Ўзбекистоннинг собиқ раҳбари Усмонхўжаев вафот этди

  • 17 Март 2017
Image caption Усмонхўжаев 1983 йилдан 1988 йилгача Ўзбекистоннинг биринчи раҳбари лавозимида ишлаган

Ўзбекистоннинг шўро давридаги сўнгги раҳбарларидан Иномжон Бузрукович Усмонхўжаев 87 ёшида Фарғонадаги уйида оламдан ўтган.

Бу ҳақда фарғоналик инсон ҳақлари фаоли Абдусалом Эргашев Фэйсбукдаги саҳифасида маълум қилди.

Ўтган йил ноябрида Ўзбекистон Олий Суди Ўзбекистон Коммунистик партияси Марказий Қўмитасининг собиқ биринчи котибини реабилитация қилиш тўғрисида қарор чиқарган.

Буни Усмонхўжаевнинг ўзи Би-би-си билан суҳбатда тасдиқлаганди.

Иномжон Усмонхўжаев билан суҳбатни Youtube каналимизда томоша қилинг

Қарорда айтилишича, СССР Олий Суди жиноят ишлар бўйича судлов коллегиясининг 1989 йил 27 декабрда чиқарган Иномхон Бузрукхўжаевич Усмонхўжаевга оид ҳукми бекор қилиниб, жиноят иши Ўзбекистон Жиноят кодексининг 83 -моддаси 1-бандига асосан тугатилган.

Иномжон Усмонхўжаевнинг Фарғонадаги манзилига йўлланган расмий мактубга 2016 йил 18 ноябр санаси қўйилган.

Усмонхўжаев 1983 йилдан 1988 йилгача Ўзбекистоннинг биринчи раҳбари лавозимида ишлаган.

У "пахта иши"да айбланиб, 1988 йил 12 январида Ўзбекистон Компартияси Марказий Қўмитасининг биринчи котиби лавозимидан бўшатилган ва 1989 йил 27 декабрида 12 йилга озодликдан маҳрум этилган.

1990 йилда қамоқдан озод этилган.

86 ёшли Иномжон Усмонхўжаев Би-би-си билан қисқа мулоқотида 25 йил муқаддам соғлиги туфайли қамоқдан озод этилгани, аммо ҳозирга қадар оқланмаганини айтган.

Ўзининг сўзларига кўра, у охирги 25 йилда Фарғонадаги ота уйида қарилик нафақасига яшаб келган.

Маълум бўлишича, Иномжон Усмонхўжаев марҳум президент Ислом Каримов даврида ўзининг оқланишини сўраб, кўп бор мурожаат этган, аммо унинг аризалари жавобсиз қолдирилган.

У сўнгги бор 2016 йил сентябрида Президент аппаратига мурожаат қилган ва Олий Суддан оқлангани ҳақида жавоб олган.

Би-би-си билан суҳбатда у Президент этиб сайланган Шавкат Мирзиёевдан миннатдорлигини айтганди.

Иномжон Усмонхўжаевнинг жанозаси жума куни Фарғонадаги Ёрмозор ҳудудидаги масжидда ўқилиб, шу ерда дафн этилиши айтилган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook - BBC UZBEK

Google+BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - uzbekbbclondon

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг