Мирзиёев геосиёсатда қўшниларни афзал билмоқдами?

Мирзиёев энди Қозоғистонга бормоқчи Фото муаллифлик ҳуқуқи Qozog'iston Prezidenti matbuot xizmati

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 22-23 март кунлари Қозоғистонга бориши ойдинлашди. Янги Президентнинг Россияга эмас, балки қўшни давлатларга эътибор қаратаётгани ташқи сиёсатда мустақилликни сақлаш дея изоҳланмоқда.

"Казинформ" агентлигининг хабар беришича, Мирзиёев ўзининг иккинчи давлат ташрифини 22-23 март кунлари Қозоғистонга амалга оширади. Агентлик бу ҳақда Қозоғистон Ташқи ишлар вазири Қайрат Абдрахмановга таяниб хабар берган.

"Ўзбекистон Республикаси Президенти 22-23 март кунлари Остонага ташриф буюради, шундан сўнг Остонага Марказий Осиёнинг бошқа давлат раҳбарлари ҳам келади. Бу нарса биз тўқнаш келаётган трансмиллий характердаги муаммоларни ечишда мамлакатларнинг бир бўла олишига исбот сифатида хизмат қилади", - деган вазир.

Мирзиёевнинг илк давлат ташрифи Қозоғистонга амалга ошиши ҳақида бундан олдин хабарлар чиққан эди. Бироқ Мирзиёев илк ташрифини Туркманистонга амалга оширди.

Эътиборга тушган илк давлат ташрифи

Ислом Каримов вафотидан сўнг ҳокимият тепасига келган Шавкат Мирзиёевнинг илк давлат ташрифи лавозимга ўтирган кундан бери муҳокама бўлиб келаётганди.

Кузатувчилар ва сиёсатчилар Мирзиёев илк давлат ташрифини Россияга амалга оширишини ва шу билан бу давлатнинг стратегик аҳамиятини расман кўрсатишини кутишаётганди.

Бу борада Россия томони ҳам илк ташрифнинг ўзларига бўлиши борасида сиёсий воситаларни ишга солгани кузатилади.

Ўзбекистонда сайлов натижалари эълон қилингандан сўнг Мирзиёевни табриклаш учун қўнғироқ қилган Владимир Путин уни Россияга таклиф қилганди.

Россия матбуоти Ўзбекистон ҳукумат доираларидаги манбаларига таяниб Мирзиёевнинг илк ташрифи айнан россия бўлиши ҳақида хабарлар тарқатди.

Президент Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песков ушбу хабарларни рад қилмаган ва Мирзиёевнинг Россияга илк давлат ташрифи амалга оширишини "Кремл ижобий баҳолайди ва кутамиз", дея изоҳ билдирганди.

Россия Давлат думаси МДҲ масалалари бўйича қўмита раиси Леонид Калашников Интерфакс агентлигига Мирзиёевнинг илк давлат ташрифи Россия бўлишига амин эканлигини айтган.

"Биринчи ташриф Россия бўлишига аминман. Бу нарса иқтисодий, геосиёсий ва ҳарбий нуқтаи назардан мантиқли. Биз иттифоқчи ва ҳамкорлармиз. Ўзбекистоннинг янги Президенти Россия ва бутун собиқ иттифоқ ҳудудларини яхши тушунадиган одам", - деган у.

Бироқ Мирзиёев геосиёсатдан кўра, яхши қўшничилик алоқаларини биринчи навбатга қўйган кўринади.

Илк давлат ташрифи Туркманистонга бўлди. Қирғизистон ва Тожикистонга давлат миқёсида махсус борди-келдилар ва моддий кўмаклар амалга оширилди. Иккинчи давлат ташрифига эса Қозоғистон танланди.

МДҲ давлатлари бўйича мутахассис Аркадий Дубнов Ўзбекистон янги Президент тимсолида ўзининг мустақиллигини намойиш қилаётганини ёзди.

"Мирзиёев Туркманистонни танлаб, мен дохил бошқа экспертларнинг янги Президент собиқ "оға"сига боғлиқлигини кўрсатишдан бўйин товлай олмайди, илк ташриф Москвага бўлади деган тахминларини чиппакка чиқарди", - дейди у.

Мутахассисга кўра, Тошкент яна бир бор Ўзбекистон ташқи сиёсатининг ҳарқандай блоклардан ҳоли характерга эга эканлигини кўрсатган. .

"Ўзбекистон Оврўосиё иттифоқи ва ОДКБга қўшилмайди. Бор эътибор қўшниларга қаратилади. Руслар, хитойлар, европалик ва америкаликлар кутиб туришади", - дейди Аркадий Дубнов.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook - BBC UZBEK

Google+BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - uzbekbbclondon

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг

Бу мавзуда батафсилроқ