Президент Мирзиёев ўзига матбуот котиби тайинлади

Фото муаллифлик ҳуқуқи Gazeta.uz

Президент Шавкат Мирзиёев ўзига матбуот котиби тайинлаган.

Асад Ходжаевнинг ушбу лавозимга тайинлангани ҳақида Ўзбекистондаги қатор нашрлар ҳукуматдаги манбаъларига таяниб хабар бермоқда.

Бироқ ушбу хабарни чоп этган kun.uz, daryo.uz ва nuz.uz сайтлари уни ўз саҳифаларидан олиб ташлаган. Gazeta.uz да хабар турибди.

Бу ҳақдаги Президент фармони ҳозирча ҳеч қаерда эълон қилинмаган.

Би-би-си манбаълари Ходжаевнинг матбуот котиби этиб тайинланганини тасдиқлади.

У марҳум президент Ислом Каримовнинг сўнгги матбуот котиби Аваз Ҳожиметовнинг ўрнини эгаллайди.

Асли касби дипломат бўлган Ҳожиметовнинг қайси лавозимга ўтказилгани маълум эмас.

Хабар қилинишича, Ходжаев бундан аввал Президент ҳузуридаги Миллий Хавфсизлик Кенгашида масъул лавозимда ишлаган.

У шунингдек, Интеллектуал мулкни ҳимоя қилиш агентлиги ҳамда "Ўзбекистон почтаси" бош директорининг ўринбосари вазифаларини бажарган.

Асли касби алоқа муҳандиси.

Ўзбекистонда Президентнинг матбуот котиби давлат раҳбари номидан баёнотлар қилиши одатга айланмаган.

Мамлакат тарихида фақат бир марта, 2005 йилда марҳум Алишер Азизхўжаев матбуот котиби лавозимига тайинланган пайт бу ҳақдаги Президенть фармони матбуотда эълон қилинганди.

Президент Мирзиёевнинг давлат идораларини жамоатчилик ва халққа очиш сиёсатига қарамай, ҳозирча матбуот хизматлари журналистлар учун ёпиқлигича қолмоқда.

Ўзбекистондаги ҳокимият ўзгаришидан буён на Президент ва на Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизматлари бирон муҳим баёнот бермаган.

Мамлакат ичкарисидаги мустақил журналистлар Ходжаевнинг тайинланиши билан бу вазиятнинг ўзгаришига шубҳа билан қарашмоқда.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber да: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.