ЕТТБ сармоялари ўзбек сўмини қутқара оладими?

Фото муаллифлик ҳуқуқи EBRD
Image caption Сума Чакрабарти Президент Мирзиёев билан музокаралар олиб бориши кутилади.

Европа Тикланиш ва Тараққиёт банки Президенти Сума Чакрабарти бошчилигидаги ҳайъат 15-17 март кунлари Ўзбекистонда бўлади.

Бу ЕТТБ Президентининг охирги қарийб 14 йилда Ўзбекистонга илк сафаридир.

Ташриф чоғида ўзбек расмийлари билан икки томонлама ҳамкорлик масалалари муҳокама этилиши кутилмоқда.

Қароргоҳи Лондонда жойлашган банк Ўзбекистондаги сармоялари, жумладан, тўғридан-тўғри сармоялари ҳажмини кенгайтириш ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ниятида эканини айтган.

Шу ой бошида ЕТТБ Ўзбекистондаги амалиётларини қайта бошлашини маълум қилганди.

Рейтер агентлиги банкнинг Ўзбекистонга қайтишини "ислоҳотчи" Президент Шавкат Мирзиёев учун "ғалаба" деб атаган.

ЕТТБ Ўзбекистонда 1993 йилдан буён фаолият олиб боради, аммо 2010 йилда ўз амалиётларини тўхтатганди.

Ҳозирга қадар ЕТТБ Ўзбекистон иқтисодиётига 894 миллион евро миқдорида сармоя киритган.

ЕТТБ Президентининг ташрифи ўзбек сўмининг кескин қадрсизланиши манзарасида юз бермоқда.

Жорий йилнинг илк икки ойида сўм расман 5.1 фоиз қийматини йўқотган, қора бозорда эса шу ойнинг ўзида 10 фоизга қадрсизланган.

Таҳлилчилар Ўзбекистон иқтисоди тузилмавий ислоҳотларга муҳтож эканини айтиб келадилар.

Ўзбекистондан келаётган сўнгги хабарларга кўра, Тошкент шаҳрида валюта олди-бердиси билан шуғулланувчиларга нисбатан рейдлар бошланган. Гувоҳлар таниқли саррофларнинг қўлига кишан солиб олиб кетилганини кўришган.

Каримовни изза қилган банк

2003 йил май ойида Европада Тикланиш ва Тараққиёт банки Тошкентда ўзининг йиллик йиғинини ўтказган эди.

БМТ Ўзбекистонда қийноқ қўллаш ҳолатлари кенг ва систематик равишда рўй бериши ҳақида ҳисоботини эълон қилар экан, Президент Каримов халқаро босим остида қолган.

Европа Банкининг Тошкентда ўз йиллик йиғинини ўтказиш қарори ҳам халқаро ҳамжамият танқидларига сабаб бўлганди.

Аммо йиғин арафасида Тошкентдаги дипломатик давралар ва халқаро журналистлар орасида гўё Каримовнинг қийноқлар ва инсон ҳуқуқларини поймол қилиш ҳолатлари ҳақида очиқ нутқ сўзлашига доир хабарлар тарқалди.

"Журналистлар ва айрим Ғарб дипломатлари Каримов қийноқ қўлланишини қоралашини кутишганди. Бундай бўлмади. Аммо Буюк Британиядан келган вазир Клэр Шорт Каримовга қаттиқ гапирди. Қийноқларни жиддий қабул қилинг, БМТ маслаҳатларини ҳаётга татбиқ этинг, деди. Ислом Каримовга бу ёқмаганидан қизариб кетгани ёдимда", - деб хотирлайди 2003 йилда Тошкентда кечган Европа банки йиғинида қатнашган журналист.

Британияда чиқадиган Guardian газетаси Каримовнинг ЕТТБнинг босимларига туриб берганини банкни ноқулай аҳволга солиб қўйгани ҳақида ёзган .

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber да: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.