Россия: Мингдан ортиқ мигрант Ҳажга бора олиши мумкин

Мигрантлар Фото муаллифлик ҳуқуқи COURTESY

Россия Муфтийлар Кенгаши раиси муовини билдиришича, Саудия Арабистони ўзларининг сўровларига ижобий жавоб берган.

Дастлабки келишувга асосан, Россияга берилган квотадан 5 фоизининг мигрантларга ажратилишига рози бўлган.

Саудия Арабистони томонидан бу йил Россияга қайта оширилган квота берилган.

Унга мувофиқ, Россиядан 20500 мусулмоннинг Ҳажга бора олиши маълум бўлган.

Рушан Аббясовнинг айтишича, кўзда тутилган 5 фоизлик квота асосида бир мингдан ошиқ марказий осиёлик меҳнат муҳожири Саудия Арабистонига бора олади.

Тафсилотлари видеолавҳамизда - назардан қочирманг.

Уларнинг сафарлари ҳам Умра ва ҳам Ҳаж зиёратини кўзда тутади.

Аммо Россия Муфтийлар Кенгаши раиси муовинига кўра, бўлажак зиёратчилар мигрантлар орасидан жуда диққат билан танлаб олинади.

Россияда яшаш ҳуқуқига эга, доимий қайдда турган ва қўлида ўз давлатининг хорижий паспорти бўлган марказий осиёлик меҳнат муҳожирларигина бу квота асосида зиёратга бора олишади.

Бундан ташқари, мигрантларнинг қолиб кетиш мақсадида Саудия Арабистонини кўзламаётганликларига ишончлари комил бўлиши керак бўлади.

Шу боис ҳам, улар орасидан бўлажак зиёратчиларни саралаш масаласига ўта эҳтиёткорлик билан ёндашилади.

Бу жараёнда муфтиятларнинг тавсиялари ҳам инобатга олинади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Thinkstock

Мигрантларнинг холис ниятда эканликлари чуқур ўрганилади, сайёҳлик ширкатлари эса, Россия Муфтийлар Кенгашининг тавсияси асосида иш олиб боришади.

Рушан Аббясовнинг айтишича, бу каби тажриба мусулмон давлатларида кенг тарқалган.

Россиядаги мусулмон меҳнат муҳожирлари эса, Умра ва ёки Ҳаж зиёратини адо этишларига рухсат беришлари учун ўзларига бир эмас, кўп бор мурожаат этишган.

Россияда ҳозир 6 миллион атрофида марказий осиёлик меҳнат муҳожирининг борлиги тахмин этилади.

Бу йил Саудия Арабистони Ўзбекистонга ҳам оширилган миқдорда квота берган.

Унга мувофиқ, 7200 нафар ўзбекистонлик мусулмоннинг Ҳаж зиёратини адо эта олишлари мумкин бўлган.

Бунгача бу рақам 5 минг кишидан сал ортиқроқни ташкил этиб келган.

Ҳаж зиёрати учун навбатнинг йилларга чўзилиши, таниш-билишчилик ва айрим ҳолларда порахўрлик ҳолларининг ҳам мавжудлигига оид шикоятлар эса, ўзбекистонликлар орасида ортиқ янгилик бўлмай қолган.

Ҳар йили Ҳаж зиёратини адо этадиган мусулмонлар сони бутун дунё бўйлаб 3 миллиондан ортиқ кишини ташкил этади.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг