"TESLA Ўзбекистонда қуёш электр станцияси қурсин"

Қуёш электр станцияси Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Украина Бош вазири Владимир Гройсман Tesla асосчиси Илон Маск томонидан 100 кун ичида қуёш электр станцияси қуриб бериш таклифига қизиқиб қолган. Ўзбекистонликлар ҳам қиймати 100 миллион АҚШ доллари бўлган бундай станциялар қуришни айнан Teslaга топшириш керак дейишмоқда.

Украина Бош вазири ва Маск ўртасидаги мулоқот Twitter ижтимоий тармоғида бўлиб ўтган.

Powerwall 2 батареялари ёрдамида Австралияда қайта тикланувчи энергияни сақлашга бағишланган лойиҳа доирасидаги ёзишмалардан Илон Маскдан бу каби нарсани Украинада амалга ошириш мумкинми, дея сўрашган.

"Албатта, лойиҳанинг қиймати борасидаги менинг олдинги твитим билан танишиб чиқинг", - деган Илон Маск.

Бу орада мулоқотга Украина Бош вазири қўшилган ва лойиҳага қизиқиш билдирган.

"Раҳмат, қизиқ ғоя экан. Украина инновация учун синов майдони бўлишни истайди. Келинг, бу ҳақда батафсил гаплашиб олайлик", - деган Владимир Гройсман.

Ўтган ҳафта Илон Маск Жанубий Австралиядаги электр муаммосини юз кунда ҳал қилиб бериш бўйича баҳс бойлаганди. Маск таклиф қилаётган лойиҳа бўйича 100 мегаваттлик электр станция энергияни сақловчи махсус аккумуляторлар билан жиҳозланади. У лойиҳа қийматини 100 миллион АҚШ долларига баҳолаган.

У агар станцияни 100 кунда қуриб бера олмаса бажарган иши учун ҳақ олмаслигини айтган.

4 йилдан бери битмаётган Самарқанддаги қуёш электр станцияси

Маскнинг ваъдаси электр энергия борасида муттасил муаммоларга дуч келувчи ўзбекистонликлар ўртасида ҳам муҳокамаларга сабаб бўлган.

Ўзбекистонда қуёш электр станциялари қуриш бўйича бир неча йилдан бери турли чет эл ширкатлри билан ҳамкорлик олиб борилмоқда.

Шундай станциялардан бири, 1,2 мВт қувватга қуёш электрастанцияси Бухорода 2016 йил қуриб фойдаланишга топширилганди. МДҲда энг йирик қуёш станцияси дея баҳоланган лойиҳа 1,5 минг аҳолиси бор кичик шаҳарчани доимо электр билан таъминлай олиши айтилганди.

Ўзбекистон бир неча йилдан бери Самарқанд, Наманган ва Сурхондарё вилоятларида ҳар бири 100 мегаватт қувватга эга қуёш электр станцияси қурилиши борасида айтиб келади.

Ушбу лойиҳа учун ажратилган маблағ ўзбек матбуотида турли рақамлар билан келади.

Мисол учун РИА Ноовости агентлиги "Ўзбекэнерго" акционерлик жамиятига асосланиб Ўзбекистонда 2020 йилгача қуриб битказилиши режаланган ва ҳар бири 100 мегаватлик қувватга эга станциялар учун умумий миқдорда 450 миллион доллар ажратилиши хабар қилган.

Бироқ kun.uz хабардан бир йил олдин 2015 йилнинг 15 август куни яна "Ўзбекэнерго" таяниб биргина Самарқанд вилоятида қурилаётган қуввати 100 мегаваттлик станциянинг умумий қиймати 310 миллион долларга тушини айтган.

Хабарга кўра, ушбу маблағнинг 110 миллион доллари Осиё тараққиёт банкидан имтиёзли кредит сифатида олинади, қолган маблағ Ўзбекистон томонидан қопланади.

Бироқ ўзбекистонлик интернет фойдаланувчилари қурилиши бир неча йилдан бери давом этаётган ва ҳали битишидан дарак йўқ қуёш электр станциялари Ўзбекистонда пул ювиш воситасига айланиб қолганини иддоа қилишади.

"Қуввати бир хил электр станциясини улар 100 кунда 100 млн долларга, биз эса 1825 кунда 210 млн долларга қурар эканмизми? Камбағални туяда ҳам ит қопади дегани шу бўлса керак", - деб ёзади Сардор Салим.

Биргина Самарқандда қурилиши режжалаштирилган қуёш электр станциясини қуришга тайёргарлик ишлари 2013 йилнинг июн ойида бошланган. 2014 йили ушбу станцияни бевосита қуриш ишлари бошланган. 2013 йили ушбу лойиҳанинг қиймати 240 миллион доллар эканлиги айтилганди.

Мутасаддилар ушбу электр станцияси неча йилда қуриб битказилиши борасида бирор рақам айтмаган. 4 йилдан бери битмаган лойиҳанинг қачон ишга топширилиши ҳануз номаълум.

"Бизда эса Самаркандда уч йилдан бери хеч курилишни бошлай олишмаябди. Лекин миллион миллион АКШ доллари проект буйича узлаштириб булинган", - дейди Абдурашид Абдукаримов

Интернет фойдаланувчилари муаммонинг илдизини Ўзбекистондаги порахўрликка тақашган. Улардан бири агар Илон Маск Ўзбекистонга келса у ҳам коррупцион ишларга қўшилиб кетиши мумкинлигига ишора қилган.

"Маскни чақирманглар, шу бола айнимай ишласин", - дейди улардан бири.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook - BBC UZBEK

Google+BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - uzbekbbclondon

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг