"Москвадаги ўзбек журналистига таъқиб тўхтатилсин!"

Фото муаллифлик ҳуқуқи Ali feruz
Image caption "Новая газета" ишонишича, Али Феруз Ўзбекистон томонининг талаби билан ҳибсга олинган

Россия президентининг девони биноси қаршисида "Новая газета"нинг ўзбекистонлик мухбири Али Ферузга қарши таъқибларни тўхтатиш талаби билан норозилик намойишлари ўтказилмоқда.

Асли исми Худойберди Нурматов бўлган журналист 16 март куни эрталаб миграция қоидаларини бузганликда айбланиб қўлга олинганди. Бир неча соат ҳибсхонада ушлангач, соғлиги ёмонлашиши туфайли у касалхонага ётқизилган.

Сўнгра у судгача озод қилинди.

Норозилик намойишида 10 одам қатнашган. Намойишчилар журналистга нисбатан босимлар тўхтатилишини сўрашяпти.

"Новая газета" хабарига кўра, асли қўқонлик Али Ферузнинг паспорти 2012 йилда ўғирланган.

Аммо, у Ўзбекистонга қайтса террорчи ташкилотлар билан ҳамкорликда айбланиши ва қамалишидан қўрқиб, Россия ҳукуматидан вақтинчалик бошпана сўраган.

Россия томони унинг аризасини рад қилган, бироқ сўнгра суд бу раддияни бекор қилган.

Amnesty International Али Ферузга зудлик билан сиёсий бошпана берилишини расмий Москвадан сўради.

"Россия ҳукумати, ниҳоят, халқаро мажбуриятларини ҳурмат қилиши ва Ўзбекистонга бошпана изловчиларни мажбуран қайтаришдек тажрибадан воз кечишини намоён қилиши керак", - деди Москвадаги Amnesty International ваколатхонаси раҳбари Сергей Никитин.

"Новая газета" ишонишича, Али Феруз Ўзбекистон томонининг талаби билан ҳибсга олинган.

Унинг ўзи айтишича, уни Ўзбекистонда хавфсизлик хизматлари ишга ёллашга уринганида мамлакатни тарк этган.

Ҳозирги вақтда Али Ферузнинг Россияда қолиш ҳуқуқи бор, чунки, унинг муҳарририга кўра, Ички ишлар вазирлиги унинг бошпана аризасини рад этиш қарори бекор қилинганини маълум қилган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber да: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг

Алоқадор мавзулар