Баҳор байрами - Наврўз

  • 20 Март 2017
Гуллаган дарахтлар

Бу йил баҳор тенгкунлиги - Наврўз 20 мартга тўғри келади.

Хитойдан то Болқон давлатларига қадар чўзилган минтақа бўйлаб муайян диний ва этник гуруҳлар баҳор келишини тантана билан кутиб олишади.

Наврўз нишонланадиган минтақалар харитаси

Баҳорни байрам қилиш 3, 000 йилдан ортиқроқ вақтдан бери давом этади.

Ишонилишича, баҳор тенгкунлиги қадим Месопотамия (Икки дарё оралиғи)даги астрономик тадқиқотларга асосланган.

Кейин мусулмон олимлари ҳам Наврўз кунига оид илмий изланишлар олиб боришган.

Абу Райҳон Беруний, Умар Ҳайём, Маҳмуд Қошғарий каби алломалар ишларида ҳам Наврўз ҳақида илмий фикрлар билдирилган.

Хитойнинг Шинжон минтақасида Наврўзни байрам қилаётган мактаб болалари Фото муаллифлик ҳуқуқи Xinhua agency
Image caption Хитойнинг Шинжон минтақасида Наврўзни байрам қилаётган мактаб болалари

Баҳор байрами тарихи инсоният илк цивилизациясига бориб тақалади.

Қадим замонларда одамлар қуёш ва ой ҳаракатларини яқиндан кузатишган.

Улар табиатда кечадиган ўзгаришларнинг моҳиятини англашга уринишган.

Баҳор байрами инсоният цивилизация тарихи билан боғлиқ.

Наврўз форс тилида "янги кун" деганидир. Ҳозиргача Эрон ва Афғонистонда бу кун Янги йилнинг бошланиши сифатида тан олинади.

Наврўз маросимларидаги миллий ва диний анъаналар қўшилиб кетган.

Зардўштийликда баҳор қайтиши яхшиликнинг ёвузлик устидан ғалабасини англатган.

Эроннинг Язд вилоятида яшаб қолган зардўштийлар ўз қадимий анъаналарини сақлаб қолишга уринадилар. Би-би-си Форс Хизматидан Али Аттар ушбу кичик жамоа бугунги замонавий дунёда Наврўзни қандай нишонлаши билан қизиққан. (Видеолавҳа 2007 йил тасвирга олинган филм асосида тайёрланди)

Зардўштийлар жамоаси бугун катта эмас

Ўзбекистонда Наврўз миллий ўзликнинг ажралмас қисми ҳисобланади. Совет Ўзбекистонида ҳам Наврўз тақиққа учраганди. 1990 йиллар бошларида Наврўз қайта тикланди ва умумхалқ байрами сифатида кенг нишонлана бошлади. Бугунда Наврўз тадбирларида масъулиятни асосан аёллар зиммаларига оладилар.

"Сумалакдан тош топдим..."

Совет Иттифоқи парчаланганидан сўнг Марказий Осиёда пайдо бўлган давлатлар раҳбарлари ўз Исломий меросларига ўта эҳтиёткорлик билан мурожаат қила бошлашди.

Аксига улар Россиядан мустақиллик белгиси ўлароқ Наврўзни маданий қадриятлари рамзига айлантиришди. Душанбедан Би-би-си мухбири Суҳроб Зиё тайёрлаган фотолавҳа.

Наврўз - маданий ўзлик тимсоли

Собиқ Шўро мамлакатларида Наврўз анъаналари турли ўзгаришларга юз тутди.

Ипак йўлида истиқомат қилувчи одамлар қадим анъанани нишонлаб келишган, аммо СССР парчаланганидан кейин Наврўзнинг қайта тикланиши мустақил давлатлар ўзлигини шакллантиришга хизмат қилди. Би-би-си Озари хизматидан Зулфиқор Руфатўғли ҳикоя қилади.

Озарбайжонда Наврўз эврилишлари

Эронликлар учун Наврўз таътилини Арманистон ва Озарбайжон каби мамлакатларда ўтказиш маъқул танловга айланган.

Аммо бу йил минглаб эронликлар Грузияга боришлари кутилади. Бу давлат ўтган йил Эрон фуқаролари учун визани бекор қилганди.

Би-би-си мухбири Райҳон Демитри эронликлар пойтахт Тбилисида нималарни кўриш орзусида эканлари билан қизиққан.

Тбилиси учун баҳор келиши сайёҳлик мавсуми бошланиши ҳамдир

Наврўз Толибон даврида Афғонистонда оташпарастликка асосланган куфр дея тақиқланганди. Анъанадор уламолар ҳамон уни танқид остига оладилар.

КАрти Сахий Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images
Image caption Наврўз байрамини нишонлаш учун афғонлар Карти Сахий зиёратгоҳи атрофида йиғиладилар

Ўтмишдаги ёки бугунги қарашлар қанчалар зиддиятли бўлмасин, Деҳқонлар куни номи билан ҳам маълум Наврўз кўплаб афғонларнинг севимли айёми сифатида қолган. Би-би-си Афғон Хизматидан Пайинда Сарганд тайёрлаган фотолавҳа.

Афғонистонда Наврўз

Узоқ тарихга эга Наврўз айрим минтақаларида шоду хуррамликдан сиёсий чиқишлар фурсатига айланган.

Яқин Шарқдаги Курд жамоалари баҳор тенгкунлигини қаршилик кайфиятларини изҳор қилиш билан нишонлашади.

Бағдод шимолидан 500 чақирим узоқликдаги Ақраҳ шаҳарчасидаги Ироқ курдлари машъала кўтариб тоққа чиқишмоқда Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images
Image caption Бағдод шимолидан 500 чақирим узоқликдаги Ақраҳ шаҳарчасидаги Ироқ курдлари машъала кўтариб тоққа чиқишмоқда

Ироқ 2016 йил Наврўзни ЮНЕСКО Инсоният номоддий маданий мероси рўйхатига киритилиши учун ҳаракат қилган ягона араб мамлакатидир.

Ироқ ҳудудида Наврўз қадимдан бери байрам қилиб келинган. Замонавий дунёда буни мамлакатдаги турли этник гуруҳлар - Курд, Араб, Туркман ва Язидийлар нишонлашади.

Эркаклар рақсга тушишмоқда Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images
Image caption Ақраҳ шаҳарчасидаги курдлар Наврўзда миллий дабка рақсига тушишмоқда

Наврўз тантаналари кенг кўламда ўтказилади. Айниқса, Ироқ Курдистонидаги қишлоқлари одамлари шаҳар ва қишлоқларда тўпланиб, хурсандчиликларини баҳам кўришади.

Курд оилалари учун Наврўз байрами рамзий маънога эга.

Болалар Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images
Image caption Ақраҳдаги болалар Наврўз муносабати билан юзларига Ироқ байроғи рангларини суртишган

Ҳамма жойда Наврўз оила билан бирга бўлиш, дўст-ёрларни зиёрат қилиш ҳамда марҳумлар хотирасига ҳурмат бажо келтириш фурсати бўлиб келган.

Асрлар давомида одамлар баҳорнинг келишини йилнинг яхши келишига умид сифатида нишонлашган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber да: +44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг