Россия паспортини олиш осонлашиши мумкин

Россия паспорти Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Хабарларга кўра, агар, янги қонун лойиҳаси маъқулланса, бундан буёғига Россия паспортини нафақат қон ва қариндошлик, балки-да, "заминий" асосда ҳам олиш мумкин бўлади.

Россия паспортини беришда рус тилида бемалол сўзлаша олишингиздан ташқари, сиз ва яқинларингизнинг собиқ Шўролар Иттифоқи ва Чор Россияси ҳудудига алоқадорлигингиз ҳам алоҳида инобатга олинади.

Бу ҳақда Россиянинг "Sputnik" нашри Давлат Думаси Миллатлар ишлари бўйича қўмитаси раиси муовини Руслан Бальбекка таяниб, хабар берган.

Россия ўз паспорти билан нималарни кўзламоқда?

Бу хусусдаги янги қонун лойиҳаси шу йил февраль ойида Думада қайддан ўтган.

Миллатлар ишлари бўйича қўмита ҳам аллақачон унга ўзининг ижобий баҳосини берган.

Янги қонун лойиҳаси муаллифлари эса, Россия Давлат Думаси депутатлари Константин Затулин ва Наталья Поклонскаялар саналишади.

"Заминий ҳуқуқ" - юридик термин бўлиб, ирқий, миллий ва забоний мансублигидан қатъиназар, инсонларнинг ўзлари ҳудудида туғилган давлат фуқаролигини олиш ҳуқуқини кўзда тутади.

Россия Президенти Владимир Путин ўтган йил охирида ушбу масалага яна бир бор эътибор қаратган, Россия фуқаролигини олиш, айниқса, собиқ Шўро давлатлари фуқаролари учун имкон қадар қоғозбозликдан холи бўлиши кераклигини таъкидлаганди.

Президент Путин ўз чиқишида ҳукуматнинг диққатини айни жараёнга бир эмас, неча қайта қаратганини айтган.

Аммо бунга эришиш осон эмаслиги, энг асосийси, бу масалада хавфсизлик ўта муҳим роль ўйнашини унутмаслик кераклигини баён қилганди.

Россия фуқаролиги ва мигрантлар

Тахминий рақамларда Россияда меҳнат қилаётган марказий осиёлик муҳожирларнинг сони 4.5 миллиондан 6 миллионгача экани ва улардан аксариятининг ўзбекистонликлар экани айтилади.

Сўнгги хабар манзарасида Москвадан фаол Баҳром Ҳамроевнинг Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатида айтишича, уларнинг орасида ҳам Россия фуқаролигини олиш истагида бўлганларини оз, деб бўлмайди.

Унга кўра, Россияда меҳнат қилаётган жаъми меҳнат муҳожирлари билан қиёсланганда, ўзбекистонликлар энг кўп маъмурий-қоғозбозлик ҳолларига тўқнаш келишади.

Агар, суҳбатдошимизнинг кузатувларига таянилса, худди шу боис ҳам, яъни ўзлари Россияда тўқнаш келиб турган бу каби муаммоларни енгиллатиш учун бугун ҳар ўн ўзбекистонлик меҳнат муҳожиридан камида 2-3 нафари аниқ уларнинг паспортини олиш истагида.

Яъни, улар фуқаролигини олиб, бутунлай Россияда қолишни исташади.

"Яна тўрт-беш нафари эса, ўзларини ижтимоий жиҳатдан ҳимоя қилиш, иш топиш, ҳуқуқ-тартибот ходимларининг босимларидан йироқроқ туриш учун муайян муддатга бўлса-да, Россия паспортини олишга ҳозир". Яъни фуқаролигини олмоқчи бўлишса-да, умрбод Россияда яшаш истагида эмас.

Бундан ташқари, Россия фуқаролигини олишлари мигрантлар тўқнаш келиб турган энг асосий муаммо - тиббий суғурта масаласининг ҳам осонлик билан ечим топишига кўмак беради, дейди Баҳром Ҳамроев.

Аммо, фаол суҳбатдошимизга кўра, ҳатто, шунда ҳам, ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларини янги қонун лойиҳаси борасида жуда хушбин, деб бўлмайди.

Баҳром Ҳамроевга кўра, улар мигрантлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган ва йилларки амалда бўлган мавжуд қонунларнинг амалда қанчалик иш бераётганига қараб, янгиси ҳақида ҳам аллақачон хулоса чиқаришган-қўйишган.

"Россия фуқаролигини олишни осонлаштириши" мумкинлиги айтилаётган эса-да, ижросига келганда, жараён "эски тос, эски ҳаммом"дан деярли фарқ қилмайди, деган бир тўхтамга келиб бўлишган.

Россия ва қўшфуқаролик

Агар, имконли бўлган маълумотларга таянилса, Россияда қўшфуқаролик тан олинади.

Аммо бунинг учун сиз фуқароси бўлган давлат билан Россия ўртасида бу хусусдаги келишувнинг амалда бўлиши шарт кўрилади.

Аён бўлишича, жорий пайтда Россия фақат Туркманистон ва Тожикистон билан бу каби битимга эга.

Агар, бундан бошқа давлат фуқароси бўлсангиз, паспортини олгач, Россия сизни фақат ўз ватандоши сифатидагина тан олади, холос.

Яқинда турли интернет нашрларида пайдо бўлган хабарларга таяниб хулоса қилинадиган бўлса, жорий пайтда айнан "тиббий суғурта" муаммоси сабаб, 60 фоизга яқин тожикистонлик меҳнат муҳожири Россия фуқаролигини олишни исташади.

Худди шу омил боис, Россия паспортига кўз тикаётган қирғизистонлик мигрантлар сонининг ҳам оз эмаслиги айтилади.

Ўзбекистон ва қўшфуқаролик

"Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида"ги 1992 йилда қабул қилинган қонунга ўтган йил 23 сентябрда ўзгартириш ва қўшимчалар киритилган.

Ўша пайтда Ўзбекистон президенти вазифасини вақтинча бажарувчи Шавкат Мирзиёев имзолаган ўзгартиришларга кўра, "агар шахс чет давлатнинг фуқаролигини олган бўлса, Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини йўқотиши мумкин" деб ёзилган.

"Чет давлатнинг фуқаролигини қабул қилган шахс ушбу факт ҳақида ўттиз кун ичида Ўзбекистон Республикасининг ички ишлар идораларига ёки чет элдаги консуллик муассасаларига хабар бериши шарт", деган жумла ҳам киритилган.

Бу қонунга доир янги ўзгартиришлар эълон этилиши билан турли талқин, фараз ва хавотирларга туртки берган.

Ҳозирда ўз ватанига айнан фуқаролик, ОВИР ва паспорт масалалари билан ватанига қайтолмаган миллионлаб ўзбекистонликлар борлиги тахмин қилинади.

Аммо айни шу хабар манзарасида ўзбекистонлик айрим дипломатлар Ғарб нашрлари билан суҳбатда, "бирор бир хорижий давлатникини олиш - Ўзбекистон фуқаролигидан автоматик равишда маҳрум бўлишни англатмаслиги"га оид фикрларни ҳам изҳор этишганди.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг