"Хизматлар нархи гўшт қийматида белгилансин"

Доллар нархи кун сайин ошмоқда Фото муаллифлик ҳуқуқи cisnews.net

Ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари сўм нархининг кун сайин қадрсизланишига шундай муносабат билдиришмоқда. 14 март куни 1 доллар 7850 сўмга чиққан. Ўзбекистонда хизмат ва аксар товарлар доллар нархида баҳоланиши ортидан аҳоли азият чекаётгани айтилмоқда. Айримлар сўмдан бутунлай воз кечиб иқтисодни долларда юритиш таклифини ҳам берган.

Ўзбек сўми қадрсизланишда давом этмоқда. Доллар ошиши билан нарх-наволар ҳам кўтарилмоқда. Айрим товарларга баҳоларнинг соат сайин кўтарилаётганини кузатиш мумкин.

"Тушгача 300 сўм дейилган нарса, тушдан сўнг 350 минг сўм турибди", - деб ёзган Тошкентда истиқомат қилувчи фуқаро.

"Озиқ-овқатнинг кўп турлари чет-элдан олиб кирилади. Мана шуларнинг нархи кўтарилади. Қозоғистондан келтирилаётган уннинг нархи 3,000 дан 3,800 сўмга кўтарилишини бунга мисол қилиб кўрсатса бўлади".

Доллар нархининг бир ҳафта мобайнида тинмасдан ошиши ва 7 мингдан 8000 лик довонга шиддат билан яқинлашиши ўзбекистонликларни умидсизликка туширган. Айримлар шу бугунгача долларнинг қайтиб 7000 сўм бўлишига умид қилиб турганини, энди эса ишонч йўқолганини ёзган.

Доллар нархининг кўтарилишидан кичик тадбиркорлар бошқаларга қараганда кўпроқ зарар кўраётганини ва бу бизнесларнинг тугатилишига олиб бориши мумкинлиги айтилган.

"Ўз бизнесларини шу ўлгурни устига қурганлар, бардам бўлинглар!!! Нимадир қилиш керак, аралашмаса умуман иложиси йўқ. Кичик бизнес қулаяпди", - дея юзланади Twitter фойдаланувчилардан бири.

Сўмнинг қадрсизланиши кундалик ҳаётга қандай таъсир қилаётгани ижтимоий тармоқларда мисоллар билан келган. Айниқса, бу борада Тошкент шаҳрида ижара ҳаққини долларда тўлаётган фуқаролар қийин аҳволга тушиб қолган. Муаммодан чиқиш учун ҳар ким ўз билганича ҳаракат қилмоқда.

"Студентлар битта квартирада 12 киши турибди. Доллар ошганига яна битта одам оламиз дейишмоқда".

Twitter фойдаланувчиси сўмнинг қадрсизланишига чора сифатида хизматлар ва товарлар нархини гўшт қийматига қараб белгилашни таклиф қилади.

"Бу каби ижара борасида биз долларни эмас қўй гўштини эталон қилиб олишимиз керак. 30 кг қўй гўшти бир хонали уйнинг ижара ҳақи".

Ушбу фикрга изоҳ қолдирган бошқа фойдаланувчилар вилоятларда бу тажриба аллақачон йўлга қўйилганини айтишган. Бир қорақолпоғистонликнинг айтишича, тўёналар гўштга ҳисобланиб берилади.

"Бизда тўёналар гўштга хисоблаб берилади, тўёна ёзилган дафтарга реал вақтдаги гўштнинг нархини ёзиб қўясан. Масалан: қўшнининг тўйига 2 кг гўштни пули қариндошникига 3 кгни пули ва хаказо. Ҳаммасининг ўз ставкаси бор", - дейди у.

"Сўмдан воз кечайлик"

Блоггер Санжар Саид мутасаддилар ўзбек сўми қадрини ушлаб туришни эплай олишмаса кучлироқ валютага ўтиш таклифини бериб блогпост ёзган.

У доллар нархининг ошиб бориши муносабати билан Ўзбекистонда расмийларнинг чиқиб тушунтириш бермаётганини савол остига олган.

"Бирор мард иқтисодчи чиқиб нима учун дунёда доллар нархи пастлаётган пайтда Ўзбекистонда унинг қимматлаб бораётгани, бунинг ортида кимнинг ёки кимларнинг манфаати ётганию яқин ва узоқ истиқболда бизни нималар кутаётгани, қора халқ яна нималарга тайёр туриши кераклиги, лозим бўлса доллар нархининг кўтарилиши биз учун яхши бўлиши ҳақида умид берадиган бирор сўз айтмаяпти. Расмийлар эса ҳар доимгидек бепарво, гўёки бизда қора бозор йўқдек", - дейди Санжар Саид.

Блоггер Ўзбекистонда доллар билан ҳисоб-китоб қилинувчи товар ва хизматлар нархига чекловлар жорий этилмаслиги ҳақида сўраган.

"Ахир оддий халқ сўмда даромад кўрса, ойлик-маошлар долларга ўхшаб ҳар куни ёки ҳар ҳафта ошаётгани йўқ-ку", - дейди у.

Санжар Саид агар вазият ўзгармаса, ҳамма нарса долларга қараб баҳоланаверса сўм нима учун кераклигини айтади.

"Агар мутахассисларимиз валютани эпақага келтиришни эплай олмаётган бўлса яхшиси бошқа бирор кучлироқ хориж валютасига ўтиб қўяқолайлик", - дея таклиф беради у.

Блоггернинг фикрини ижтимоий тармоқдаги иқтисодчилар маъқуллашган. Улардан бирининг айтишича, Ўзбекистон иқтисоди шу даражада долларлашганки, бу борада ўйлаб кўриш керак.

"Воз кечиш масаласида фикрида асос йўқ эмас, экономикамиз шу даражада долларлашганки бу ҳақда ўйлаб кўриш керак Зимбабве, масалан, миллий валютасидан воз кечиб, ички тўловларда тўлиқ долларга ўтибгина вазиятни барқарорлаштира олди. Яна қайтараман, чуқур, эркин қулаш даражасида ташлаш керак якорни. Бошқа чора энди бефойда", - дейди у.

Конвертацияни эркинлаштириш сари оғир қадамлар

Ўзбекистон ҳукумати 2016 йилнинг йилнинг ноябр ойида валюта соҳасини эркинлаштириш тўғрисида қонун лойиҳасини муҳокамага қўйди. 14 декабргача таклифлар учун очиқ бўлган қонун лойиҳасидан Ўзбекистонда валюта айирбошлашни эркинлаштириш рўй беришини англаш мумкин.

Ўзбекистонни янада ривожлантириш ҳаракатлар стратегиясида ҳам валюта борасида алоҳида тўхталиб ўтилган ва эркин конвертация ҳақида ёзилган.

"Эркин конвертацияни таъминловчи валютага оид муносабатларни тартибга солиш, миллий валюта курсини шакллантиришда замонавий бозор механизмларни жорий этиш", - дейилади фармон лойиҳасида.

Айни пайтда Ўзбекистон Ишлаб чиқарувчилар ва Тадбиркорлар Палатаси раҳбари Алишер Шайхов мамлакатда валюта ислоҳотига тайёргарликлар кетаётганини айтган.

Унинг Sputnik агентлиги мухбирига айтишича, ҳозирда бозор курсига "қандай ўтиш масаласи" муҳокама қилинмоқда.

"Албатта, бу маълум вақтни талаб қилади, барча рискларни ҳисобга олиш керак", - деган мулозим.

Мутахассислар Ўзбекистонда конвертацияни эркинлаштириш оғриқли бўлиши мумкинлигини айтиб келишади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber да: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг

Бу мавзуда батафсилроқ