‘Ҳар учта немисдан иккитаси Ўзбекистон ҳақида эшитган’

Самарқанд Фото муаллифлик ҳуқуқи COURTESY

Германиядан ўзбекистонлик суҳбатдошимизнинг бу сўзлари ҳар икки давлат ўртасида дипломатик алоқалар ўрнатилганига чорак аср тўлган бир манзарада янгради.

"Бу 15 йиллар муқаддам жуда камдан-кам учрайдиган ҳолат эди. Мана, шу ҳозир ҳайрон қолдирадиган нарса - қаерда бир суҳбатга бош суқиб қолманг, шу учта суҳбатдошингиздан иккитаси Ўзбекистон ҳақида эшитган, қизиққан бўлади", - дейди Ҳулкар Норқобилова.

Унинг айтишича, маҳаллий аҳоли қолиб, араб бўладими ёки итальян, Германияда ўзи таниган-билган хорижликларнинг ҳам Ўзбекистонга қизиқишлари кучли.

Қадимий шаҳарлари, сиёсати, серқуёш об-ҳавоси, жўғрофий жойлашуви, таомлари ҳақида жуда қизиқишади, дейди ўз таассуротлари ва кузатувларига таяниб бу суҳбатдошимиз.

"Сомса ва палов ҳозир Германияда жудаям бир оммалашиб кетаяпти. Ким еса, кимни меҳмон қилсак, албатта, ниҳоятда ҳайратда қолишган. Баъзи бир кўргазмалар чоғида ўзбекистонлик талабалар сомса пишириб, тарқатишганди, ҳаммага маъқул келди", - дея ўз сўзларида давом этади у.

Суҳбатдошимизнинг айтишича, фарзанди таҳсил оладиган мактабда уюштирилган хайрия тадбирида ҳам ота-оналар томонидан тайёрлаб келинган барча таомдан энг аввал қўлма-қўл бўлиб кетгани - ўзи пишириб борган ўзбекча сомса бўлган.

"Ҳамма тадбир иштирокчиларига ёққан, ҳамма мақтаган таом шу - сомсамиз бўлди".

Сўнгги йилларга келиб Берлин, Гамбург дохил Германиянинг қатор йирик шаҳарларида ўзбек ресторанлари ҳам очила бошланган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи stalic.livejournal

Ҳулкарнинг сўзларидан аён бўлишича, шу пайтгача асосан ўрта ёшлилар ва қарияларнинг Ўзбекистонга қизиқишлари кучли бўлса, ҳозир немис ёшлари орасида ҳам бу каби кайфиятни кузатиш мумкин. Аҳолининг асосан ўқимишли, зиёли қатлами, дейди у.

Аммо, суҳбатдошимизга кўра, охирги пайтларда Euronews телевизион канали орқали Ўзбекистоннинг сайёҳлик потенциали ҳақида устма-уст олиб узатилаётган рекламаларнинг ҳам таъсири катта бўлгани сезилади, бугун Германиядаги оддий бир ишчи билан гаплашсангиз ҳам, Ўзбекистон ҳақида эшитган бўлади, дейди Ҳулкар.

"Шу бешта суҳбатдошингиздан иккитаси, албатта, вақти келиб, Ўзбекистонга бориш истагида...".

"Самарқанд, Бухоро, Шаҳрисабз, Хива, Тошкент - Тошкент ҳам ҳозир мана шу қаторга кирган пойтахт сифатида, уларни кўпроқ қизиқтиради".

Худди шу ўринда ўзбекистонлик суҳбатдошимизнинг айтишича, Ўзбекистоннинг (30 кундан зиёд бўлмаган муддатга сайёҳлик мақсадида) Германия дохил 15 мамлакат сайёҳлари ҳамда 12 мамлакатнинг 55 ёшдан ошган сайёҳлари учун виза тартибини бекор қилиш режасида эканига оид хабарлар ҳам немис халқини бефарқ қолдирмаган.

Ўз навбатида, ҳозир Германиянинг ўзбекистонликлар кириб бормаган бирор бир шаҳри қолмаган ва улардан аксарияти таҳсил олиш мақсадида келган ёшлардан иборат, - дейди у.

Ҳулкарнинг ўз кузатувларига таяниб айтишича, уларнинг сонлари жудаям кўп ва асосан информатика, иқтисод, тил, замонавий технологиялар йўналишида таҳсил олишади.

Таҳсилларини тугатгач эса, иш топиб, ўз карьераларини йўлга қўйиб олишлари учун яна қўшимча бир йилга Германияда қолишларига ҳам изн берилади.

Суҳбатдошимизнинг айтишича, Германияда таҳсил олиш учун жуда катта шарт-шароит бор ва деярли ҳар бир шаҳару шаҳарчасида камида битта олий ўқув юрти бор.

Шу кунларда Ўзбекистоннинг сайёҳлик потенциали Берлинда бўлиб ўтган "ITB Berlin - 2017" халқаро туризм кўргазмасида намойиш этилган.

"ITB Berlin - 2017" - дунёдаги энг йирик халқаро сайёҳлик кўргазмаларидан бири саналади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи COURTESY

Агар, хабарларга таянилса, бу йилги кўргазмага ташриф буюрганларнинг сони 200 минг кишидан ортган.

Ўзбекистон ҳайъати ўзининг миллий куй-қўшиқлари, ранг-баранг рақслари, сархил мевалари ва ўзбекона таомлари билан иштирокчилар диққатини ўзига тортган.

Суҳбатдошимиз эса, ўз ўрнида, немис таниш-билишларига қанчалик ёққанидан келиб чиқиб, Ўзбекистоннинг ҳўл ва қуруқ мевалари ҳам, вақти келиб, Германия бозоридан ўз ўрнини топиши мумкинлигига ишонишини айтади.

Дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 25 йиллиги муносабати билан ҳар икки давлат раҳбарлари томонидан йўлланган табрик мактублари эса, "ўзаро ҳамкорликни янада кенгайтириш"га оид тилаклар билан якунланган.

Олмон ширкатлари Ўзбекистон билан бир неча йиллардан бери савдо алоқаларини давом этдириб келади.

2015 йил бошида Ўзбек ва Олмон ширкатлари Берлиндаги учрашувлар чоғида 2,8 миллиард долларга тенг сармоя, қарз ва ўзаро савдога доир шартнома имзолаганига оид хабарлар олинган.

Ўзбекистон билан Германиянинг яқинлашиши 2001 йил АҚШ бошчилигидаги коалициянинг Афғонистонга нисбатан ҳарбий амалиётлар бошлаган пайтга тўғри келади.

Германия айнан Афғонистондаги аксилтеррор амалиётлари боис фойдаланиб келган Термиз аэропортидаги Олмон ҳарбийларини дастаклаш маркази фақат 2015 йилга келиб ёпилган.

Инсон ҳуқуқлари фаоллари, қатор ҳалқаро ташкилотлар эса, 2005 йил Андижон воқеаларидан кейин Оврўпо Иттифоқининг Ўзбекистонга жазо чоралари киритганини писанд қилмади, дея Берлинни орада бир неча бор танқид ҳам қилишган эди.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг