Мирзиёев портали "сеҳрли чироқ" бўлолмади

Шавкат Мирзиёев Фото муаллифлик ҳуқуқи Sputnik

Президент Каримов вафотидан сўнг ҳокимиятни сайловгача бошқариб турган Мирзиёев халқ меҳрини қозониш учун виртуал қабулхона очди. Кўп йиллар давомида шикояти ташлаб қўйилган одамларда портал умид чироғини ёқди. Аммо вақт ўтган сари виртуал қабулхона ҳамманинг ҳам ҳожатини чиқара оладиган "сеҳрли чироқ" эмаслиги ойдинлашмоқда.

Портал иш бошлаб айрим натижалари кўрина бошлаганидан сўнг, одамлар орасида уни барча тилакларни бажарувчи "жин" сифатида қабул қилганлар ҳам бўлди.

Кимдир турмушга чиқиш учун ўзига келишган барно йигит топиш беришни сўраб мурожаат қилган бўлса, яна кимдир бой бўлиш учун маҳалласидаги бошқаларнинг бизнесни унга тортиб олиб беришни сўрарди.

Озми кўпми одамларнинг мурожаатлари қониқтирилди. Бугунги кунга қадар порталга 583 мингдан ортиқ мурожаат бўлди. Президент виртуал қабулхонаси сайтидан маълум бўлишича, мурожаатларнинг 88 фоизи кўриб чиқилган.

Порталда ҳал этилган мурожаатлардан мисоллар дея 28 та мисол келтирилган. 4 ойлик давр ҳисоботига қарасангиз мурожаатларга асосий масъул идора Ички ишлар вазирлиги эканлигини кўришингиз мумкин. Бу ушбу идора фаолиятидан шикоятлар кўплигини англатади.

Бироқ порталнинг бирор жойида неча фоиз мурожаат ижобий ҳал қилингани борасида статистикага кўзингиз тушмайди.

Тошкентдан инсон ҳуқуқлари фаоли Суръат Икромовнинг Би-би-сига айтишича, портал ишга тушган вақти айрим маиший масалалар ижобий ҳал қилинган.

"Ўзимиз маҳалла кўчасида ёритиш учун чироқ йўқлиги борасида мурожаатнинг ижобий ҳал қилинганига гувоҳ бўлдик. Аммо сал кўпроқ ҳаражат талаб қиладиган маҳалла кўчасини таъмирлар борасидаги мурожаат ҳал қилинмади", - дейди у.

Суръат Икромовнинг айтишича, ҳуқуқий масалада ёрдам сўраб мурожаат қилган одамларнинг ишларида ҳеч қандай ўзгариш бўлмаган.

"Портал ҳақида эълон қилишганда ҳуқуқ ҳимоячиси сифатида ишимиз бироз енгил бўлса керак деган ўй йўқ эмас эди. Аммо мурожаатлар ҳал қилинмагандан сўнг умидлар пучга чиқди. Инсон ҳуқуқларининг бузилиши борасида бизга мурожаат қилувчилар кўпаймоқда", - дейди Суръат Икромов.

Ана шулардан бири тошкентлик 67 ёшли Гулчаш Содиқова. Гулчаш опанинг ўғли 2001 йили диний экстремизмда айбланиб 12 йилга қамоқ жазосига ҳукм қилинган. Ўша вақти 23 яшар бўлган ўғли Бахтиёр маҳкама томонидан белгиланган жазо муддатини ўтаб бўлган бўлса-да ҳануз озодликка чиққани йўқ.

2013 йили ички тартибни бузган деган важ билан қамоқ жазоси яна 3 йилга узайтирилган. 16 йил умрини қамоқда ўтказаётган Бахтиёр 2017 йили февралда яна бир ички тартибни бузганликда айбланмоқда.

Содиқованинг куйиниб айтишича, қамоқхона ичида ички тергов кетаяпти ва бу кетишда боласига яна муддат қўшиб берилиши мумкин.

"Портал очилиб, Президентимиз халқ дардини эшитаман деганда роса суюниб кетгандим. Мен ҳам ўғлимнинг ишига эътибор беришларини ва яна муддат қўшиб бермасдан озодликка чиқишида ёрдам беришини сўраб мурожаат қилдим. Лекин ёзган хатимни боламга 2013 йили муддат қўшиб берган Қашқадарё вилоят Косон туман прокуратурасига юборишибди. Прокуратура эса ўша вақти болангизга ҳақли жазо берилган деб мактуб ёзишди. Уларнинг ҳозирги ишга нима алоқаси бор тушунмадим", - дейди Гулчаш Содиқова.

Гулчаш Содиқова фарзандининг қамоқхона тартибини бузганига ишонмайди. Ўғли билан гаплашганда ҳам у ҳам безорилик қилмаганини, диндор бўлгани учунгина унга яна муддат қўшиб беришаётган бўлиши мумкинлигини айтган.

Инсон ҳуқуқлари фаоллари қамоқ жазоси муддатини ўтаб бўлган диндорлар ва сиёсий айблар билан қамалган маҳбусларга бирор айб билан жазо муддатини узайтириш Ўзбекистонда кенг тарқалганини айтишади.

Келаётган хабарларга ишонилса бу борадаги амалиёт Ўзбекистонда Президент алмашганидан сўнг ҳам тугатилгани йўқ.

"Порталга бошқа мурожаат қилмайман"

Президент виртуал қабулхонасига мурожаат қилганлар орасида журналист Бобомурод Абдуллаев ҳам бор. Журналист ўзбек футболида ислоҳотлар қилишни ва танқидий кўрсатувлари учун "Спорт" каналидан ишдан олингани айтиладиган икки журналист Имомхўжаевларни ортга қайтаришни сўраган.

"Мурожаатимдан сўнг мени ўша вақтдаги Спорт ва Маданият вазири ўринбосари Мурод Алиев қабул қилди. Аризангизда ёзган масалалар бўйича янги йилдан кейин ўзгаришлар бўлади. Айтган журналистларингизни ҳам қайтаришга ҳаракат қиламиз деди. Лекин аризамда ёзилган бирорта сўровим амалга ошмади", дейди Бобомурод Абдулла.

Журналистнинг айтишича, порталга қилинаётган айрим мурожаатлар ўз ечимини топмоқда. Аммо бундай сўровларнинг аксарияти маиший масалаларда ва бир кишиининг манфаати учун ёзилган.

Кимнингдир томи ёпиб бериляпти, қаергадир асфальт ётқизилаяпти. Бироқ ислоҳот қилиниши тўғрисидаги мурожаатлар шундайлигича қолиб кетмоқда. Унга кўра, жамиятда бирор нарса ўзгариши учун аввало одамларнинг ўзи бу нарсани кўпроқ исташи керак.

Журналист энди порталга мурожаат қилмаслигини айтади.

У порталга ёзишдан олдин мурожаати ўрганиб чиқилиб амалий ишларга қўл урилишини, футбол соҳасида кенг миқёсли ислоҳотлар бўлишини кутган. Бироқ вазир ўринбосари билан суҳбатда кўп нарса ўзгармаслиги аён бўлган.

Вазир ўринбосари Мурод Алиев журналист билан учрашув давомида Ўзбекистони Футбол Федерацияси бошлиғи Мирабарор Усмонов катта одам эканлигини, унга бирор гап гапиришга ожиз эканлигини айтган.

"Алиев Мираброр Усмоновга қарши гапира олмайди. Мираброр ака кучли, унга бир нима деб бўлмайди, деди менга. У кишининг ёши катта, ўша соҳада кўп иш қилган, ундан ёш бўлиб нима дея оламан, деган гапни қилди", - дейди Бобомурод Абдулла.

Виртуал қабулхонага қилинаётган мурожаатлар орасида футбол соҳасида ислоҳотлар сўраб қилинганлари салмоқли рақамни ташкил қилиши айтилади. Бироқ ушбу мурожаатларнинг аксари ислоҳ қилинишга муҳтож бўлган Ўзбекистон Футбол Федерациясининг ўзига юборилади.

Порталга ёзсанг қамаласанми?

Инсон ҳуқуқлари фаолларининг айтишича, Президент виртуал қабулхонасига ёзилган кўплаб мурожаатлар маҳаллий органларга, кўп ҳолларда ариза қилинган ташкилотга юборилмоқда.

Маҳаллий ҳокимиятлар масалаларни имкон даражасида ечишга ҳаракат қилаяпти, аммо уларнинг ҳам имконияти ва маблағи тежалгани боис ва бошқа сабаблар билан шикоят қилувчилардан тушунтириш хати олиш билан чекланмоқда.

Айрим ҳолатларда ушбу тушунтириш хатлари босим ва қўрқитиш билан ёзиб олинаётгани айтилади.

Сурхондарёлик суҳбатдошимизнинг айтишича, ноқонуний, коррупция аралашуви билан олиб қўйилган ер муаммоси ҳақида порталга ёзилган. Виртуал қабулхона муаммони ҳал қилиш учун маҳаллий ҳокимиятга юборган. Маҳаллий мулозимлар ариза ёзувчиларга "ёлғон маълумот тарқатиш" айбини қўйиб пуллик жаримага тортган.

Виртуал қабулхонага мурожаат қилиб оғзи куйганларнинг ичида тошкентлик тадбиркор Олим Сулаймонов анча машҳур.

Фото муаллифлик ҳуқуқи YouTube
Image caption Тадбиркор Сулаймонов Мирзиёевга видео мурожаати билан танилганди

Сулаймонов вақтинчалик Президентнинг халқ дардини эшитиш компанияси энди бошланган вақти, Мирзиёевга видео мурожаат билан чиқди.

Ижтимоий тармоқларнинг юлдузига айланиб кетган тадбиркорни "Ўзбекистон" телевидениеси кўрсатувда иштирок этиш учун чақирди.

Шикоят қилувчи тадбиркорнинг марказий телеканалларга ўз дардини айтиш учун чақирилиши Каримов даврида тасаввур қилиб бўлинмас ҳолат эди.

Сулаймонов ишига марказий ТВнинг эътибор қаратиши, одамларда ислоҳотлар ўтказилишига ва ижобий ўзгаришлар вақти яқин эканлиги борасида умидлар уйғотганди.

Бироқ орадан кўп ўтмасдан тадбиркор фирибгарлик, туҳмат қилганлик ва уйдирма гапларни оммавий ахборот воситаларига тарқатишда айбланиб ҳибсга олинди.

Кузатувчилар Мирзиёев бошлаган халқ дардини эшитиш ва уни ечиш ташаббуси сиёсий ислоҳотлар бўлмагани сабаб тўлиқ ишламаётганини айтишади.

Мирзиёев халқни ҳимоя қилиш ҳақида гапираркан, унинг қўл остидаги мулозимлар эски даврдагидек шикоят қилувчи билан шуғулланишда давом этмоқда.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber да: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.

Бу мавзуда батафсилроқ