламоқда ва аҳоли фаровонлиги ортиб бормоқда.

Расмий маълумотларга кўра, Ўзбекистонда минимал иш ҳақи 1994 йилдан 2014 йилга қадар 1373 маротаба ортган.

Бироқ, маҳаллий кузатувчиларга кўра, Ўзбекистонда аҳолининг қанча қисми қашшоқликда яшаши ҳақидаги статистик маълумотлар "давлат сири" сифатида кўрилади.

Мамлакатнинг миллионлаб фуқароларининг эса, йилларки, яқин ва узоқ хориждан даромад топишга мажбур эканликлари кузатилади.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber да: +44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook- BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - bbcuzbekradio
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг