Ўзбек эркаклари ўз сўзларини айтишди

Ёшлар Фото муаллифлик ҳуқуқи rustam shagaev

Янги тадқиқот натижаларидан маълум бўлишича, бугун ўзбек эркакларининг 77 фоизи оилада фарзандлар сонини режалаштириш керак, деган фикрда.

Тадқиқот муаллифларига таянилса, аксарият иштирокчи эркаклар оилани режалаштиришнинг қанчалик муҳим эканини англаб етишади.

"Газета.uz" нашрининг хабар беришича, янги тадқиқотга Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ижтимоий тадқиқотлар институти бош-қош бўлган.

Сўров ўтган йил охирида Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Хотин-қизлар қўмитаси томонидан Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Аҳолишунослик фондининг техник кўмаги билан ўтказилган.

Аён бўлишича, янги ижтимоий тадқиқот эркакларнинг репродуктив саломатликни мустаҳкамлашдаги ролига бағишланган.

Тадқиқот жараёнида 400 нафар эркакнинг айни мавзу билан алоқадор фикрлари ўрганилган.

Агар, сўров натижаларига таянилса, оилада фарзандлар сонини режалаштириш ҳақида сўз кетганда, шаҳар ва қишлоқ мисолида эркакларнинг қарашларида жиддийгина фарқ кузатилган.

Дейлик, шаҳар жойларида 13 фоиз эркак бунинг ҳеч бир ҳожати йўқ, деган фикрда бўлса, қишлоқ ҳудудларида бу каби хулосада бўлганларининг сони қарийб 19 фоизни ташкил этган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Иштирокчи эркакларнинг аёл киши неча ёшда фарзанд кўргани маъқуллиги борасидаги фикрлари ҳам ўзига хос бўлиб чиққан.

Аксарият ўзбек эркаклари (77 фоиз) наздларида бунинг учун энг оптимал ёш 21 дан бошланиб, 31 да тугаркан.

Худди шу ўринда тадқиқотчиларнинг алоҳида таъкидлашларича, уларнинг бу қарашлари олимларнинг замонавий изланишлари натижаларига мос тушади.

Аёллар 17 ёшдан 20 ёшгача бўлган вақт оралиғида фарзандли бўлганлари маъқул, дегувчи ўзбек эркакларининг сони эса, бугунги кунда 15.5 фоизни ташкил этаркан.

Тадқиқот жараёнида эркакларнинг оилани режалаштириш масаласида тутган ўринлари ва ёки таъсирларини ҳам назарда тутиб, улардан ҳам она ва ҳам бола саломатлиги назарда тутилганда, фарзандлар ўртасидаги фарқ неча йил бўлгани маъқул, деган савол ҳам сўралган.

Сўров иштирокчилари ярмидан кўпроғи наздида, бу фарқнинг 3 йил бўлгани тузук.

16 фоиздан сал ортиқроғи фикрича, тўрт йил ёки ундан ортиқроқ танаффус қилган маъқул.

Фарзандни ҳар икки йилда кўрган яхши, дегувчиларининг сони эса, 20 фоиздан бироз кўпроқ бўлиб чиққан.

Иккинчи болани бир йилдан кейин кўрган тузук, деган қарашда бўлганларининг миқдори эса, беш фоизга етиб-етмаган.

Аммо маълумоти қанча юқори бўлса, фарзандлар ўртасидаги фарқ каттароқ бўлгани маъқул, деган фикрда бўлган эркакларнинг сони кўп бўлган.

Хабарларга кўра, янги тадқиқот натижаларини таҳлил этиб бўлиш ортидан, мутахассислар ёшларни репродуктив саломатлик асосларидан огоҳ этишга қаратилган ахборот кампанияларини ишлаб чиқишни тавсия этишган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг